Шахсни психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза суд томонидан ўн кунлик муддат ичида стационарга ётқизилаётган шахснинг қонуний вакили ва стационарга ётқизишнинг асослилиги тўғрисида хулоса берган комиссия таркибидаги шифокор психиатр, прокурор, шунингдек шахс ётган психиатрия муассасаси вакили иштирокида кўриб чиқилади. Суд мажлисига муассаса вакилининг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги аризани кўриб чиқишга монелик қилмайди, бироқ суд унинг келишини шарт деб топиши мумкин.
1. Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизишга оид қоидалар икки масалани ҳал этишни назарда тутади:
Биринчидан, руҳий касалланган шахснинг шахсан ихтиёридан ташқари мажбуран даволаш учун стационарга ётқизиш билан боғлиқ бўлиб;
Иккинчидан, психиатрия стационарига ётқизилган шахснинг даволаниши охирига етказилмаганлиги сабабли, уни стационарда ётиш муддатини яна бир неча вақтга узайтириш масалаларни ҳал этиш лозимлигини эътиборга олишни билдиради.
Суд бу туркумдаги ишларни кўришда аризанинг мазмунига аҳамият бериши лозим, чунки ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ва даволанаётган руҳий касални даволаш муддатини узайтиришга оид тақдим қилинадиган ҳужжатлар ва суд қарорлари мазмун жиҳатидан турлича бўлади.
2. Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги аризани судда кўриш хусусиятлари мавжудлигига эътибор бериш лозим. Бунга кўра, суд ҳар икки ҳолларда (психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг стационарда ётиш муддатини узайтириш) ишни белгиланган ўн кун муддатда кўришга риоя этилишига; аризани кўришда шахсни қонуний вакилининг иштирокини таъминланганлиги; стационарга ётқизиш асослари ва шу асослар ҳақиқийлигини тасдиқловчи шифокор психиатрнинг иштироки; руҳий стационарга ётқизиш тўғрисидаги қонунларни қонунийлигини назорат қилувчи прокурорнинг иштироки ва ниҳоят, руҳий касал даволанаётган психиатрия муассасасининг вакили иштирокида кўриб ҳал этилиши бу масалани ниҳоятда жиддий ва муҳимлигидан далолат беради.
Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг стационарда ётиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани суд мажлисида кўришда руҳий муассаса вакили узрсиз сабабларга кўра, келмаган тақдирда унинг иштирокисиз суд аризани кўриб ҳал қилиши мумкин. Агар унинг иштирокини суд зарур деб топган ҳолларда қонунда белгиланган судга келтириш чораларини кўришга ҳақли.