3483-м о д д а. Кассация шикояти бериш (протести
келтириш) тартиби
Кассация шикоятлари ва протестлари кассация инстанцияси суди номига ёзилади, лекин ҳал қилув қарори чиқарган судга берилади.
Вакил томонидан берилган кассация шикоятига ишончнома ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.
Кассация шикояти ёки протести ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдордаги нусхалари билан судга берилади.
Судья, зарур ҳолларда, кассация шикояти берган шахс ёки кассация протести келтирган прокурор зиммасига кассация шикояти ёки протестига илова қилинган ёзма материалларнинг нусхаларини ишда иштирок этувчи шахслар сонига мутаносиб миқдорда тақдим этиш мажбуриятини юклаши мумкин.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки ходим бир ишдан бошқа ишга ғайриқонуний равишда ўтказилганида аввалги ишига тиклаш тўғрисида суд чиқарган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти шу қарорнинг ижросига доир ҳужжат илова қилинган тақдирдагина қабул қилинади.
1. Қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарорлари устидан кассация тартибида шикоят бериш, протест келтириш тартиби апелляция инстанцияси судига шикоят бериш тартибига ўхшаш бўлиб, бу борада ҳеч қандай фарқ кўзга ташланмайди.
Кассация шикоятлари ва протестлари кассация инстанцияси суди номига ёзилади, лекин ҳал қилув қарори чиқарган туманлараро, туман (шаҳар) судлари орқали юборилади.
Агар иш кўришда вакил қатнашган бўлса, вакил томонидан берилган кассация шикоятига ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар илова қилинади. Кассация шикояти бериш (протест келтириш) тартиби ФПКнинг 3483-моддасида ўз ифодасини топган.
2. Биринчи инстанция судида жавобгарнинг вакили сифатида қатнашган вакил суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан ўзининг ташаббуси билан ҳам шикоят бериши мумкин. Булардан ташқари, биринчи инстанция судида вакил сифатида қатнашган адвокатлар ҳам суднинг ҳал қилув қарори устидан кассация шикоятини бериши мумкин, бунинг учун вакиллар бу ҳақда вакилга берилган ваколатномада кўрсатилган ҳоллардагина ҳақли бўладилар.
Агар иш юзасидан адвокат кассация шикоятини юқори судга берган бўлса-ю, бироқ, жавобгар бу билан келишмаган бўлса, жавобгар шикоятни қайтариб олиш билан бир қаторда, адвокатнинг хизматидан ҳам воз кечишга ҳақли.
Агар кассация инстанцияси судида жавобгар вакилнинг хизматидан воз кечган бўлиб, ишда бошқа вакил қатнашмаётган ва бошқа шикоятлар берилмаган тақдирда, кассация тартибида берилган шикоят (протест) рад қилиниб, кассация судида иш юритиш тугатилади1.
3. Агар судья лозим топса (бундай ҳоллар ишнинг мураккаблиги, ҳисоб рақамлари билан боғлиқлиги ва ҳ.к.) шикоят ёки протест, ишга оид айрим ҳужжатларнинг нусхаларини манфаатдор шахсларнинг сонига қараб нусхалари билан олиб келишни талаб қилиши мумкин. Бундай тартиб ишда иштирок этувчи шахсларга суд процессига пухта тайёргарлик кўриши учун замин тайёрлашга, жавобгарга шикоят (протест)га нисбатан эътироз билдириши учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 322, 3483-моддаларига асосан апелляция ва кассация тартибида берилган шикоят ва келтирилган протестлар тегишли инстанция суди номига ёзилса-да, лекин ҳал қилув қарори чиқарилган судга тақдим қилинади. Шу ўринда, судларга тушунтирилсинки, бевосита ишни кўриш лозим бўлган апелляция ёки кассация инстанциясига бу шикоятларнинг берилиши ёки протестларнинг келтирилиши уларни кўрмай қолдириш ёки қайтаришга асос бўла олмайди. Бундай тартибда келиб тушган шикоят ва протестлар ҳал қилув қарори ёки ажрим чиқарган судга тегишли тартибда расмийлаштириш учун юборилади.
Юқори инстанция судлари, прокуратура ва бошқа идораларга бир йиллик муддат давомида тарафлардан келиб тушган шикоятлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 3483, 3484, 3485, 3486, 3487, 3488-моддалари талабларига кўра, ҳал қилув қарори чиқарган судга кассация тартибида расмийлаштириш учун юборилади.
Биринчи босқич судига берилган кассация шикояти ёки протести ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб турилишига асос бўлади. Биринчи инстанция суди зудлик билан ҳал қилув қарорининг тўхтатиб турилиши ҳақида ажрим чиқариши ва Фуқаролик процессуал кодексининг 325, 3486-моддаларида белгиланган процессуал ҳаракатларни амалга ошириб, дарҳол ишни тегишли инстанция судига расмийлаштириб юбориш чораларини кўриши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |