17-боб. СУДДА ИШНИ КЎРИШ
162-м о д д а. Суд мажлиси
Фуқаролик иши ишда иштирок этувчи шахсларни албатта хабардор қилган ҳолда суднинг очиқ мажлисида кўрилади.
Ёпиқ суд мажлиси қонунда назарда тутилган ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаби билан ёки суднинг ташаббуси билан ўтказилади.
1. Фуқаролик ишларини қонунда белгиланган тартибда тайёрлов босқичидан ўтказиш ишни судда мазмунан кўриш учун асос бўлади.
Фуқаролик ишининг суд мажлисида кўрилиши ва ҳал этилиши фуқаролик процессининг муҳим босқичи бўлиб, сиёсий ва процессуал аҳамиятга эга. Бу босқичда суд биринчи инстанция тариқасида ишни мазмунан кўради, тўпланган далилларнинг қанчалик тўғри бўлишини аниқлайди, тарафларнинг ҳақиқий ҳуқуқий муносабатларини текширади ва ишнинг ҳолатига қараб, қонунга риоя қилган ҳолда ҳал қилув қарори чиқаради.
Суд фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилиш билан ўз фаолиятини давлатнинг, фуқаролар ва ташкилотларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратади. Шунинг ўзи билан суд айни шу босқичда одил судловнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширади.
Судда ишни кўриш деганимизда, фақат суд ваколатига, яъни судда кўрилишига тегишли бўлган фуқаролик ишларинигина (ФПКнинг 31, 239-моддаларида) суд мажлисида кўрилиши назарда тутилади.
Фуқаролик ишларининг судда очиқ, ошкора кўрилиши муайян тарбиявий аҳамиятга эга. Судда ишнинг кўрилиши ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, қонунга амал қилиш ва халқимизнинг урф-одатлари, турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш руҳида тарбиялаш мақсадлари кўзланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг чиқарган қатор қарорларида фуқаролик ишларини судда кўришда қонунчиликка қатъий риоя қилиш, процессуал ҳуқуқий меъёрни, тарафларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилади. Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг суд процессини тўғри, аниқ ташкил қилиш низолар келиб чиқишининг олдини олишга ва энг муҳими фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар бузилишининг олдини олишга ёрдам беради. Процессуал қонунларга амал қилган ҳолда ишда иштирок этувчи тарафларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиб, иш кўриш лозим.
2. Фуқаролик ишлари бўйича иш кўришда қатнашиши лозим бўлган шахсларнинг иштирок этишини таъминламаслик, кейинчалик уни юқори судларда бекор бўлишига асос бўлади. Агар, иш суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган шахслардан бирортасининг йўқлигида кўрилган бўлса, процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорнинг бекор бўлишига асос бўладиган ҳолатлардан ҳисобланади (ФПКнинг 314-моддаси 2-банди).
Шу боисдан ҳам суднинг тайёрлов босқичида судья процессда иштирок этувчи шахсларнинг таркибини аниқлаши лозим.
Ишни суднинг очиқ мажлисида кўрилишидан мақсад, фуқаролик иши бўйича суд процессида иштирок этувчи шахсларни ва суд залида қатнашаётган фуқароларнинг қонунларга нисбатан ҳурмат, уларни оғишмай бажариш руҳида тарбиялашга, шунингдек қонунларнинг бузилишини олдини олишга қаратилгандир.
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 113-моддасида, шунингдек «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасида ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши, ишларни ёпиқ мажлисда кўришга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси бўйича барча судларда ишларни муҳокама қилиш очиқ равишда ўтказилади, агарда бирон бир иш давлат ёки тижорат сирларини ҳимоя қилиш масалаларига оид бўлса, бундай ишлар ёпиқ суд мажлисида ўтказилади. Бундан ташқари, ёпиқ суд мажлиси агарда ишда иштирок этаётган шахсларнинг шахсий ҳаётидан маълумотлар келтириш зарурати туғилганда ёки фарзандликка олиш ҳолатини, ёхуд хат-хабарлар мазмунини ошкор қилмаслик мақсадларида суднинг ажримига иш ёпиқ мажлисда кўрилиши лозим.
Процессуал қонунчиликда қайд этилишича, шахсий хат-хабарлар билан алмашув, телеграф орқали хат-хабарлар билан алмашув суд муҳокамасида айнан шу хабарларни юборган ва хат-хабарларни олган шахслар рухсатига асосан ошкора қилиниши лозим.
Бундай рухсат олинмаган тақдирда суд уларни ёпиқ суд мажлисида ўрганиши керак бўлади.
Ёпиқ суд мажлисида фуқаролик ишларини кўриб чиқиш суд юритиш қоидаларининг барча талабларига риоя қилишни тақозо этади. Суднинг қарори барча ҳолатларда очиқ суд мажлисида эълон қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |