2-§. Жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги
муносабати билан жазодан озод қилиш
Умумий қоидага кўра, ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин суд томонидан тайинланган жиноий жазо ижро этилади. Айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра, жазо қонунда белгиланган муддатда ижро этилмай қолиши мумкин. Агар жиноий жазо ўз вақтида ижро этилмаса, у аста-секин ўзининг тарбиялаш ва жиноятчиликнинг олдини олишдаги аҳамиятини йўқотиб боради. Жазони қонунда белгиланган муддатда ижро этилмай қолишининг сабаблари турли-туман бўлиши мумкин. Масалан, маҳкумнинг оғир касал бўлиб қолиши, табиий офат, «ер қимирлаш, сел босиши», ёнғин туфайли ҳужжатларнинг нобуд бўлиши, ҳужжатларни йўқотиб қўйиш, айрим хизматчиларнинг ўз хизмат вазифасига лоқайдлик билан муносабатда бўлиши ва ҳоказолар.
Ҳукм ижро этилмаса вақт ўтиши билан ўз аҳамиятини йўқотади ва жазони ижро этиш мақсадга мувофиқ бўлмай қолади. Бундай муддатни қонун чиқарувчи орган тайинланган жазо тури ва муддати билан боғлаб белгилаган. Бу муддатлар ЎзР ЖКнинг 69-моддасида белгиланган бўлиб, қуйидагича:
а) уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинганда–уч йил;
б) беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда–беш йил;
в) ўн йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда–ўн йил;
г) ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда ўн беш йил ичида ижро этилмаган бўлса, жазо ижро этилмай маҳкум асосий ва қўшимча жазолардан озод қилинади.
Ушбу муддатлар ўтишининг қонунда белгиланган шартлари бўлиб, шахс жазони ўташдан бўйин товламаган ёки янги жиноят содир этмаган бўлиши керак. Агар маҳкум ушбу моддада назарда тутилган муддат ичида жазони ўташдан бўйин товласа (яширинса, қочиб кетса), жазони ижро этиш муддати икки баравар кўпаяди ва жазони ўташдан бўйин товлаган кундан бошлаб ҳисобланади, лекин йигирма беш йилдан ошмаслиги керак.
Агар шахс ЖК 69-моддасида кўрсатилган муддатлар ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этса, муддатнинг ўтишини ҳисоблаш янги жиноят содир этилган пайтдан қайтадан бошланади.Қонун мазмунига кўра, фақат қасддан янги жиноят содир этилган тақдирдагина муддатнинг ўтиши бекор бўлади. Шу муддат ичида эҳтиётсизликдан жиноят содир этилса-чи? Олдинги жинояти қасддан ёки эҳтиётсизликдан қилинганидан қатъи назар, муддатларининг ўтиши алоҳида-алоҳида ҳар бир жиноят учун жазо тайинланган пайтдан бошлаб ҳисобланади.
Масалан, шахс қасддан қилган жинояти учун тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, маҳкум жазони ўташдан бўйин товлаган бўлса жазони ижро этиш муддати беш йил эмас, балки муддатнинг ўтиши икки баравар кўпайиб, ўн йил бўлади. Ана шу ўн йиллик муддат жазони ўташдан бўйин товлаган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар шахс жазони ижро этиш муддати давомида эҳтиётсизликдан жиноят содир қилса, муддатнинг ўтиши узилмайди. Ҳар икки муддат алоҳида-алоҳида ўтаверади.
Агар жазо тайинланган кундан бошлаб йигирма беш йил ўтган бўлса, жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги туфайли ижро этилмайди. Бундай қоида ўлим жазосига ҳукм қилинган ҳамда тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноят учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жорий этилмайди.
Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахсга нисбатан муддатларни ўтишини қўллаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Агар суд муддатлар ўтишини лозим топмаса, ўлим жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилади. Одатда, ўлим жазоси афв этиш асосида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштириш масаласи Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан ҳал қилинади. Бундай ҳолда маҳкумнинг ўзи афв сўраб мурожат қилади.
ЎзР ЖК 69-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ўлим жазосини озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштириш суд томонидан амалга оширилади. Бунда маҳкумнинг жиноят содир этишдан олдинги ҳаёт тарзи, жиноятни содир этиш вақтида ва жиноят содир этилганидан кейинги хулқи ва ишнинг бошқа ҳолатларини ҳисобга олди.
ЎзР ЖК Махсус қисмининг VIII бобида тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноятлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Ана шу жиноятларнинг қайси бирини содир этилганлиги учун ҳукм қилинганлигидан қатъи назар, уларга нисбатан жазони ижро этиш муддатлари қўлланилмайди.
ЎзР ЖК 69-моддасининг мазмунига кўра, содир этилган жиноятнинг қайси туркумдаги жиноятлар гуруҳига киришидан қатъи назар, суд томонидан тайинланган жазо тури ва жазо муддати ҳисобга олиниб муддатлар белгиланган. Бунда жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, такроран содир этилганлиги, рецидив жиноят эканлиги ҳисобга олинади.
Масалан, биринчи марта уч йилдан сал кўпроқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва такроран жиноят содир қилганлиги учун беш йилдан камроқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганлар учун жазони ижро этиш муддати — беш йил. Ўки ўта оғир жиноят содир қилишда иштирок этганлиги учун ЖК 57-моддаси қоидаларини қўллаб, ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинганга нисбатан ҳам, биринчи марта жиноят содир этиб ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан камроқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганнинг ҳам жазо ижро этиш муддати — уч йил. Бундай ҳолатда жиноий жазони ижро этиш муддатлари суд томонидан тайинланган жазо муддатидан келиб чиқиб белгиланган.
ЖК 69-моддасида муддатларининг узилиши белгиланмаган. Яъни шахс жазони ўташдан бўйин товлаган (қочиб кетган ёки яширинган) тақдирда ҳам муддатлар узилиб, тўхтаб қолмасдан, бу муддат икки баравар кўпайиб, бўйин товлаган кундан бошлаб ҳисобланади. Демак, қонуннинг бу мазмунига кўра, маҳкум жазони ўташдан бўйин товлаб, қочиб юрган вақтда ҳам муддатини ўтиши давом этаверади.
ЎзР ЖКнинг 69-моддасида белгиланишича, жавобгарликка тортиш муддатлари ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб ҳисобланади. Аммо ЎзР ЖПКнинг 533-моддасида назарда тутилган асосларга кўра,яъни:
1)маҳкум жазони ўташига монелик қиладиган даражада оғир касал бўлиб қолганлиги;
2)ҳукмни ижро этиш пайтигача маҳкума ҳомиладор бўлиб, қолганлиги;
3)маҳкумнинг ёш боласи бўлса, уч ёшга тўлгунча;
4)жазони дарҳол ўташни бошлаш ёнғин ёки бошқа бирор табиий офат юз берганлиги, оиланинг ягона меҳнатга яроқли аъзоси оғир касал бўлиб қолганлиги,вафот этганлиги оқибатида ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар маҳкум ёки унинг оиласини жуда мушкул аҳволга солиб қўйилганлиги муносабати билан ҳукмнинг ижроси кечиктирилган тақдирда жазони ижро этиш муддатини қайси пайтдан бошлаб ҳисоблаш керак деган савол туғилади. Бундай ҳолда ҳам қонунда бошқача ҳолат назарда тутилмаганлиги туфайли жазони ижро этиш муддатлари ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар маҳкумга нисбатан ЎзР ЖПК нинг 533-моддаси асосида жазонинг ижроси кечиктирилиб, кечиктирилган муддат мобайнида шахс жазони ўташдан бош тортса (қочиб кетса, яширинса),ЎзР ЖК 69-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганига кўра, жазони ижро этиш муддати бўйин товлаган кундан бошлаб ҳисобланади.
Жазони ижро этиш муддатлари қонунда белгиланган муддатнинг охирги куни кеч соат 24-00 да тугайди.
Жазони ўташдан бўйин товлаш шахснинг очиқда бўлганлиги ёки ҳибсда сақланган вақтда қилинганлигининг аҳамияти йўқ. Агар шахс ҳибсда сақланган жойидан қочса,у қасддан янги жиноят содир қилган ҳисобланиб, ЎзР ЖКнинг 222-моддаси билан ҳам жавобгар қилиниб, муддатнинг ўтиши ҳибсдан қочган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар шахсга нисбатан ЎзР ЖПК нинг 237-моддасида назарда тутилган; муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат, шахсий кафиллик, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги, гаров тариқасидаги эҳтиёт чораларидан бири қўлланиб, шахс жазони ўташдан бўйин товлаган бўлса, ЖК 69-моддаси иккинчи қисмида белгиланганига кўра, жазони ижро этиш муддати икки баравар кўпаяди ва жазони ўташдан бўйин товлаган кундан бошлаб ҳисобланади.
Жазони ўташдан бўйин товлаш, суд томонидан жазонинг ўташ учун белгиланган жойга келмаслик, ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган бўлса, ишга келмаслик ва жазони ўташдан бўйин товлаш деб топилиши мумкин.
Ҳарбий хизматчиларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида, ҳарбий қисм қўмондонлигининг кузатуви ўрнатилган бўлиши ҳам мумкин, ана шу кузатувдан бўйин товлаш ҳам жазонинг ижроси муддатларининг икки баровар кўпайишига сабаб бўлади ва бўйин товлаган вақтдан бошлаб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |