ТИЛ ФАЛСАФАСИ – тилни келиб чиқиши, моҳияти, кишилик жамияти ва маданият ривожидаги функциялари нуқтаи назаридан тадқиқ этиш билан шуғулланувчи фалсафанинг бир бўлимидир.
Т.ф. тил, борлиқ (реаллик, воқелик, олам) ва тафаккур ўртасидаги ўзаро муносабатлар, шунингдек бу муносабатларни ифодаловчи ва изоҳловчи назарий-методологик билимларни ўрганишга йўналтирилган тадқиқотларнинг кенг соҳасини ўзига қамраб олади. Бу соҳалар – тил, борлиқ ва тафаккур – 1) мустақил ва бир-бирига қарам бўлмаган, 2) бир-бирига қисман ўхшаган ёки 3) бир-биридан умуман фарқ қилмайдиган турлича лингвофалсафий концепциялар сифатида талқин қилиниши мумкин. Масалан, т.ф. да мустақил ибтидо сифатида борлиқ ўрганилиши мумкин, тил ва тафаккур эса борлиққа қарама-қарши, уларни (яъни тил ва тафаккурни) вужудга келтирувчи онгнинг кўриниши сифатида талқин қилиниши мумкин. Бундай ҳолатда т.ф.нинг вазифаси борлиқ ва онг ўртасидаги нисбатни унинг тилдаги ифодасида аниқлашдир.
Замонавий гуманитар тафаккурда т.ф. энг умумий кўринишда “фалсафий қоидалар тилнинг энг умумий қонунларини тушунтириш учун, тилнинг асослари эса ўз навбатида муайян замонда илгари сурилган баъзи бир фалсафий муаммоларни ҳал қилиш учун қўлланиладиган” ёндошув сифатида тавсифланади. Мазкур таърифдан айнан лингвистик ва айнан фалсафий йўналтирилган т.ф. тадқиқотларида тил гносеологик мақомининг фарқи яққол кўзга ташланади. Иккита йўналишда ҳам учта соҳа – тил, борлиқ ва тафаккур –ҳақида гап борса-да, т.ф. нинг бу йўналишлари учун мазкур соҳалар бир хилда аҳамият касб этмайди. Биринчи турдаги тадқиқотларда (лингвистик) асосий эътибор маркази тилга, унинг моҳияти, мавжудлик вазифалари, шарт-шароитлари, шакллари қонуниятларига қаратилган. Иккинчи турдаги лингвофалсафий тадқиқотларда бундай йўналтирилганлик шарт эмас.
Имманент (бирор ҳодисанинг ички хусусиятига хос бўлиш, ички табиатдан келиб чиқиш) йўналишдаги лингвистикани ўрганиш соҳасидан истисно қилинган т.ф. соҳаси тил назариясига қарама-қарши қўйиш орқали тавсифланган. Аммо амалиётда т.ф. ва тил назариясига қатъий бўлиниш ҳар доим ҳам сақланиб қолмайди. Чунки тил назарияси ҳам етарли даражада фалсафийдир.
Тилни позитив билишдан кенг назарий услубий контекстда тилни чуқур идрок этишга ўтиш тил ҳақидаги фан ривожланишининг замонавий босқичи учун характерлидир. Бу нуқтаи назар аввалига “экстралингвистик”, яъни “ташқи лингвистика”га мансуб бўлган кўплаб мавзу ва муаммолар замонавий лингвистикада “интралингвистик” (“ички”), яъни тил ҳақидаги фаннинг ўрганиш предметига (бунда предмет аввалги тузилмавий даврга хос бўлган белгилар тизими сифатида тилнинг соф номиналистик талқинидан фарқли равишда инсоннинг руҳий/маънавий энергияси (қуввати) ва когнитив фаоллиги сифатида тушунилади) бевосита муносабатда бўлган, деб қабул қилина бошлаганида ўз ифодасини топди.
Тил ҳақидаги замонавий фаннинг бундай янги интралингвистик муаммолари қаторига тил ва маданият, тил ва жамият, тил ва дин нисбати ҳақидаги саволлардан ташқари тил ва фалсафа ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги масала ҳам киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |