6-§.Қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш ЎзР ЖКнинг 57-моддасида суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкинлиги белгиланган.
Одатда, судлар жиноят содир этишда айбланаётган шахсга унинг қилмиши квалификация қилинган норманинг санкциясида назарда тутилган жазолардан бирини иш ҳолатларига қараб тайинлайди. Суд ҳар қандай ҳолда ҳам санкцияда кўрсатилганидан бошқа турдаги жазони, шунингдек, санкциясида назарда тутилган жазо муддати чегарасидан четга чиқиб енгилроқ ёки оғирроқ жазо чорасини тайинлай олмайди.
Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунининг мазмунига кўра, ҳар қандай ҳолда ҳам қилмишда қанчалик оғирлаштирувчи ҳолатлари бўлмасин, айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган норманинг санкциясида кўрсатилган энг оғир жазонинг энг кўп муддатидан кўп бўлмаслиги керак. Демак, қонунда кўрсатилганидан ҳам оғирроқ жазо тайинланишига умуман йўл қўйилмайди. Аммо ЎзР ЖКнинг 57-моддасига кўра, айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган нормада назарда тутилган энг кам жазо муддатидан ҳам камроқ ёки енгилроқ жазо тайинлашга рухсат этилади. Бундай ҳолат жиноят қонунининг инсонпарварлик принципига тўла мос келади.
ЎзР ЖК 57-моддасининг мазмунига кўра, енгилроқ жазо тайинлашнинг иккита вариантидан фойдаланилади.
1. ЖК Махсус қисмининг нормасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлаш;
2. ЖК Махсус қисмининг нормасида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазо тайинлаш.
ЖК Махсус қисмининг моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлаш учун қуйидаги талаблар қўйилади.
1. Жиноят содир қилиш мотиви ва мақсади жиноятни амалга оширишда қатнашганлик даражаси, жиноят содир қилиш вақтидаги ва жиноят содир этилгандан кейинги хулқи, жиноятни очилишига фаол ёрдам берганлиги ҳисобга олинади. Ана шу ҳолатлар жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолат деб топилиши керак.
Қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш учун айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган норманинг санкциясида альтернатив жазо тариқасида енгилроқ жазо турлари назарда тутилган бўлмаслиги керак.
Масалан, қасддан одам ўлдириш учун жавобгарликни белгиловчи моддаларнинг (97-101-моддалари) санкцияларида фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Айтайлик, қасддан одам ўлдириш (97-модданинг 1-қисми) жинояти ҳақида жиддий қўрқитилганлиги туфайли кўп болали аёл хабар бермаслик ҳақида ваъда берса, қасддан одам ўлдиришда иштирокчи деб квалификация қилинади.
Суд бундай иштирокчилик учун ўн йилдан кам бўлган озодликдан маҳрум қилишни тайинлай олмайди. Чунки 97-модданинг 1-қисми санкциясида ўн йилдан ўн беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш белгиланган. Агар қилмишда 57-модда қоидаларини қўллаш асослари бўлса, суд бу модда қоидаларини қўллаб айбдорга нисбатан санкцияда кўрсатилган энг кам муддатидан ҳам камроқ, аммо олти ойдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишни тайинлаши мумкин.
ЖК Махсус қисмида назарда тутилган моддаларнинг асосий кўпчилик қисми жиноятларнинг мураккаб турлари ва жавобгарликни оғирлаштирувчи турлари учун асосан нисбий муайян санкция тариқасида озодликдан маҳрум қилиш белгиланган. Агар иш ҳолатларига кўра, жазонинг енгилроғини тайинлаш зарурати келиб чиқса, суд ЖК 57-моддасининг қоидаларини қўллаши мумкин.
ЖК 57-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган енгилроқ жазо тайинлашда айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган норманинг санкциясида назарда тутилмаган, аммо ЖК Умумий қисмида кўрсатилган енгилроқ турдаги жазони тайинланиши мумкинлиги белгиланган.
Енгилроқ жазо тайинлашнинг бу тури енгиллаштиришнинг алоҳида ҳолатлари ёки бир вақтда бир неча енгиллаштиришга асос бўладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, қўлланади.
Қонунда айнан қандай енгилроқ жазо билан алмаштириш мумкинлиги кўрсатилмаган. Суд иш ҳолатларига қараб ЖК 43-моддасида назарда тутилган жазолардан бирини тайинлаши мумкин. Ана шу жазоларнинг қайси бирининг енгилроқ жазо эканлиги ЖК 43-моддаси тартибида жойлаштирилган жазо турининг ундан юқорида жойлашган жазо енгилроқ ҳисобланади. Чунки 43-моддада назарда тутилган жазолар энг енгилидан энг оғирига қараб жойлаштирилган.
Суд бошқа турдаги енгилроқ жазони тайинлашда, айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган норманинг санкциясида назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинланган тақдирда ҳам адолатсизлик бўлади деган хулосага келса, бошқа енгилроқ жазони тайинлайди. Аммо суд енгилроқ жазо тайинлаганда шу жазо турининг энг кам қисмидан камроқни тайинлаб олмайди. Масалан, жарима энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан кам, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш бир йилдан кам, ахлоқ тузатиш ишлари олти ойдан кам бўлмаслиги керак.
Агарда айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган норманинг санкциясида асосий жазо билан бирга қўшимча жазони тайинлаш мажбурий тарзда назарда тутилган бўлса ва суд қўшимча жазони иш ҳолатларини ҳисобга олиб, тайинлашни лозим топмаса, суд ЎзР ЖКнинг 57-моддаси қоидаларини қўллаб, қўшимча жазони тайинламасликлари мумкин.
Маълумки, ЖК Махсус қисми моддаларида вояга етмаганлар учун жазо тури ва муддати алоҳида белгиланмаган. Вояга етмаганнинг қилмиши квалификация қилинган норма билан жазо тайинлашда ўша норманинг санкциясида кўрсатилган жазо тури эмас, балки ЖК Умумий қисмининг 82-85-моддаларида назарда тутилган жазоларнинг муддатлари доирасида тайинланади. Вояга етмаганларга бундай тартибда жазо тайинлашда ЖК нинг 57-моддаси қоидаларига мурожаат қилинмайди ва тўғридан-тўғри 82-85-моддаларда назарда тутилган жазо тури муддати доирасида тайинланади.
ЎзР ЖК 50-моддасининг тўртинчи қисмида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ЖК Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган. Озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг тўртдан уч қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас дейилади. Бундай шахслар учун белгиланган ўша норма санкциясида назарда тутилган энг кўп муддатининг тўртдан уч қисмига тенгдир.
Қонун мазмунига кўра, енгилроқ жазони тайинлаш чекланмаган. Ҳар қандай жиноят содир этган ва ҳар қандай шахсларга нисбатан агар иш ҳолатлари буни тақозо қилса, қўлланиши мумкин.
Маълумки, иштирокчиликда содир этилган жиноятга тайёргарлик кўриш ва суиқасд қилишда айбланаётган шахсларга нисбатан ҳам умумий асосларда жазо тайинланади. Агар иш ҳолатлари тақозо қилса, бундай шахсларга нисбатан 57-модда қоидалари асосида енгилроқ жазо тайинланиши мумкин.