ГЕНЕТИК ЭПИСТЕМОЛОГИЯ – предметни билиш жараёнини ташкил этади, бироқ бу ерда у ривожланишнинг қуйи босқичдан юқорироқ босқичга ўтишини таъминловчи онтогенетик ривожланиш функцияси сифатида талқин қилинади. Генетик эпистемология ишора қилувчи ривожланишнинг асосий ички механизми сифатида конструктив генерализация ва рефлексив абстракция амал қилади. Генетик эпистемология асосчиси Ж.Пиаже когнитив ривожланишнинг изчил шаклланувчи қуйидаги тўрт асосий босқичини қайд этган: сенсор ривожланиш (2 ёшгача), интуитив ривожланиш (7 ёшгача), муайян операционал ривожланиш (12 ёшгача) ва формал операционал ривожланиш (15 ёшгача).
ГЕОГРАФИК МУҲИТ (табиий муҳит, ташқи муҳит) – жамият ҳаётининг зарурий шарт-шароитини ташкил қилувчи, ижтимоий ишлаб чиқариш жараёнига бевосита алоқадор бўлган ва унга бевосита тортилган табиатнинг муайян қисми (ер пўсти, атмосферанинг қуйи қисми, сув, тупроқ ва тупроқнинг устки қатлами, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси)дир.
Г.м. – инсоннинг яшаш мавжудлиги ва ўз кучини сарф қилиш билан боғлиқ бўлган ҳудуд. Буларга инсон фаолияти билан, у ёки бу тарзда, боғлиқ бўлган дарёлар, каналлар, ўрмонлар, сунъий ўрмонлар, дала ва яйловлар, ўтлоқ ва кўкаламзорлар, ш.лар ва б. турар жойлар, иқлим ва тупроқ шароитлари, фойдали қазилмалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси киради.
Г.м. инсон ҳаётининг табиий манбаи, моддий ишлаб чиқаришнинг асоси ҳисобланади. Инсоният жамияти вужудга келганидан бошлаб, у ўзини ўраб турган табиий муҳитга таъсир қилиб, уни ўзгартирди ва шу билан бирга, унинг таъсири натижасида инсоннинг ўзи ҳам ўзгарди.
Ҳар бир жамият Г.м.ни ўзидан олдинги даврлардаги ютуқларга таянган ҳолда, ўзгартириб боради, ўз навбатида, табиат бойлиги маданий тарихий ҳаёт воситаси сифатида кейинги авлодларга мерос бўлиб қолаверади. Инсон нафақат бошқа иқлим шароитларига ўсимлик ва ҳайвонларнинг турли турларини кўчириб ўтказди, балки шу билан бирга уларни ўзгартириб ҳам борди.
Жамиятнинг табиатга бўлган таъсири моддий ишлаб чиқариш, фан, техника, ижтимоий эҳтиёжлар, ижтимоий муносабатларнинг хусусиятидан келиб чиқиб белгиланади. Жамиятнинг табиатга бўлган таъсирининг кучайиши натижасида Г.м.нинг чегаралари кенгайиб боради ва шу билан бирга баъзи табиий жараёнларнинг жадаллашуви, уларда янги хусусиятларнинг пайдо бўлиши содир бўлади. Ҳозирги замон Г.м.ини кўплаб авлодлар меҳнати билан яратилган хоссаларидан маҳрум қилиб, мабодо, жамиятни унинг илк табиий шароити холатига ўтказилган тақдирда ҳам у ўз ҳолатини сақлай олмайди. Чунки, инсон дунёни геокимёвий тарзда ўзгартириб, ўзининг яшаш муҳити – сунъий табиатни вужудга келтирди, уни кенгайтирди ва бу жараённи энди орқага қайтариб бўлмайди.
Ўз навбатида Г.м. жамият тараққиётига кучли таъсир кўрсатади. Инсоният тарихи атроф-муҳитнинг, сайёрамиз устки қатлами, табиий шароитининг инсоният тараққиётига ёрдам бергани ёки унга тўғоноқ бўлганига доир кўплаб мисолларни билади.
Г.м.нинг жамиятга таъсири тарихий жараёндир. Ўтмишга қанчалик чуқур кириб борсак, жамиятнинг Г.м.га шунчалик боғлиқлигини кўрамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |