ГНОСЕОЛОГИК РЕЛЯТИВИЗМ. Релятивизм тарафдорлари дунёда ҳамма нарса ўткинчи, ҳақиқат дунёвий даражада ҳам, ҳаттоки, илмий даражада ҳам бизнинг олам ҳодисалари ҳақида олган фақат шу пайтдаги билимларимизни ифодалайди деб таъкидлайдилар. Кеча ҳақиқат, деб ҳисобланган нарса бугун иштибоҳ, хато сифатида тан олинади: худди дори каби, ҳақиқатнинг ҳам сақланиш муддати бор. Нисбий мушоҳадалар бундан ҳам омонатроқ. Бу ижтимоий ҳаётда, ахлоқ нормалари ва эстетик дидларда айниқса яққол сезилади. Яқинда шак-шубҳасиз, деб эътироф этилган нарса энди дўзахдан чиққан бало сифатида инкор этилади. Баҳолар калейдоскопдаги рангли доғлар каби ўзгаради. Бундан гўё билиш жараёни – муваффақиятсизликка учраши тайин бўлган ҳақиқат кетидан «қувиш», деган умумий хулоса чиқарилади. Бизнинг барча билимларимиз гўё ноаниқлик ва ноҳақиқийлик денгизида сузади, у фақат ва фақат – нисбий, шартли конвенциал (лот. «conventional» – шартномага мувофиқ) ва субъективдир.
Скептикларга хос бўлган бу ёндашув антик даврдаёқ юзага келган. Дунёда ҳамма нарса шу қадар тез ўзгарадики, унда мутлақо ўзгармас бўлган ҳеч нарса мавжуд эмас, деб ҳисоблаган Кратил таълимоти ашаддий релятивизмга мисол бўлиши мумкин.
Барча билимларимизни фақат нисбий деб ҳисоблаш моҳият эътибори билан билишда ўзбошимчалик ҳукм суришини тан олиш билан баробардир. Бу ҳолда билиш нисбатан ўзгармас, ишончли нарсалар мавжуд бўлмаган ҳақиқат билан иштибоҳ ўртасида фарқ қолмайдиган, ҳар қандай қоида ва тамойилга ишонч йўқоладиган, бинобарин, ҳаётда ҳеч нарсага амал қилиб бўлмайдиган узлуксиз оқимга айланади.
Билиш назариясида мутлақ релятивизм – бу тафаккур «бойлиги»нинг намоён бўлиш шаклларидан бири. Унга қуйидаги мушоҳада хос: ҳақиқат албатта мутлақ бўлиши керак, агар ҳақиқат мутлақ бўлмаса, у ҳақиқат эмас. Бу фикр замирида нафақат нисбий, балки мутлақ ҳақиқатга ҳам ишончсизлик ётади. Релятивизм намояндалари одатда ҳақиқий, деб ҳисобланган қоидалар кейинчалик сохта деб инкор этилган ва аксинча, сохта, деб ҳисобланган қоидалар фан ривожланиши жараёнида ҳақиқий, деб эътироф этилган ҳоллар фан тарихида кўп эканлигига ишора қиладилар. Илмий билишнинг ҳаракат йўли – амалда тўғри чизиқ эмас, балки кесимларида янглишиш ҳоллари юз бериши мумкин бўлган эгри чизиқдан иборат. Бироқ, бу бизнинг барча билимларимиз сафсата эканлигини исботламайди. Релятивист «билимда нисбийлик унсури мавжуд» деган тўғри қоидани «билим доимо нисбийдир», бинобарин, билим керак эмас, деган янглиш қоидага алмаштиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |