Мактаб ёшидаги болаларда идрокнинг ўсиши
Мактаб ёшидаги болаларда идрокнинг ҳамма турлари, асосан, таълим ва тарбия туфайли мазмун, аниқлик, равшанлик жиҳатдан кўп даража такомиллашади.
Таълим ва тарбия жараёнида болаларда ихтиёрий идрок ва кузата билиш қобилияти ўсади. Кузата билиш муваффақиятли ўқиш учун зарур шартлардан биридир. Ўқувчиларда кузата билиш қобилияти уларнинг тафаккури, иродаси, қизиқиш - ҳаваслари билан биргаликда ўсиб боради. Кузатиш объектларини танлашда ўқувчиларнинг ўзлари ташаббус кўрсата бошлайдилар. Ўқувчилар ўз идрокларини мустақил идора қила оладилар. Аммо ҳамма бошқа ихтиёрсиз - жараёнлар сингари, ихтиёрсиз идрок ҳам мактаб ёшидаги болаларда ҳали кўп учрайди. Шунинг учун ҳам ўқувчиларга бериладиган материал, улар томонидан ихтиёрсиз ва ихтиёрий идрок қилишини мўлжаллаб берилмоғи керак.
Фазо тасаввурлари ҳам мактаб ёшида анча такомиллашган бўлади. Жумладан, ўқувчиларда кўз билан чамалаш қобилияти анча тараққий қилган бўлади. Бошланғич мактаб ўқувчилари энди бу чоғда катта ёшдаги одамлардан деярли қолишмасдан, тўғри чизиқни кўз билан чамалаб икки тенг бўлакка бўла оладилар, нарса ва чизиқларни катта-кичиклик даражасига қараб таққослай оладилар, нарсаларнинг фазода турган ўрнини булардан қайси бири яқинрок ёки узоқроқ, қайси бири баландроқ ёки пастроқ жойлашганини таҳминан тўғри белгилай оладилар. IV–V синф ўқувчилари идрок қилинаётган масофани кўз билан чамалаб, шу масофани босиб ўтиш учун талаб қилинадиган вақтни ҳам таҳминан ҳисоблаб оладиган бўладилар.
Таълим ва тарбия жараёнида ўқувчиларнинг кўз билан чамалаш ҳамда нарсаларнинг шакли ва катта-кичиклигини ажрата билиш қобилиятининг яна яхшироқ ўсишига жисмоний тарбия, чизмачилик, расм, геометрия, физика дарслари билан шуғулланиш, шунингдек, география карталари ва ўлчов асбобларидан фойдаланиш катта ёрдам беради. Катта масофаларни кўз билан чамалаш қобилиятининг ўсишга экскурсиялар, сайрга чиқишлар, катталар билан биргаликда дала ва бошқа ерларда меҳнатга иштирок қилиш ёрдам беради.
Мактаб ёшида вақтни идрок қилиш ҳам такомиллашади. Ўқувчилар вақтнинг, ҳозирги пайтнинг «тез» ёки «секин» ўтаётганини аниқ сезадилар. V-VI синф ўқувчилари, катта ёшдаги одамлар сингари, икки минут, ўн минут, бир соат, уч соат ва шу каби вақтларнинг ўтишини таҳминан айта оладилар.
Ўқувчиларда вақтни яна аниқроқ идрок қилиш қобилияти, асосан, мактабда ўқиш машғулотлари тўғри уюштирилишига, машғулотларни муайян вақтга қараб тақсимланиши ва вазифаларни маълум бир ўқув соати (45 минут) ичида тамом қилиш талабига боғлиқ ҳолда ўсиб боради. Ўқувчиларнинг ўзлари ҳам мустақил суратда бажаришлари лозим бўлган турли дарсларини тайёрлаш учун вазиятни ҳар бир фанга тақсимлаб чиқишга мажбур бўладилар. Дарсга кеч қолмасдан мактабга бориб етиш тўғрисида ғамҳўрлик ўқувчилардан вақтнинг ўтишига эътибор беришни талаб этади. Ўқувчилар маълум бир ишни бажариш учун лозим бўлган озми-кўп муддатни фикрда ҳисоблаб чиқишга мажбур бўладилар. Вақт ўлчовларини ўрганиш, доимо соатдан фойдаланиш ҳам вақтни аниқ ва тўғри идрок қилиш қобилиятини ўстиради.
Катта ёшдаги одамлар сингари, мактаб болалари ҳам суратда тасвирланган воқеа ва ҳаракатни тўғри кўра ва тушуна оладилар. Тўққиз-ўн бир яшар болалар нарсаларнинг фазода тутган ўрнини ва уларнииг бир-бирига нисбатларини ўз расмларида тўғри тасвирлай оладиган бўладилар.
Мактаб болалари мураккаб музика асарларини завқ билан тинглайдилар, улар тон ва ярим тон каби оҳангларни ажрата оладилар, мактаб хорида иштирок қиладилар ва ҳар хил чолғу асбобларида чалишни ўрганадилар.
Ёшлар – ўғил ва қиз болалар – мураккаб музика асарларини эшитиш, бадиий расмлар кўриш билан шу асарларнинг ғоявий маъносига ҳам тушунадиган бўладилар.
Идрок қобилияти болалар улғайиб, анча вояга етиб қолган даврларда янада ўсиб боради. Ўқиш ва меҳнат жараёнида ўсмир ва ёшларда муайян идрок объектлари устида ўз диққатларини анча узоқ вақтгача тўплаб туриш, мураккаб комплексли объектлардан назарий ва амалий мақсадларга қараб муҳим ва зарурларини ажрата билиш қобилияти ҳосил бўлади ва мустаҳкамланиб боради. Юқори синф ўқувчилари энди шу ёшда табиат ва жамият ҳаётига доир ҳодисалар устида илмий йўсиндаги кузатишлар олиб бора оладилар.
ХОТИРА
Do'stlaringiz bilan baham: |