95-м о д д а. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш
тўғрисидаги ажрими устидан шикоят қилиш
Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят қилиниши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
1. Амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилиги бўйича манфаатдор шахслар биринчи инстанция судларининг ажримлари устидан шикоят бериши ва протест келтириш ҳуқуқидан ҳамиша фойдаланавермайдилар. Бундай ҳуқуқдан ишда иштирок этувчи шахслар ФПКнинг 346-моддасида кўрсатилган ҳоллардагина ҳақли бўладилар. Ушбу моддада эса, суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят беришга, прокурор хусусий протест келтириш мумкинлиги тўғрисида сўз боради.
Бундай ҳуқуқнинг тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга берилиши суднинг ажрими ишнинг тезлашувига тўсқинлик қилмаслигидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал қонунчилигида иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят (протест) келтиришга тарафлар ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақли бўлиши мустақил республикамиз фуқароларининг инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий меъёр деб ҳисоблашга барча асослар мавжуд. Шунга кўра, бизнинг фикримизча, ишдан манфаатдор шахсларнинг суд ажримларидан норози бўлган шахсларнинг юқори судларга хусусий шикоят бериш, прокурорнинг хусусий протест келтиришга бўлган ҳуқуқини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ бўлади.
96-м о д д а. Иш юритишни тиклаш
Иш юритиш уни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар барҳам топгач, ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига мувофиқ ёки суднинг ташаббуси билан тикланади.
Иш юритиш тикланганида суд ишда иштирок этувчи шахсларни умумий асосларда чақиради.
1. Фуқаролик процессуал қонунчилигида иш юритишни мажбурий ва факультатив тўхтатиб туриш ҳақидаги қоидалар кенг берилган бўлиб, шуларга кўра кўрсатилган ҳолатлардан ташқари тўхтатиб туриш масаласини янада қатъий кенг шарҳлаш ман этилмаган. Шу туфайли суд (судья) қонунда кўрсатилмаган ҳолатлар мавжуд бўлса, иш юритишни тўхтатишга ҳақли деб қаралмоғи керак.
Юқорида баён қилинганидек, иш юритишни тўхтатиш билан иш кўришни қолдиришнинг фарқларидан бири, агар биринчисида иш юритишни тиклаш тўғрисида кун, ой, йил аниқ белгиланмаган бўлиб, фақат уни тўхтатишга тўсқинлик қилувчи асослар бартараф этилгандан кейингина иш кўришни қайта тиклаш белгиланган бўлса, аксинча, иш кўришни қолдиришда қайси куни кўрилиши, соати аниқ белгиланган бўлиб, ишда иштирок этувчи шахслар бу ҳақда хабардор қилинган бўладилар.
Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбурияти ҳамда иш юритишни тўхтатиб туришга бўлган ҳуқуқи бўйича кўрсатилган тўсиқлар бартараф бўлгандан сўнг суд ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахслар бошланган ишни қайта тиклашга (кўришга) оид процессуал ҳаракатларни амалга оширишга киришади. Тарафлар бу ҳақда судга ариза билан мурожаат этишлари, суд эса, бу ҳақда ажрим чиқаради. Ажримда иш кўриш билан боғлиқ бўладиган процессуал ҳаракатлар кўрсатилган бўлади. Ана шу ҳаракатлар ичида ишда иштирок этувчи шахсларни умумий асосларга кўра чақириш чораларини кўради.
Суд амалиётида айрим судлар иш тўхтатиш учун вужудга келган тўсиқлар бартараф қилиниши билан иш юритишни тикламасдан иш юритишни тугатиш ёки аризани кўрмаслик ҳақида процессуал ҳаракатларга қўл урадилар. Бундай ҳаракатлар ғайриқонуний ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |