СУБЪЕКТ ВА ОБЪЕКТ (лотин. subjectus – эга, objectum – предмет, ҳодиса) – фалсафий категориялар бўлиб, улар инсоннинг амалий ва билиш фаолиятини изоҳлаш учун хизмат қилади. С.нинг объектив борлиқ билан ўзаро таъсири, муайян ижтимоий муносабатлар системасида, маълум ижтимоий функцияларни бажараётган (ишлаб чиқариш, иқтисодий ва б. функциялар) алоҳида шахслар, ижтимоий гуруҳлар орқали амалга ошади. Мана шу ижтимоий муносабатлар эса с.нинг нуқтаи назарини белгилайди, яъни с. жамиятдаги воқеа ва ҳодисаларга, ўзининг шахсий, гуруҳий, синфий манфаатлари, талаблари, мақсадлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда баҳо беради.
С. онгли равишда объектив борлиқни билиш ва уни мақсадга мувофиқ ўзгартириш учун фаол ҳаракат қилувчи, муайян моддий система сифатида тушунилади. С. деганда, объектив борлиқ билан ўзаро таъсирда бўлиб, уни ўрганиб ўзгартирувчи инсон ва бутун жамият ҳам тушунилади. Жамият ўз навбатида муайян ўзаро алоқадорлик ва боғланишда бўлган одамларнинг ижтимоий муносабатлари системаи, ижтимоий гуруҳларнинг мажмуасидан иборатдир. Шу боис ҳам с.нинг реал объект билан ўзаро таъсири, одамлар маълум ижтимоий функцияларни бажарувчи алоҳида кишилар орқали амалга ошади.
Амалиёт жараёнида с. объектни ўзгартириб, уни инсоннинг мақсадларига мувофиқлаштиради. Шу билан бирга инсоннинг ўзи хам ўзгаради, унда янги эҳтиёжлар ва мақсадлар пайдо бўлади, у табиат ҳодисалари билан бирга ўзи яратган нарсалар билан ҳам янги муносабатларга киришади.
СУФИЙЛИК (араб. "суф" – жун) – ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг доирасида Қуръон ва ҳадисга мос равишда шаклланган таълимот. VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. С. мусулмон мамлакатларидаги халқларнинг диний йўналишдаги ижтимоий-фалсафий, маданий-маънавий ҳаётида кенг тарқалган мураккаб ҳамда ички зиддиятларга тўла ғоявий оқим.
Суфий сўзи арабча "суф" сўзидан ҳосил бўлган, унинг луғавий маъноси – жундан тўқилган оддий ва дағал матодир. Суфийлар одатда устиларига ана шундай жун матони ташлаб олардилар. Чин суфийлар ўзликдан ва фоний дунёдан кечган зотлар бўлиб, бундай ҳолат уларни бу дунё ғалваларидан озод этарди. Уларни халқ азиз-авлиё, назарли кишилар сифатида алоҳида эъзозлаган. Уларнинг сўзи ва ҳаракати, хислати ва ахлоқи ҳаммага ибрат қилиб кўрсатилган. Суфий ва дарвишлар ҳақиқатан ҳам катта нуфуз ва обрўга эга бўлганлар. Фақат шайхларнигина эмас қаландар, "девоналар"ва дарвешларни ҳам одамлар ҳурмат қилганлар.
С. ва дарвешлик ҳаракати бирданига юзага келган ҳаракат бўлмай узоқ тарихга эга. Суфийшунослар бу диний оқим тарихини дастлаб икки даврга ажратадилар: биринчиси – зоҳидлик даври, иккинчиси – орифлик ва ошиқлик даври. Улар суфийларнинг ўзини ҳам ориф сўфийлар, зоҳид сўфийлар, фақир сўфийлар, файласуф сўфийларга ажратадилар.
XIII – XIV асрлар с. таълимоти учун маҳсулдор давр бўлди. Бу даврга келиб с. ҳам назарий, ҳам амалий ҳаракатчилик нуқтаи назаридан, ўзининг юксак чўққисига кўтарилган эди. Яҳъё Сухравардий, Нажмиддин Кубро сингари мутафаккир шайхлар, Фаридиддин Аттор, Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий каби сўфий шоирлар с. илми доирасини кенгайтирдилар, уни фалсафий мушоҳада ва ҳикмат билан бойитдилар. С. Шарқ кишисининг тафаккур тарзи ва ахлоқий меъёрини белгилайдиган ижтимоий ҳодисага айланди. Унга кўра, ўзининг бутун фикри-зикрини Оллоҳ таолонинг висолига етишишга бағишлаган, ўз кучи ва пешона тери, ҳалол меҳнати билан кун кечирадиган, бунинг учун ҳормай-толмай меҳнат қилувчи, ҳар томонлама камолотга эришган инсонларгина аҳли тасаввуф, деб аталиши мумкин. Абдулҳолиқ Ғиждувоний ҳам с.нинг йирик вакилларидан бўлган.
Шўролар даврида с. ҳар жиҳатдан фалсафа фанининг эътиборидан четга сурилди, қораланди, шу сабабли унинг моҳияти очилмай қолди.
С. мусулмон Шарқи мамлакатлари ижтимоий ва маънавий ҳаётига чуқур кириб бориб, фан, маданият ва адабиёт ривожига катта таъсир кўрсатди. Инсоният яратган маънавий маданиятни бир бутун система десак, с. шу системанинг, бир бутунликнинг муҳим узвий бўлагидир. Ўзбекистон бу таълимотнинг ҳар томонлама ўрганилишини таъмин этмоқда, с.нинг фалсафа тарихидаги, инсоният маънавий меросидаги муносиб ўрнини белгилашга шарт-шароитлар яратмоқда.
Аммо, Ўзбекистон файласуфлари бу улкан ишнинг бошланиш қисмида турибдилар яъни биз истибдод йилларида тақиқ ва танбех остида бўлган фалсафий таълимотларни ўрганмоқдамиз, уларни ҳайрат ва мароқ билан ўқимоқдамиз, ўтмишимиз нақадар бой ва мазмунли бўлганини кўрмоқдамиз. С. жамиятнинг маънавий тараққиётида мавжудликнинг маъносини аниқлашда ва тушунишда муҳим таълимотлардан бири бўлган. Уни ўрганиш, тадқиқ этиш ва билиш ҳар биримизнинг тафаккур доирамизни кенгайтиради, инсон онгининг янги қирралари ва имкониятларини очади.
СОКРАТ – (эрамиздан олдинги 469 – 399) – юнон файласуфи , диалектиканинг асосчиларидан бири. С. диалектикани саволлар асосида ҳақиқатни излаш методи деб тушунган. Бу – сократча метод, деб ҳам аталган.
С. Афинада истиқомат қилган ва дарс берган, унинг дарсларини кўп шогирдлари: Платон, Антисфен, Аристипп, мегаралик Эвклид тинглаганлар. С. ҳеч қандай асар ёзиб қолдирмаган. У ўз таълимотини оғзаки баён қилган. С. таълимотининг мазмуни унинг шогирдлари Платон ва Аристотелнинг асарларида баён этилган. С. таълимотига кўра, фалсафанинг мақсади ўз–ўзини билиш бўлиб, бу эса чин эзгуликка эришиш йўлидир. Эзгулик билим ёки донолик демак. Унингча оламнинг тузилишини, нарсаларнинг физик табиатини билиб бўлмайди, биз фақат ўз-ўзимизни билишимиз мумкин. Билиш предметини бундай тушунишни С. "Ўз – ўзингни бил", деган тезис билан ифодалаган. Билимнинг олий вазифаси назарий эмас, балки амалий вазифадан – яшамоқ санъатидан иборат. С.нинг фикрича билим умумийлик ҳақидаги фикр тушунчадир. Тушунчалар таърифлар орқали очилади, индукция орқали умумлаштирилади. С.нинг ўзи ахлоқ-одоб тушунчаларини таърифлаш ва умумлаштириш намуналарини берган (мас., шафқат, адолат). Тушунчани таърифлашдан олдин суҳбат келади, бу суҳбат давомида, ҳамсуҳбатга кетма-кет берилган бир қанча саволлар билан зиддиятлар фош этилади. Зиддиятлар очилиши билан сохта билим бартараф қилинади, бунда ақлда бўладиган нотинчлик эса фикрни, чин ҳақиқатни излаб топишга ундайди.
Ўз тадқиқот усулларни С. "доялик санъати"(юнон.майевтика) билан таққосларди. Унинг ақидавий саволларга танқидий қарашни назарда тутадиган саволлар методи сукротча "киноя", деб ном олган. С.нинг ахлоқи рационалистик ахлоқдир. С.нинг фикрича қилиқлар фақат билмасликдан келиб чиқади ва ҳеч ким ўз ҳоҳиши билан ёмон бўлмайди. С. "Янги худоларга сажда қилиш" ва "ёшларни йўлдан оздириш"да айбланиб, ўлимга ҳукм этилган (сассиалаф заҳари ичирилган). Суқрот кейинги даврлар учун донишманд тимсоли бўлиб қолган ва унинг номи билан боғлиқ бир неча мактаблар ташкил топган. Бинобарин, эрамиздан олдинги IV асрда С.нинг шогирдлари ва издошлари томонидан шакллантирилган юнон фалсафий мактаблари: Платон академияси, Мегар мактаби, Элида – эретрея мактаби, Керена мактаби ва киниклар ана шулар жумласидандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |