ГЕРАКЛИТ ЭФЕСЛИК (544-483) – қадимги юнон файласуфи . Унинг фикрича, олам ҳеч ким томонидан яратилмаган, у азалдан бор. Дастлабки илоҳий олов – соф ақл, «логос» бўлиб, унинг парчаланиши ва курашлар орқали турли-туман ҳодисалар вужудга келади (пастга қаралган йўл), ўзаро тотувлик ва тинчликни баҳолашга олиб келади ва баҳо берувчи, секин-аста, дастлабки олов кўринишини олади. Бу юқори ва пастга қаратилган абадий ҳаракатда бўлган ягона нарсадан барча нарса вужудга келади ва барча нарса ягонага ўтади. Ҳамма нарса ўзгаришда, бу оқимда «логос»нинг ҳукмронлик қилиши қонуний, унга эса жуда озчилик эришади.
Гераклит, ҳамма нарса мутассил ўзгариб, янгиланиб туриши сабабли, айни бир дарё сувига икки марта кириб бўлмайди, чунки, унга иккинчи марта кирувчига янги сув оқиб келади, дейди. Шу билан бирга, инсон ҳам ўзгарган бўлади. Унга кўра, худо – кун-тун, ёз-қиш, уруш ва тинчлик, яхшилик – ёмонликдир, ёмонлик эса – яхшиликдир, яъни ҳамма нарса, қарама-қаршилик орқали, бирикса-да, уларда яширин уйғунлик мавжуд ва у очиқ кўринишдаги қарама-қаршиликда яхшироқ кўринади.
Барча буюмлар ибтидоси курашдир, у баъзиларни худо кўринишида, баъзиларни инсон, баъзиларни қул, эркин кишилар кўринишида намоён қилади. Донишмандлик – барча нарсада ҳукмрон, ҳамма нарсани бошқарувчи ақлни, «логос»ни билиш демакдир. Донишманд бўлиш шу ақлга бўйсуниш ва уни тан олишдир. Фақат давлат тузилиши, табиат кўринишидаги ақл қонунларига бўйсунибгина, инсон маънавий софликка эришади. Бу эса, ўз навбатида инсоннинг муқаддас бахтидир.
ГЕРМЕНЕВТИКА (юнон. hermeneiа – шарҳлаш, талқин этувчи) – фалсафа ва гуманитар фанлар йўналишларидан бири бўлиб, ижтимоий борлиқни асослаш, изоҳлаш методологияси сифатида тушунилади. Илк маъноси – Библия (Инжил) каби адабий мантларни шарҳлаш.
Г.нинг умумий таҳлил қилиш назарияси асослари немис файласуфи Ф.Шлейермахер томонидан XVIII аср охирлари XIX асрнинг бошларида яратилган. У Г.ни аввало ўзгаларнинг ўзига хослигини тушуниш, шахсда мужассамлашган бошқачалигини англаш санъати сифатида қарайди.
Г.нинг манбалари қадимги юнон филологияси ва Инжил экзегетикасида намоён бўлади. Қадимги юнон филологиясида, Г. матнларнинг қадимийлиги, фрагментар табиатга эгалиги, кўп маънолиги, белгилилиги ва турли хил маънога тўлалиги натижасида, фалсафий, диний, адабий асарни тушуниш ва талқин қилиш муаммоларидан келиб чиққан матнларни талқин қилиш санъати, деб ҳисобланган.
Қадимги юнон фалсафаси ва филологиясида кўп маъноли тимсолларнинг ўзга тилда баён этилган асарларнинг асл маъносини тушунтириб бериш санъати, неоплатончилар қадимги юнон шоирларининг, хусусан, Гомер асарларининг, христиан ёзувчилари – Инжилни, мусулмон олимлари – Қуръонни, Шарқда, айниқса, бедилхонлик, навоийхонликни турлича талқин этиш кенг ёйилган.
Матнга бир томондан, имло, услуб ва мазмун бирлиги сифатида, иккинчи томондан эса, бутунга нисбатан қисм, деб қаралади. Бу ўз навбатида, номаълум асарни атрибуттлаштиришга олиб келади. Антик даврда ишлаб чиқилган филологик Г. тамойиллари, Инжил экзегетикасида ҳам қўлланилган. Унда уларнинг айнан маъносини алмаштиришдаги алгоритм талқини ривожланди. У матнларда олдиндан битилган, яширин маъно ўз аксини топган.
Г.ни талқин, деб тушунадиган фалсафий – услубий назария немис диншуноси ва классик филологи Ф. Шлейермахер (1768 – 1834) томонидан ишлаб чиқилган. У филологик, теологик ва ҳуқуқий Г.нинг умумий хусусиятлари муаммосини кўтариб, унинг қоида ва услублари, хусусий соҳаларда ҳам ўз моҳиятини йўқотмаслиги муҳим эканлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурган.
Шлейермахер Г.си тарихийлик табиатига эгагина эмас, балки г.нинг фалсафий метод, деб қараш анъанасини В. Дильтей давом эттиради. Ҳозирги кунда Г.га Гадамер томонидан ишлаб чиқилган фалсафий оқим, деб қаралади.
Do'stlaringiz bilan baham: |