229-м о д д а. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг
устидан шикоят бериш (протест келтириш)
Жавобгар ҳал қилув қарорини сиртдан чиқарган судга шу ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриш ҳақида ариза беришга ҳақли.
Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори устидан ушбу Кодекснинг 37-бобда белгиланган тартибда ҳам шикоят бериш (протест келтириш) мумкин.
1. Сиртдан иш юритиш тартибини ўзига хос хусусиятларидан яна бири, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қароридан норози бўлган жавобгар ариза билан юқори судга эмас, шу судга мурожаат қилишга ҳақли бўлишидир.
Ушбу қоиданинг мазмунига кўра, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига нисбатан икки турда: 1) шу ишни кўрган судга жавобгарнинг аризасига кўра, 2) юқори апелляция шикоятини бериш судга, протест келтириш йўли билан ишда иштирок этувчи шахслар ўз норозилигини билдиришлари мумкин. Бундай ҳолларда жавобгар ана шу икки турдан бирини танлаб эътироз билдиришга ҳақли бўлиши мумкин. Лекин бундай тартибнинг қанчалик асосли эканлигини, яъни қайси ҳолларда шикоят бериш, протест келтиришга ҳақли бўлиши Республика Олий суди Пленуми ўзининг тушунтиришларида изоҳлаб бериши мақсадга мувофиқ бўлади, деган фикрдамиз.
2. Юқорида баён қилганимиздек, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида ишда иштирок этувчи шахсларнинг шикоят беришлари, прокурорнинг протест келтириши кўрсатиб ўтилган.
Юқорида келтирилган қоидаларни ривожлантира бориб, ФПКнинг 229-моддаси суд мажлисида иштирок этмаган даъвогар ва жавобгарларга ғайриқонуний, асослантирилмаган ва адолатли чиқарилган ҳал қилув қарорлари устидан сиртдан иш кўрган судга шикоят қилиш, прокурорга протест келтириш ҳуқуқини беради.
Норози тараф ўз норозилигини ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай юбориш тартиби кўрсатилган.
Демак, сиртдан кўрилган ҳал қилув қарорига нисбатан шикоят қилиш муддати бирмунча қисқа эканини кўрамиз. Бу тартиб сиртдан иш кўришни ўзига хос хусусиятларига киради. Бироқ қонун бу билан кифояланмай, тарафларга шикоят қилиш ҳуқуқини апелляция тартибида ҳам амалга ошириш ҳуқуқини беради. Бундай ҳолларда манфаатдор шахс ФПКнинг 37-бобида берилган қоида асосида иш тутмоғи лозим.
Шарҳланаётган ушбу қоиданинг иккинчи қисмида кўрсатилишича, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қароридан нафақат ишда қатнашмаган жавобгар норози бўлиши, шу билан бирга даъвогар, вакил, учинчи шахслар ва бошқа манфаатдор шахслар ҳам суднинг ғайриқонуний чиқарилган қарорлари устидан апелляция тартибида умумий асосларга кўра шикоят беришлари, прокурор протест келтиришга ҳақли эканлиги ўз ифодасини топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |