Фуқаpони бедаpак йўқолган деб топиш ёки фуқаpони ўлган деб эълон қилиш тўғpисидаги ишлаp албатта прокурорнинг иштиpокида кўpилади.
1. Фуқаролик процессида прокурорнинг иштирок этиш шакллари ҳақида ушбу шарҳнинг 46-47-моддаларида батафсил баён қилинган.
Прокурор бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судда иштирок этиши билан иш юзасидан қонуний, асосий ва адолатли ҳал қилув қарорини чиқаришда судга кўмаклашади. Шу боисдан ҳам фуқаролик иши бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган тақдирда, айниқса, қонунда ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғида кўрсатилган ҳолларда процессда иштирок этиши лозимлиги кўрсатилган.
Ушбу шарҳланаётган қоидада фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки фуқарони ўлган деб эълон қилиш тўғрисидаги ишларни судда прокурорнинг иштирокида кўрилиши қайд қилинган. ФПКнинг 46-моддаси иккинчи қисмида қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурорнинг қатнашишини зарур деб топган ҳолларда фуқаролик ишини кўришда, шунингдек, прокурорнинг аризаси билан қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
2. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги ишларни прокурорнинг иштирокида кўрилишининг сабаблардан бири сифатида давлатнинг бундай ишларни тўғри ҳал этишдан манфаатдорлиги, деб қараш керак.
3. Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги ишларни кўришда прокурорнинг берган аризасидан воз кечиши бошқа манфаатдор шахсларни ушбу ишни мазмун кўриб чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди (ФПКнинг
47-моддаси).
289-м о д д а. Суднинг ҳал қилув қаpоpи
Суднинг фуқаpони бедаpак йўқолган деб топиш ҳақидаги ҳал қилув қаpоpи бедаpак йўқолган шахснинг мол-мулки туpган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органининг бу мулкка нисбатан бошқарувчи тайинлаши учун асос бўлади. Суднинг фуқаpони ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қаpоpи фуқаpолик ҳолати актлаpини қайд этиш органининг фуқаpолик ҳолати актлаpини қайд этиш дафтаpига мазкуp фуқаpони ўлган деб ёзиб қўйиши учун асос бўлади.
1. Агар суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги материалларни батафсил кўриб, уни бедарак йўқолганлигига шубҳа туғилмаган ҳолларда, бу ҳақда ҳал қилув қарори чиқаради.
Суднинг бу туркумдаги ишлар юзасидан чиқариладиган ҳал қилув қарори ҳам даъволи ишлар бўйича чиқариладиган ҳал қилув қарори талабларига ўхшаш бўлса-да, бироқ алоҳида тартибда кўриладиган ишлар бўйича айрим истисноларни инобатга олган ҳолда чиқарилади (ФПКнинг 203-206-моддалари).
Ҳал қилув қарори суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги талабларга риоя қилган ҳолда чиқарилади. Бу ҳақда ФКда қуйидагилар кўрсатилган:
Агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ, суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин.
Йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган кунни аниқлаш мумкин бўлмаса, бедарак йўқолган деб ҳисоблаш муддати йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан, бу ойни белгилаш мумкин бўлмаган тақдирда эса-кейинги йилнинг биринчи январидан бошланади.
Бедарак йўқолган деб топилган фуқаронинг мол-мулкини доимий суратда бошқариб туриш зарур бўлса, бу мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланадиган ва ушбу орган билан тузиладиган ишончли бошқарув тўғрисидаги шартнома асосида иш олиб борадиган шахсга топширилади.
Ушбу мол-мулкдан бедарак йўқолган шахс қонунга мувофиқ боқиши керак бўлган фуқароларга таъминот берилади ва унинг солиқлар ва бошқа мажбуриятлар бўйича қарзлари тўланади.
Васийлик ва ҳомийлик органи йўқолган фуқаронинг қаердалиги тўғрисида маълумот олинган кундан бошлаб бир йил ўтгунга қадар ҳам унинг мол-мулкини муҳофаза қилувчи шахсни белгилаши мумкин.
Шахсни бедарак йўқолган деб топишнинг ушбу моддада назарда тутилмаган оқибатлари қонун билан белгиланади.
Демак, юқоридагиларга кўра, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори унинг мол-мулкига нисбатан бошқарув (ҳомий) тайинлаш учун асос бўлади.
2. Фуқарони ўлган деб эълон қилиш қарорини асослантириш ва хулоса қисмларида ёзиладиган ҳолатларга эътибор қаратилиши лозим.
Суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш учун белгиланган муддат ичида барча амалга оширилган ҳаракатлар кўрилгандан (қидирув эълон қилиниши тегишли маълумотлар олинган бўлса ва ҳоказо) сўнг ишни кўришга киришади.
Фуқаролик кодексида бу масала батафсил берилган. Бунга кўра, агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин.
Ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқаро ҳарбий ҳаракатлар тамом бўлган кундан эътиборан камида икки йил ўтгандан кейин суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши мумкин.
Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади. Ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган фуқаро вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, суд унинг тахмин қилинган ҳалокат кунини ушбу фуқаронинг ўлган куни деб топиши мумкин.
Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш бундай фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари борасида унинг ўлими олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни вужудга келтиради.
Фуқарони ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорининг асослантириш ва хулоса қисмларида фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва уни ўлган деб эълон қилиш асослари батафсил кўрсатилган бўлиши лозим, жумладан қайси вақтдан буён бедарак йўқолгани, охирги вақтда ва қайси жойдан ҳабар олингани, булар нималар билан тасдиқланиши ва ҳоказо.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида бедарак йўқолган ёки фуқарони ўлган деб эълон қилинган шахс тўғрисида тўлиқ маълумот, яъни фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган ойи, йили, қайси вақтдан буён бедарак йўқолган ёки ўлган деб эълон қилингани, охирги яшаш жойи ва ҳоказолар кўрсатилиши лозим.
Фуқарони ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорининг нусхаси суд томонидан фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш органларида белгиланган тартибда фуқарони ўлган деб расмийлаштириш учун асос бўлади.