ТРАНСЦЕНДЕНТАЛ ВА ТРАНСЦЕНДЕНТ (лот. transcenderntis–босиб ўтиш, чегарадан чиқиб кетиш) баъзи бир фалсафий таълимотларда учрайдиган тушунчалар бўлиб, улар турли ҳил ғайри-табиий нарсаларни ифодалаш учун ишлатилган (трансценденталлар XVI асрда пайдо бўлган). Ҳусусан, схоластик фалсафада уларни борлиқнинг универсал хусусиятлари – яккалиги, ҳақиқатлилиги ва ш.к.ларни акс эттирувчи энг умумий тушунчалардан иборат деб ҳисоблашган. Бу хусусиятлар схоластлар фикрича, ғайри-табиий тусга эга бўлиб, уларни тажриба йўли билан билиб бўлмайди, унга фақат интуиция орқалигина эришиш мумкин. Кант фалсафасида трансцендентал тушунчаси инсон онгини унинг билиш қобилиятини ифодалаш учун қўлланилади. Трансцендентал онг Кант фикрича, «соф» онг бўлиб, у барча кишиларда бир хилдир. У ўзида априор (инсон тажрибасига қадар мавжуд) категориялари (мас. «макон» ва «замон» тушунчалари)ни мужассамлаштирган бўлиб, улар ёрдамидагина тажрибани вужудга келтириш, билиш жараёнини амалга ошириш мумкин. Трансцендент тушунчасидан Кант онг ва билиш чегарасидан ташқарида ётган нарсаларни – «нарса ўзида» оламини ифодалаш учун фойдаланади. Унинг фикрича, «ўзида нарса» (бу олам) мавжуд, лекин уни билиб бўлмайди.
Трансцендент (ирода эркинлиги, жоннинг ўлмаслиги, худо)ни билиш мақсадида тажриба доирасидан четга чиқиш ақлни ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятлар – антиномияларга дуч келтиради.
Трансценденталлар ҳақидаги таълимотларни фалсафа тарихида бир қатор мутафаккирлар, хусусан Гоббс, Спинозалар қаттиқ танқид қилган.
ТАРАҚҚИЁТ – борлиқнинг энг умумий хоссаларидан бири бўлиб, у предметнинг янги сифат ҳолатига ўтишида, таркиби ва структурасининг, хоссалари, алоқаларни ва муносабатларининг ўзгаришида ва ш.к.ларда ўз ифодасини топади. Вақт т.нинг муҳим хусусиятлари қаторига киради. Ҳар қандай т. реал вақтда содир бўлади ва бу унинг орқага қайтмас йўналишга эга ўзгариш эканлигини намоён қилади.
Т. ғоясининг шаклланиши ва асосланишида янги даврда экспериментал фанларнинг вужудга келиши, айниқса, илмий комологиянинг пайдо бўлиши, биология ва геологияда эволюция назарияларининг яратилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Немис классик фалсафасида, хусусан егаль системасида бу ғоя ҳар томонлама чуқур ўрганилди ва унинг натижаси сифатида т. ҳақидаги яхлит фалсафий таълимот – диалектика назарияси шаклланди. Унда тараққиётнинг манбаини зиддиятлар амалга ошиши механизмини – миқдор ва сифат ўзгаришларининг ўзаро алоқадорлиги, йўналишини – диалектик инкорга асосланган абстрактлиликдан конкретлиликка томон бўлган ҳаракат ташкил этиши ҳақидаги чуқур маънога эга фикрлар мантиқан асосланди.
IX асрнинг иккинчи ярмида кенг тарқалган текис эволюция назарияси негизида т.нинг чизиқли йўналишга эга бўлган бир текисдаги эволюцион жараён эканлиги ҳақидаги тасаввур ётади. Уни танқид қилувчи ижодий эволюция (эмержент эволюция) концепциясида т. индетерминизм ва субъективизм руҳида талқин қилинади.
ХХ асрда илмий билишнинг ривожланиши, айниқса биология, маданият тарихи соҳаларида эришилган муваффақиятлар таъсирида т.нинг ички механизмлари ҳақидаги тасаввурлар кенгайди. Хусусан, т. ўзининг катта йўналишларида, мас., органик дунё эволюцияси ёки цивилизация ривожида бир жинсли эмаслиги, турли хил тенденциялардан: прогресс, регресс, турғунлик каби жараёнлардан ташкил топиши (мас., организм ва цивилизациянинг баъзи турларининг йўқ бўлиб кетиши, бошқаларининг пайдо бўлиши, мавжудларининг модификацияга учраши) маълум бўлди.
Т. ғоясининг системали-структуравий ёндошиш методи билан боғланиши объекларни тараққий этиб борувчи система сифатида таҳлил қилишга, уларни ўрганишга структуравий ва тарихий ёндошишларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ўзаро муносабатлари тўғрисидаги ва охир-оқибатда т. ҳақидаги тасаввурларни бойитишга олиб келди.
Т. табиатини ўрганишда синергетика (ўз-ўзидан ташкиллашув назарияси) ғоялари: тартибсизликдан тартибнинг келиб чиқиши, яъни тараққиётнинг ўз-ўзидан содир бўлишининг тенденция шаклида мавжудлиги, тараққиётнинг ночизиқли эканлиги, яъни кўп вариантларда содир бўлиши тўғрисидаги фикрлар, шу фазо ва вақтда чексиз бўлган борлиқда содир бўлаётган жараёнларнинг турли хил тараққиёт тенденцияларига эга эканлигини тушунишда муҳимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |