263-м о д д а. Ҳал қилув қарори чиқарилгунига қадар
алиментлар ундириш
Алиментлар ундириш тўғрисидаги ишларни кўрган вақтида суд, зарур бўлса, ишни мазмунан ҳал қилгунига қадар тарафларнинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, эр (хотин) ўз хотинини (эрини) боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ тўлаб туриши лозимлиги, болаларни боқиш ва тарбиялашга эр-хотиндан қайси бири ва қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши лозимлиги, шунингдек, болалардан қайси бири ота-оналарини боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши лозимлиги тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.
Суднинг ажрими дарҳол ижро этилади.
1. Ушбу қоиданинг мазмунидан шундай хулоса қилиш жоизки, алимент ундириш деганда нафақат болаларни тарбиялаш, боқиш билан боғлиқ моддий ёрдам бўлибгина қолмасдан, шу билан бир вақтда агар вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товлаган тақдирда, уларга таъминот беришга мажбур эканлиги Оила кодексининг 110-моддасида ўз ифодасини топган. Бу қоидада вояга етмаган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низосиз узул-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкинлиги кўрсатилган.
2. Оила кодексининг 96-моддасида ота-она вояга етмаган болаларга таъминот беришга мажбур эканлиги, агар улар бундай таъминотни ихтиёрий равишда бажармаганларида ота-онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши белгиланган.
Ҳал қилув қарори чиқарилгунига қадар алиментлар ундириш тўғрисидаги ишларни кўрган вақтда суд тарафларнинг моддий аҳволини эътиборга олган ҳолда эрдан-хотинга, шунингдек хотиндан эрга вақтинча таъминот бериш масаласини ҳал этиши мумкин. Шунингдек, ота-онадан болаларни боқиш ва тарбиялашга қайси бири ва қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши ажримда кўрсатилмоғи лозим. Бундай низоли ишлар судда ҳал этилгунга қадар алимент ундиришда судья болаларнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасида боланинг отаси (онаси) деб ёзилганини текшириши лозим. Агар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида отаси-онаси деб ёзилганлиги аниқлангандан сўнг низони узил-кесил ҳал этилгунга қадар судья қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда вақтинча алимент ундириш масаласини ҳал этади. Суд бундай ишларни кўриб ҳал этишда ажрим чиқаради.
Суднинг ажрими дарҳол ижро этилади ва бунга асос бўлиб, эр-хотиннинг, болаларнинг моддий жиҳатдан муҳтожлиги назарда тутилган.
Бу ҳолатларни суд амалиётидан олинган айрим мисоллар билан изоҳлаймиз, масалан:
Н. судга даъво билан мурожаат қилиб, 1996 йил июнь ойидан бошлаб Т. билан қонуний никоҳдан ўтмасдан турмуш қурганликларини, 1997 йил 2 августда Н. исмли қизи туғилганлигини кўрсатиб, боласи учун алимент ундиришни сўраган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди Раёсати қуйидаги асосларга кўра суд ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юборган.
Аниқланишича, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида, боланинг отаси сифатида жавобгар эмас, балки бошқа шахс бўлган Э. кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 62-моддаси 1-бандига кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.
Ушбу қонун мазмунига кўра, болага оталик белгилангандан сўнггина алимент ундириш масаласи кўриб чиқилади.
Суд қайд этилган қонун нормасига амал қилмасдан, ФҲДЁ органлари томонидан оталик тўғрисида киритилган ёзув боланинг унда кўрсатилган шахсдан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланишини эътиборга олмасдан, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида отаси сифатида кўрсатилмаган Тошматовдан алимент ундириш ҳақида барвақт хулосага келган.
Бундай ҳолда суд аввал боланинг отаси ким эканлигини аниқлаб, шундан сўнг алимент ундириш ҳақида бирор тўхтамга келиши лозим эди1.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига тўхталиб ўтамиз.
Ишни кўриш бошқа кунга қолдирилган ва эр-хотинга ярашиш учун муҳлат берилганда суд ФПКнинг 263-моддаси, Оила кодексининг 112-моддасига кўра иш кўрилгунига қадар болалар таъминоти учун алимент ундириш масаласини муҳокама қилишга ҳақли.2
2) Никоҳдан ажратиш процессида қўзғатилган алимент ундириш ҳақидаги талабни алоҳида иш юритишда кўришда, агар ФПКнинг 263-моддаси тартибида муқаддам алимент ундирилмаган бўлса, Оила кодексининг 136-моддоси кўра, алимент судга мурожаат қилинган кундан бошлаб ундирилишини, агар суд томонидан даъвогар алимент ундириш учун барча чораларни кўришга қарамай, жавобгар уни тўлашдан бош тортгани сабабли алимент ундира олмаганлигини, шунингдек, даъвогар ўз вақтида даъво тақдим қилмаганлиги, уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга алимент ундириш мумкинлигини назарда тутиши лозим.3
Do'stlaringiz bilan baham: |