290-м о д д а. Бедарак йўқолган деб топилган ёки ўлган деб
эълон қилинган фуқаро қайтиб келишининг,
ёки унинг турар-жойи аниқланишининг
оқибатлари
Бедаpак йўқолган деб топилган ёки ўлган деб эълон қилинган фуқаpо қайтиб келган ёки унинг турар-жойи аниқланган тақдиpда, суд янги ҳал қилув қаpоpи билан ўзининг илгаpиги ҳал қилув қаpоpини бекоp қилади. Янги ҳал қилув қаpоpи тегишинча мулкка нисбатан бошқарувчини ёки фуқаpолик ҳолати актлаpини қайд этиш дафтаpидаги фуқаpонинг вафотига доир ёзувни бекоp қилиш учун асос бўлади.
1. Умумий қоидага кўра, биринчи инстанция тариқасида кўриб ҳал этилган фуқаролик ишларини фақат юқори судларгина бекор қилиши, ўзгартирилиши, қисман ўзгартирилиши ёки ўз кучида қолдириши мумкин. Бироқ айрим ҳолларда қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилса иш кўрган суд ўзи чиқарган ҳал қилув қарорини бекор қилиши мумкин. Бундай ҳолат ушбу шарҳланаётган қоидада ўз ифодасини топган.
Бундай ишларни, масалан, қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш институтидан фарқлаш керак, чунки ишни қайта кўриш бу назорат босқичига хослиги билан фарқланади. Бедарак йўқолган деб топилган ёки ўлган эълон деб қилинган фуқаро қайтиб келганда олдинги ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун янги иш қўзғатилмайди. Бекор қилиш учун янги ҳал қилув қарори чиқариш илгариги ишнинг давоми ҳисобланади.
2. Вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг қаерда турганлиги маълум бўлган тақдирда, уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинади.
Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинганидан кейин у ҳар қандай шахсдан бу шахсга бепул ўтиб қолган мавжуд мол-мулкини ўзига қайтариб беришни уч йил мобайнида суд орқали талаб қилишга ҳақли, ушбу Кодекснинг 229-моддаси иккинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Агар вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг мол-мулки унинг ворислари томонидан учинчи шахсларга сотилган бўлиб, бу шахслар ҳарид нархини фуқаро қайтиб келган пайтгача батамом тўламаган бўлсалар, бу ҳолда тўланмаган суммани талаб қилиш ҳуқуқи қайтиб келган фуқарога ўтади.
Вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг мол-мулкини ҳақ тўлашни назарда тутадиган битимлар асосида олган шахслар мол-мулкни вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг тириклигини била туриб сотиб олганликлари исботланса, улар фуқарога бу мол-мулкни қайтариб беришлари шарт. Бундай мол-мулкни асл ҳғолида қайтариб беришнинг имкони бўлмаса, унинг қиймати тўланади.
Агар вафот этган деб эълон қилинган шахснинг мол-мулки мерос ҳуқуқи бўйича давлатга ўтган ва сотиб юборилган бўлса, фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинганидан кейин унга мол-мулкни сотишдан тушган пул қайтариб берилади.
3. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки ўлган деб эълон қилинганлиги туфайли уларни қайтиб келиши ҳақида шу фуқарони ўзи, уни бедарак йўқолган ёки ўлган деб эълон қилиш учун муқаддам судга мурожаат этган манфаатдор шахслар судга ариза билан уларни ҳаётлигини билдиришлари мумкин. Бундай ҳолларда давлат божи ундирилмайди.
Бедарак йўқолган деб топилган ёки ўлган деб эълон қилинган шахс қайтиб келган ҳолларда фуқаролик иши уларнинг иштирокида кўрилади.
Муқаддам қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ушбу моддада белгиланган ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |