261-м о д д а. Алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича жавобгарнинг судга келиши
Суд алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича жавобгарнинг судга келишини шарт деб топиши мумкин. Агар бундай ҳолда жавобгар суд мажлисига суд узрсиз деб топган сабабларга кўра келмаса, у мажбурий тартибда келтирилади ва унга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солинади. Мажбурий тартибда келтириш суднинг ажримига биноан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
1. Алимент ундириш билан боғлиқ ишлар болаларни моддий томондан таъминлашга қаратилган бўлганлиги туфайли суд бундай ишларни кўришда унинг хусусиятларини эътиборга олиши лозим.
Алимент ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган ишларнинг хусусиятлари шундан иборатки, у ҳамиша шахсий муносабатлардан келиб чиқади, бундай туркумдаги ишларда процессуал ҳуқуқни қабул қилишликка йўл қўйилмайди.
Алимент ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича бу хусусиятларни эътиборга олмаслик, тарафларнинг ва бошқа мансабдор шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини жиддий бузилишига, ғайриқонуний ва асослантирилмаган қарорларнинг чиқарилишига олиб келиши мумкин.
Бу хусусиятлар қуйидагиларда ифодаланган, яъни:
Болалар таъминоти учун алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволарни мустақил қўзғатиш билан бир қаторда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъволар билан, яъни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, болани тарбияга бериш, оталикни белгилаш тўғрисидаги даъволар билан бирга ҳам қўзғатилиши мумкинлигини назарда тутиш керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги 22-сонли қарорининг 14-бандида суд никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўришда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида ишда аниқланган ҳолатга мувофиқ манфаатдор шахс томонидан даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганлигидан қатъи назар болалар тарбияси учун алимент ундириш масаласини муҳокама қилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Болалар манфаатларининг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда қонун-қоидалар никоҳдан ажралиш тўғрисида ариза берган эр-хотинга яраштириш тўғрисида муддат беришни назарда тутган бўлса ҳам низо бўлмаган ҳолларда ажралиш ишлари кўрилгунга қадар нафақа ундириш масаласини ишни қўзғатмасдан туриб суд муҳокама қилишга ҳақли. Судлар даъвогарнинг турар-жойи номаълум бўлганида ҳам даъво аризасини қабул қилишни рад қилмасдан, балки ўз ташаббуслари бўйича жавобгарнинг турар-жойини аниқлашга ва унинг даъво ишининг судда кўрилиши куни тўғрисида хабардор қилишга чоралар кўришга мажбурлар.
Вояга етмаган болалар ва муомалага лаёқатсиз шахсларнинг манфаатларини ва уларнинг алимент олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати оила қонунчилигида белгиланган.
Агар жавобгарнинг яшаб турган жойи номаълум бўлса, уни ички ишлар органлари орқали қидириш мажбурияти белгиланган (ФПКнинг 140-моддаси).
Жавобгарнинг суд мажлисида ҳозир бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор берилади. Алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича жавобгарнинг судга келиши умумий қоида бўйича мажбурий ҳисобланади. Агар жавобгар суд томонидан узрсиз деб топилган сабаблар бўйича суд мажлисига келмаса, унга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солинади ва мажбурий равишда келтирилиши мумкин.
Жавобгар бошқа шаҳарда ёки туманда яшаса ва унинг судга келиши қийинроқ бўлса, у касаллиги ва бошқа узрли сабаблар билан процессда қатнаша олмаса, суд уни мажлисга келишдан озод қилиши мумкин. Бундай ҳолда ишни кўрувчи суд жавобгардан ишнинг ҳолати ва қўзғатилган даъвонинг юзасидан батафсил баёнот олиши керак.