ИНДИВИДУАЛИЗМ (лот. individium-бўлинмас) - инсон индивидуал ҳаётининг алоҳидалилигини таъкидловчи фалсафий-ахлоқий тамойил.
И.нинг маънавий, назарий жиҳатларини ўз ичига оладиган концептуал ва реал ҳаётий позицияни акс эттирувчи амалий жиҳатлари мавжуд. И.нинг назарий талқини асосида шахснинг жамиятдаги автономияси ва унинг ҳуқуқларини мутлақлаштириш ётади. Аксарият ҳолларда и. инсон табиатининг ўзида яширинган деб ҳисобланади. И.нинг моҳиятини асослашга қаратилган қарашлар шахсни жамоага қарама-қарши қўйиш, шахсий манфаатларни жамият манфаатларидан устун қўйишни ифодаловчи тамойил сифатида хусусий мулкнинг пайдо бўлиши билан бир пайтда шаклланган.
И.нинг энг қадимий назарий ифодаси киниклар таълимотидир. Ушбу мактабнинг Антисфен, Диоген Синопский, Кратет каби вакиллари қарашларига кўра, моҳиятан сохта бўлган ижтимоий алоқалар, маданий кўникмаларнинг барчасига барҳам бериш зарур. Уларнинг фикрича, индивид маънан фақат ўзигагина таяниши мумкин. Анъанавий ватанпарварлик ахлоқига зид равишда ўзларини “дунё фуқаролари”- космополитлар деб эълон қилган киниклар ҳар қандай жамиятда яшашга тайёрликларини, аммо ўз билганларича, ўз қонунлари билан яшашлари ғоясини илгари сурдилар, ҳар қандай уят, никоҳни инкор этдилар. Бунда шахс автомиясини асослашга интилиш ўзига хос тарзда намоён бўлади.
Киниклар фаолиятида и.нинг амалиётда намоён бўлишини ҳам кўрамиз. Мас., ўзига нисбатан “жамоаси, уйи, ватани йўқ” деган формулани қўллашни яхши кўрган, бочкада кун кечирган Диоген ташқи таъсирлардан бундай мустақил ҳолда яшашни олий бахт, деб ҳисоблаган эди.
Уйғониш даврида и. концепция сифатида шаклланди. Маърифатпарварлар (Гоббс, Гельвеций, Гольбах) эса и.ни инсон фаоллиги, айниқса тадбиркорлик фаолиятининг универсал ўлчови сифатида эътироф этдилар. Уларнинг фикрича, ҳатто яхшилик қилиш замирида ҳам ўз манфаатларини тўғри англаш ёки “оқилона худбинлик” (Гольбах) ётади.
Кант инсон табиатига хос бўлган худбинликни “ўта кетган бадбахтлик” деб ҳисоблаб, ўз фойдаси, манфаати, мақсадларини кўзлайдиганларни “ахлоқий эгоист” деб атаган эди.
Шопенгауэр ҳар бир инсонга хос бўлган яшаш учун ирода унинг индивидуализмининг асоси деб ҳисоблаган бўлса, Чернишевский умумий иш муваффақиятидан охир-оқибатда индивиднинг шахсий манфаатлари ҳам ютишидан келиб чиққан ҳолда шахсий фойдани умумий ишга ўз хоҳиши билан бўйсиндириш ғоясини илгари сурган ва буни “оқилона эгоизм” деб номлаган эди.
Шунингдек, и. Штирнер ва Ницше, Сартр, Бергсон ва Ясперс қарашларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топганини таъкидлаш зарур. Ҳозирги даврда оммавий бир хиллик ҳукмрон бўлиб бораётган, кишилар дунёқарашини бошқариш, уларнинг хулқига муайян стандартларни сингдириш йўлидаги уринишлар тобора авж олаётган ва кенг миқёс касб этаётган бир пайтда индивидуализм ўзининг ҳам назарий, ҳам амалий кўринишида ана шу ҳодисаларга ўзига хос жавоб реакцияси сифатида намоён бўлмоқда. Шунингдек, дунёнинг турли минтақаларида тоталитар режимлар ҳукмронлиги давом этаётган, сциентистик, техницистик ёндашувлар инсон шахси ривожига қарши қаратилган, деб талқин қилинаётган бир пайтда и.ни уларга ўзига хос исён сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Бу исён нигилизм, скептицизм, цинизм кўринишларида намоён бўлмоқда. Айни пайтда индивидуализм тарихда бўлгани каби ҳозир ҳам волюнтаризм, анархизм, эгоизм, авторитаризм каби кескин кўринишларда ҳам намоён бўлмоқда. Умуман олганда, шахс хулқи, фаолияти, эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқлари устуворлиги ва автономияси муайян меъёр доирасидагина ижобий характерга эга бўлади. Ундан ташқарида эса индивиднинг шахс сифатида барбод бўлишига замин яратади, ғайриинсоний моҳият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |