ТЕХНОКРАТИЯ (юнон.–– technike – маҳорат, санъат, kratos – хокимият, хукмронлик) – жамиятда техника мутахассислари ўрни ва аҳамиятини борган сари ошиб бораётганлиги, бунинг зарурлиги ва муқаррарлигини асословчи ижтимоий-фалсафий ва иқтисодий концепция. Технократия назарияси тарафдорларининг фикрича, давлатдаги иқтисодий ва сиёсий ҳокимият технократлар инженерлар, менежмендлар, ишлаб чиқариш ташкилотлари назорати остида бўлиши керак.
Т. ғояси дастлаб, ХХ асрнинг 20 – й.ларида Т.Веблен асарларида илгари сурилди. Унинг фикрича, техника мутахассислари саноат ва ижтимоий тараққиётнинг илгари сурувчилари бўлиб, келажакда улар саноатда етакчи ўринларни эгаллашлари керак. Кейинчалик, т. концепцияси А.Берл, А.Фриш асарларида ривожлантирилди. 1941 й.да Дж.Бернхейм ўзининг «Менеджерлар инқилоби» асарида менеджерлар (бошқарувчилар) бир қанча мамлакатларда «технологик инқилоб» натижасида ҳақиқий кучга айланиб, эндиликда капитализм ўрнига социализм эмас, балки «бошқарувчилар жамияти» келаётганлигини алоҳида уқтириб ўтади. Бу назария Дж.Г.Гелбрейтнинг «Янги индустриал жамият» (1969, русча нашри), «Иқтисодий назариялар ва жамият мақсади»(1976) номли асарларида ҳар томонлама ишлаб чиқилди ва давлат капитализмининг ҳ. босқичида технократик система шаклланаётганини исбот қилиб берилди.
Ҳозирги босқичда барча ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларнинг компьютерлашуви, информацион инфраструктура ва технологияларнинг бутун дунёда кенг қулоч ёйиши натижасида технократия назарияси ва технократларнинг аҳамияти ҳамда таъсири ошмоқда. Бу шароитда техника мутахассисларининг эксперт ва маслаҳатчилар сифатидаги аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. Ҳозир ката-катта лойиҳалар ҳар томонлама текширув ҳамда техника экспертисиз қабул қилинмайди ва амалга оширилмайди.
ТИПОЛОГИЯ (тиклаш назарияси) – илмий билиш методи бўлиб, умумлашган, идеаллашган модел ёки тип ёрдамида объектларни системалар орқали фарқлаш ва гуруҳларга бўлиш, изоҳлаш ва қиёслашдир. Т. муаммолари барча фанларда мавжуд бўлиб, хилма-хил кўплаб объектлар билан муносабатда бўлади ва бу кўпликни тартибли таърифлаш ҳамда изоҳлаш вазифасини бажаради. Т. ўрганилаётган объектларни ўхшаш томонларини аниқлаш ва фарқли томонларини ўрганиш, ўхшашликнинг ишончли усулларини излаш, назарий мукаммал шаклда тадқиқот системаининг тузилишини тасвирлаш, ҳозирча ноаниқ объектлар мавжудлигини башорат қилиш, унинг қонуниятларини аниқлашга интилади.
Т. тузилиш жиҳатидан эмпирик ва назарий типологияга бўлинади. Биринчисининг асосида тажрибадан олинган билимларни умумлаштириш, индуктив метод билан аниқланган барқарор, ўхшаш ва фарқли белгиларин эътироф этиш, олинган билимларни бир системага солиш ва изоҳлаб бериш ётади. Назарий т. одатда системани ташкил қилувчи алоқаларни аниқлаш, объектни, унинг тузилиши даражалари ҳақидаги тасаввурлар билан боғлиқ бўлган система сифатида тушунишга таянади.
Бундай т. объектни тушунтириш ва унинг назариясини яратишнинг асосий воситаларидан биридир.
Т.нинг илмий билишда қўлланиладиган турли шакллари мавжуд. Булардан морфологик т. қандайдир, ўзгармас "архетип"ли тузилиш режасини излашга қаратилган бўлиб, у биологик тадқиқотларда кенг қўлланилади.
Илмий билишда тарихий ёндашишнинг тан олиниши билан биргаликда қиёсий-тарихий т. шаклланган бўлиб, унинг мақсади система тараққиётини ёритишга қаратилган. У биологияда филогенетик система, тилшуносликда ҳиндоврупа тиллари генеологик йўналишининг яратувчи сифатида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |