2-§. Жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш
Жиноят содир этилган пайтдан бошлаб жиноят қонунида белгиланган муддатларнинг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлмаган муддатлар жиноий жавобгарликдан озод қилиш муддатлари деб айтилади.
Жиноят қонуни ўзининг инсонпарварлик принципларига асосланиб, жиноят содир қилган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини белгилаган. Бу муддатларнинг қонунда белгиланиши шахсни умрининг охиригача жиноий жавобгарликка тортилиш таҳликаси остида яшаш ташвишидан қутқаради. Иккинчи томондан, шундай муддатларнинг белгиланмаслиги жиноят учун қасд олиш мақсадининг сақланиб қолиши ва ЖКнинг 42-моддаси иккинчи қисмидаги жазонинг мақсади ўз аҳамиятини йўқотган бўлар эди.
Ушбу муддатларнинг белгиланишининг аҳамияти яна шундаки, агар жиноят содир этган шахс жиноят қонунида белгиланган муддатлар ичида янги жиноят содир этмаса, унинг жамият учун ижтимоий хавфлилигини йўқотган ёки унча хавф туғдирмайди деган хулосага келинади. Бундан ташқари, жиноят содир этилган пайтдан бошлаб қонунда белгиланган муддатлар ўтиб кетганидан кейин кишилар онгидаги шу қилмишга муносабат ҳам аста-секин ўзгариб боради. Шунга кўра, кўп йиллар ўтиб кетганлигига қарамай, ўтмишда содир этилган жиноятни яна қўзғатиш, кишилар ҳаётида алғов-далғовликлар вужудга келтириш фуқаровий-ҳуқуқий онг нуқтаи назаридан ҳам мақсадга мувофиқ эмас.
Бундан ташқари, йиллар ўтиши билан жиноят тўғрисидаги ахборот, яъни исботлаш асослари бўлган ашёвий ва бошқа далиллар эскиради, бузилади, йўқолади, тергов қилиш ҳужжатлари ҳам эскиради. Аммо бу айтилганлар жиноят-процессуал ва криминалистика фанига тегишли бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилишга дахли йўқ. ЎзР ЖКнинг 64-моддасида белгиланишига кўра, жиноят содир этилган кундан бошлаб қуйидаги муддатлар ўтиб кетган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб–уч йил;
б) унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб–беш йил;
в) оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб — ўн йил;
г) ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб (ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно) ўн беш йил ўтиб кетган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади.
Жавобгарликка тортиш муддати жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳукм қонуний кучга кирган кунгача ҳисобланади. Жавобгарликка тортиш муддатларига дастлабки тергов вақти, жиноят иши прокурорда айблов хулосаси учун бўлган вақт, суд таркиби томонидан ҳукмга қўл қўйилган ва ҳукмни эълон қилиш вақти, кассация шикояти туфайли кассация судида кўрилган вақт ва ҳукм кассация судида ўзгаришсиз қолдирилган вақтлар киради.
Моддий ва давомли жиноятларда жиноят содир этилган вақтни ҳисоблаш масаласи бироз мураккаброқ. Моддий жиноятлар содир этилган вақти ЎзР ЖКнинг13-моддасига мувофиқ аниқланади. Узоққа чўзилган жиноятларда жиноий қилмиш тўхтатилган вақт жиноят содир этиш вақти деб олинади. Давомли жиноятларда охирги жиноий ҳаракат содир қилинган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Муддатларни ҳисоблашда жиноят содир қилинган соатдаги кундан эмас, ўша кун тамом бўлиб, сутканинг 24.00 дан кейинги вақтидан бошлаб ҳисобланади.
ЎзР ЖК 64-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган муддатлар ўтишининг қонунда белгиланган шартлари борки, ана шу шартлар бўлсагина бу муддатлар ҳисобланади. Бу шартлар қуйидагича:
1) агар жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахс терговдан ёки суддан яширинса, муддатининг ўтиши тўхтатилади. Айбдор ушланган ёки айбини бўйнига олиб арз қилган кундан бошлаб муддатининг ўтиши қайтадан тикланади. Бунда олдин тергов ёки суддан яширингунча қанча вақт ўтганлигининг аҳамияти йўқ, яъни 64-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат қайтадан бошланади;
2) агар оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган шахс ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этса, муддатининг ўтиши узилади. Бундай ҳолда жавобгарликка тортиш муддатлари олдинги жинояти учун ҳам янги жиноят содир этган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар содир этилган жиноят оғир ёки ўта оғир бўлмаса, янги қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилган жиноятлар муддатлари ўтишини узмайди ва муддатларнинг ўтиши алоҳида-алоҳида ҳисобланади.
Агар жиноят содир этилган кундан бошлаб йигирма беш йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин эмас (ўлим жазоси тайинлаш назарда тутилган жиноят ёки тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноят содир этган шахслар бундан мустасно).
Содир этилган жиноят учун ЖК Махсус қисмининг моддасида ўлим жазоси тайинлаш назарда тутилган бўлса, жавогарликка тортиш муддатларини қўллаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Агар суд жавобгарликка тортиш муддатини қўллашни лозим топмаса, ўлим жазоси ўрнига озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлайди.
ЖК 64-моддасида назарда тутилган муддатлар тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланмайди.
Жавобгарликка тортиш муддатларининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш масаласи дастлабки тергов босқичида суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят иши бекор қилинади. Ишни судда кўриш вақтида жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетса, суд томонидан агар муайян жиноятни содир этишда шахс ўзининг айби йўқ эканлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилишни талаб қилса, ЖК 64-моддаси қоидалари асосида озод қилинмайди, унинг айби бор ёки йўқлиги аниқланади. Бундай ҳолда жиноят иши бекор қилинмай, умумий тартибда давом эттирилади ва айби йўқ эканлиги исботланса, иш бекор қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |