3-§.Қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлигини йўқотганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш
ЎзР ЖКнинг 65-моддасида жавобгарликдан озод қилишнинг иккита бир-бирига яқин бўлган турлари назарда тутилган. Ушбу модданинг биринчи қисмида ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли содир этилган қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб топилса, жиноят содир этган шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Иккинчи қисмида эса ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли жиноят содир этган шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб топилса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг биринчи турида объектив равишда юз берган ўзгаришлар туфайли,содир этиш пайтида ижтимоий хавфли ҳисобланган қилмиш шароит ўзгарганлиги учун ўзининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги туфайли шахсни жиноий жавобгарликка тортишнинг ҳожати қолмайди.
А. нинг ҳовлиси маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўл бўйида жойлашган бўлиб, йўл четига экилган катта дарахтлар ҳовлига соя солиб турар, натижада у ҳовлисидан ҳосил ололмас, зах туфайли уйига ҳам зарар етган, оила аъзолари тез-тез касалланиб турганлигидан шикоят қилиб, ушбу дарахтларни кесиб ташлаш, ўрнига пастроқ ўсадиган дарахтларни экишни сўраб туман ҳокимиятига бир неча марта мурожаат қилади. Аммо унинг илтимоси қондирилмас, оилавий аҳвол ёмонлашиб борар эди. Шундан кейин ҳовлисига соя солиб турадиган дарахтларни кесиб ташлайди. Унинг қилмиши учун ЎзР ЖКнинг 198-моддаси билан жиноят иши қўзғатилади. Аммо кўп ўтмасдан шу кўча ўрнига катта давлат аҳамиятига эга бўлган йўл ўтиши туфайли йўл четидаги дарахтлар олиб ташлана бошлайди. Шароит ўзгарганлиги учун содир этилган қилмиш ижтимоий хавфлилигини йўқотди деб суд А.ни ЎзР ЖКнинг 65-моддаси асосида жиноий жавобгарликдан озод қилади.
Қилмиш содир этилган вақтида жиноят бўлиб, шароит ўзгарганлиги туфайли маъмурий ёки интизомий жавобгарликка тортиладиган қилмиш бўлиб қолиши мумкин.
Жавобгарликдан озод қилишнинг бу турида жиноят қонунида ўзгариш юз берганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилишни назарда тутмайди, балки жиноят содир этилган вақтдагига нисбатан ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида объектив равишда қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги назарда тутилади.
ЖК 65-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра, ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтидагина шароит ўзгарганлиги туфайли қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилишни назарда тутади. Ҳукм қонуний кучга кириб шахс жазони ўташ вақтида шароит ўзгариб қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган бўлса, ЖКнинг 65-моддаси асосида шахсни жавобгарликдан озод қилиш мумкинми, деган савол туғилади.Қонун мазмунига кўра, фақат ишни тергов қилиш ва судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайлигина жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилади. Ҳукм чиққанидан кейин ёки жазони ўташ вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли қилмиш ижтимоий хавфлилигини йўқотган тақдирда ЎзР ЖКнинг 65-моддаси қоидаларини қўллаб жавобгарликдан озод қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жазодан озод қилишни назарда тутувчи бошқа нормалар қўлланиб жазодан озод қилиш мумкин.
ЎзР ЖКнинг 65-моддасида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилишнинг иккинчи тури ҳам жиноят содир этилган вақтидаги шароитга нисбатан, ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароитнинг ўзгарганлиги билан боғланади. Аммо шароитнинг ўзгарганлиги туфайли шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган, деб топилиши керак. Бунда умуман шароитнинг ўзгарганлиги эмас, балки шахснинг атрофини ўраб турган муҳитда ўзгаришлар юз берганлиги назарда тутилади. Яъни шахснинг атрофини ўраб турган муҳитда юз берган ўзгаришлар шахснинг руҳий ҳолатига таъсир қилиши унинг шахсини ижтимоий хавфлигини йўқотишига сабаб бўлган бўлиши керак.
Б. пахта даласи бригадири ва сувчи С. катта майдондаги ғўзаларга сув тараб қўйган эдилар. Куннинг исиб кетганлигидан шикоят қилиб, Б.нинг таклифи билан икковлари пиво ичиб келиш учун далани қаровсиз қолдириб, туман марказига кетадилар. Улар туман марказига кетганларидан кейин сув кўп миқдорда келиб, энди очилиш олдида турган анча майдондаги ғўзани сув босади. Б.нинг устидан ЎзР ЖКнинг 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатилади. Б. барча танишлари ва қариндошлари илтимос қилгани учун улар ер майдонида кўл бўлиб ётган сувни тезлик билан зовурларга оқизиб, ғўзаларга ишлов беришга ёрдам бердилар.Қилинган ишлар туфайли ғўзалар сақланиб қолинади ва биринчи теримдаёқ пахта топшириш давлат режаси 105 фоизга бажарилади. Б. шахси шу қилмишни содир қилиш вақтида ижтимоий хавфли бўлган бўлса, ишни судда кўриш вақтида Б.нинг шахси ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб ЎзР ЖКнинг 65-моддаси иккинчи қисми асосида жавобгарликдан озод қилинади.
Суд амалиётида жиноят содир қилган шахснинг ҳарбий хизматга чақирилиши, болаларига нафақа (алимент)тўлашдан бош тортиб юрган шахснинг ўз оиласига қайтиши, бахтсиз ҳодиса туфайли шахснинг ногирон бўлиб қолганлиги, жиноят содир қилган шахснинг қаҳрамонлик намуналарини кўрсатганлиги ва ҳоказоларни айтиш мумкин. Демак, шароитнинг ўзгарганлиги деганда умуман шароитнинг ўзгарганлиги тушунилмайди, аниқ бир шахсга тегишли шароитнинг ўзгарганлиги назарда тутилади.
Шароитнинг ўзгариши ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида қилмиши ёки шахснинг ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги дастлабки тергов ҳаракатлари энди бошланганда, ишни судда муҳокама қилиш вақтида ёки ишни судда кўришнинг кейинги босқичларида юз бериши мумкин.
Жавобгарликдан озод қилиш, бу ҳақда қонунда аниқ кўрсатилган бўлмасада фақат суд томонидан амалга оширилади.
Агар шахс ўзини ЎзР ЖКнинг 65-моддаси асосида жавобгарликдан озод қилинишига норози бўлса, у жавобгарликдан озод қилинмай, жиноят ишини тергов қилиш ёки судда кўриш давом эттирилади ва оқлов ҳукми ёки айблов ҳукми чиқарилади.
Шахс ЎзР ЖКнинг 65-моддаси асосида жавобгарликдан озод қилинар экан, озод қилинганга нисбатан қонунда белгиланган бирон бир шарт ёки чеклаш қўлланилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |