3484-м о д д а. Кассация шикоятининг (протестининг)
мазмуни
Кассация шикояти ёки протестида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) шикоят берилаётган ёки протест келтирилаётган суднинг номи;
2) шикоят бераётган ёки протест келтираётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
3) шикоят берилаётган ҳал қилув қарори ва уни чиқарган суд;
4) ҳал қилув қарорининг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги;
5) шикоят бераётган ёки протест келтираётган шахснинг илтимоси;
6) шикоят ёки протестга илова қилинган ёзма материалларнинг рўйхати.
Кассация шикоятини шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили имзолайди. Кассация протести ушбу ишда қатнашганлигидан қатъи назар прокурор ёки унинг ўринбосари томонидан келтирилади ва имзоланади.
1. Ушбу қонуннинг мазмуни ва шаклидан кўринадики, кассация шикояти ва протестини беришда манфаатдор шахслар белгиланган шаклга ва мазмунга риоя этишлари талаб этилади.
Кассация шикояти бериш (протест келтириш) учун унинг сабабларини пухта таҳлил этган ҳолда ФПКнинг 3484-моддаси талаблари асосида бериш талаб этилади.
Кассация шикояти (протести) судда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб равишда нусхалари билан қўшиб берилади.
Судья зарур ҳолларда, кассация шикояти берган шахсга ёки протест келтирган прокурорга, шикоят (протест)га илова қилинган ёзма материалларнинг ишда иштирок этувчи шахслар сонига қараб, нусхалари билан келтириш мажбуриятини юклаши мумкин.
Кассация шикоятини берувчи шахс белгиланган миқдордаги (дастлабки даъво талабларининг 50 фоизи миқдоридаги) давлат божини тўлаши лозим.
Агар кассация шикояти бериш ёки протест келтириш пайтида ФПКнинг 3483 ва 3484-моддалари талаблари бузилишига йўл қўйилган бўлса ёки давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс шикоят берганлик учун бож тўламаган бўлса, кассация шикояти ёки протести ҳаракатсиз қолдирилади.
2. Агар кассация тартибида берилган шикоятда, прокурор келтирган протестда, кассация судига мурожаат этиш асосларида янги далилларнинг мавжудлиги ва буларни биринчи инстанция судида кўрилмаганлиги ҳақидаги важлар кўрсатилган бўлса, суд ана шу далилни биринчи инстанция судига тақдим этмаганлик сабабларини аниқлаши лозим.
Шикоят бериш, протест келтириш учун асос бўладиган далилларни кейинчалик топилганлиги ва бошқа ҳолатлар асослантирилган тақдирда, кассация шикояти (протести)ни суд қабул қилиши мумкин.
Агар кассация шикоятини берган шахс давлат божини тўлаши қонунда кўрсатилган бўлса, давлат божини тўлаганлик ҳақидаги маълумот шикоятга илова қилинади.
3. Кассация тартибида протест келтириш учун прокурор фуқаролик ишини биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган-этмаганлиги инобатга олинмайди.
Прокурор ишда қандай шаклда иштирок этса ҳам, у ҳамма вақт суд фаолиятини эмас, балки судда қонуннинг бажарилишини назорат қилувчи ва одил судловни амалга оширишда кўмаклашувчи шахс бўлиб қолаверади. Шу сабабли прокурор процессда қайси томоннинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қарамасдан, процессда қайси тарафнинг ҳуқуқи бузилса, барча ҳолларда ана шу бузилишга қарши чиқиши лозим. Бундан ташқари, прокурор даставвал тутган йўлидан қатъи назар, судда низо кўрилганидан сўнг оқибатда ҳақли чиққан тарафнинг манфаатини ҳимоя қилади.
Маълумки, талаб қўзғатган прокурор жавобгарга қарши бўлган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилади. Аммо ишнинг судда кўрилиши натижасида талабнинг асоссизлиги аниқланса, прокурор ундан воз кечиб, даъвогарнинг талабини рад қилишни суддан сўрайди ва шу билан жавобгарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилган бўлади.
Прокурорнинг иккинчи инстанция судида иштирок этиши тўғрисида шуни айтиш керакки, унинг бу инстанцияда икки шаклда, биринчидан, суд қарори устидан шикоят, протест келтириш йўли билан, иккинчидан, тарафлардан бирининг суд қароридан норози бўлиб шикоят аризаси берганида бу тўғрида фикр бериш йўли билан иштирок эта олади. Прокурорнинг протест билдириш ҳуқуқи – унинг биринчи инстанция судида ишнинг кўрилишида иштирок қилиш-қилмаслигига боғлиқ эмас. Кассация протестини барча прокурорлар, яъни туман, шаҳар, вилоят ва юқори турувчи прокурорлар бера оладилар. Иккинчи инстанция судида протест кўрилганида прокурор иштирок этади ва протестни қувватлайди.
Агар тарафлардан бири суд қарори устидан шикоят аризаси берган бўлса, бу шикоят судда кўрилишида прокурор, гарчи ўзи протест бермаган бўлса ҳам, иштирок эта олади ва ўзининг оғзаки ва ёзма фикрини беради.
Прокурор биринчи ва иккинчи инстанция судларида иштирок этишдан ташқари, юқорида айтилганидек, суд қарорларининг қонуний кучини ҳам текширишга ҳақлидир. Унинг бу ҳуқуқи суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажримлари ва қарорлари юзасидан протест келтиришдан иборат. Кассация ва назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқи ФПКнинг 3481, 349-моддасида кўрсатилган шахсларга берилган.
Назорат тартибида берилган протестни назорат инстанцияси судида кўришда прокурорнинг иштирок этиши шарт ва иш бўйича ўзи ёки юқори турувчи прокурор келтирган протестни қувватлайди, ваколатли шахсларнинг берган протести бўйича иш юзасидан фикр беради. Демак, прокурор ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда амага оширади, жумладан:
-инсон ва фуқароларнинг ижтимоий, сиёсий, шахсий ҳуқуқлари, эркинликларини муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назорат олиб бориш;
-судларда жиноий ишларни кўриб чиқилишида давлат айбини қўллаб-қувватлаш, судларда фуқаролик ишларини, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳамда хўжалик ишларини қараб чиқишда иштирок этиш, қонунларга зид бўлган ҳужжатларга протест келтириш ва ҳоказолар.
Do'stlaringiz bilan baham: |