5-§. Ярашилганлиги муносабати билан жиноий
жавобгарликдан озод қилиш
Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институти жиноят ҳуқуқида янги ҳисобланади. Жавобгарликдан озод қилишнинг бундай тури 1959 йилда қабул қилинган ЖК да ҳамда амалдаги 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят кодексининг дастлабки таҳририда назарда тутилмаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 29 августда бўлиб ўтган иккинчи чақириқ олтинчи сессияси суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришда муҳим босқич бўлди. Бу сессияда «Жиноий жазоларни либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят- процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилиниб, ана шу қонунга мувофиқ ЎзР ЖК 661-моддаси билан тўлдирилди»168[168].
ЎзР ЖК 661-моддасида ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин бўлган жиноятларнинг қатъий рўйхати берилган. Ушбу моддада кўрсатилганидан бошқа жиноятлар юзасидан жабрланувчи ва жиноят ўртасида келишув юз берган тақдирда 661-модда қоидалари асосида жиноий жавобгарликдан озод қилинмай, жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг бошқа моддаларда назарда тутилган (Масалан, 65 ёки 66-моддаларида) асослар бор ёки йўқлиги текшириб кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 2 ноябрдаги «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон РеспубликасинингҚонунини суд амалиётида қўллаш ҳақида»ги 25-сонли қарорининг 6-бандида «Жиноят кодексининг 661-моддасида рўйхати келтирилган жиноятлардан бошқа ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир қилган шахслар билан шу ишлар юзасидан жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёхуд унинг қонуний вакили деб топилганлар ўртасида ярашувга эришилган тақдирда жиноят содир этган шахсни Жиноят кодексининг 65 ва 66-моддаларига асосан жиноий жазодан озод қилиш ёки шу Кодекснинг 70 ва 71-моддаларига асосан жазодан озод қилиш масаласи муҳокама этилиши шарт»169[169], деб тушунтириш берилган.
Ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институти 2001 йил 29 август Қонуни170[170] билан Жиноят кодексига киритилган бўлиб, унинг дастлабки таҳриридан 661-моддада кўрсатилган жиноятларни биринчи марта содир қилганлик учун қўлланиши мумкинлиги белгиланган эди. 2004 йил 27 август қонуни билан ушбу институт янада ривожлантирилиб, “биринчи марта”, деган сўзлар бу моддадан чиқариб ташланди ва ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишни қўлланиши мумкин бўлган жиноятларнинг доираси янада кенгайтирилди171[171].
Ярашилганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилишни қўллаш учун ЖК 661-моддасининг мазмунига кўра, ушбу рўйхатга киритилган жиноятни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бу ерда энг муҳими айбдор билан жабрланувчининг ярашганлигидир. Ярашиш тўғрисидаги ташаббус айбдор ёки жабрланувчи томонидан бўлганлигининг аҳамияти йўқ. Аммо ЎзР ЖПК нинг 582-моддасининг мазмунига кўра, ярашув тўғрисидаги ариза жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёхуд унинг қонуний вакили томонидан берилиши кераклиги кўрсатилган.
Қонунда ярашиш тўғрисидаги аризани айнан жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) томонида берилиши мумкинлигининг белгиланиши, ярашувнинг ҳар икки томоннинг ўзаро келишуви туфайли, бирон бир тазйиқ, зўрлик ёки қўрқитиш ишлатмасдан қилинганлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ярашув тўғрисидаги ариза ишни суриштирув ёки дастлабки тергов босқичида ёхуд суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонасига киришдан олдин берилиши мумкин.
Ариза ишни суриштирув босқичида берилган бўлса, суриштирув органи ходимига дастлабки тергов босқичида терговчига, суд муҳокамаси босқичида судга берилиши мумкин. Аммо ЖК 661-моддаси қоидалари асосида жавобгарликдан озод қилиш масаласини фақат суд ҳал қилади.
ЎзР ЖПКнинг 583-моддасининг мазмунига кўра, суд ярашувни тасдиқласа, мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш мумкин бўлмайди. Албатта, янги очилган ҳолатларга кўра, ярашувга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар бундан мустасно.
Суриштирувчи, терговчи ёки судья ярашиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш вақтида жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига, агар суд ярашувни тасдиқласа, у мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқини йўқотишини тушунтиради.
Агарда ярашув ихтиёрий бўлмай, зўрлик ишлатиш ёки бошқача қўрқитиш каби тазйиқ ўтказишлар билан жабрланув-чининг мажбур қилинганлиги аниқланса, ярашувга йўл қўйилмайди.
Агар иш бўйича бир неча жабрланувчилар бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда, ярашув тўғрисидаги ишни кўриш мумкин. Айбдорлар бир нечта бўлган тақдирда эса айбдорларнинг ҳаммаси билан ёки алоҳида биттаси билан ярашувни амалга ошириш мумкин.
ЎзР ЖК 661-моддаси асосида жиноий жавобгарликдан озод қилинган шахс судланмаган ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |