161-м о д д а. Ишни судда кўришга тайинлаш
Судья ишни етарли даражада тайёрланган деб топгач, уни суд мажлисида кўришга тайинлаш тўғрисида ажрим чиқаради, тарафлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларига ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида маълум қилади.
1. Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш бўйича ФПКда кўрсатилган судьянинг барча ҳаракатларни бажариши ишнинг мураккаблигига, ҳажмига, шунингдек ишда иштирок этувчи даъвогар ва жавобгарлар томонида бир неча тарафларнинг иштирокига боғлиқ. Айрим ишларда далиллар тақдим қилинганлиги, жавобгарнинг даъвогар талабларига иқрорлиги тайёрлов ҳаракатларини ҳеч қандай қийинчиликсиз ўтказиш учун асос бўлади. Юридик адабиётларда муқаддам бундай ишлар бўйича тайёрлов босқичини ўтказишнинг ҳожати йўқлиги тўғрисида фикрлар билдирилган. Бу фикрларда асос борлигини назарда тутган ҳолда, агар иш аниқ бўлиб, тегишли ҳужжатлар тўлиқлигини, шунингдек жавобгарнинг эътирози йўқлигини ҳисобга олган ҳолда судья ишни судда кўришга тайинлаш ҳақида аризага ўз имзосини қўйиш билан расмийлаштириш мақсадга мувофиқ деган фикрдамиз.
Ишни судда кўришга тайинлаш билан тарафлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларига ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида маълум қилиши лозим. Бунинг учун ишда иштирок этувчи шахслар таркиби аниқланган бўлиши, тегишли далиллар тўпланганлиги, арз қилган талабларни ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари жавобгарга юборилган бўлиши талаб этилади.
Ишни судда кўришга тайинлашда уни мазмунан кўриш тарафлар процессга тайёрланиш имконияти бўлиши, узоқда бўлган гувоҳларни чақиришга кетадиган вақт назарда тутилиши, мутахассис, экспертларни фикр ва хулосалар бериш учун вақт етарли бўлиши, ашёвий далилларни тақдим этишда қийинчиликлар мавжуд бўлган ҳоллар, шунингдек суд топшириқларини бажаришга кетадиган вақтлар эътиборга олиниши мақсадга мувофиқдир.
Шу ўринда Олий суд Пленуми қарорларига эътибор берайлик:
1) Ишни судда кўришга пухта тайёрлаш зарурлигига судларнинг эътибори қаратилсин. Судья томонидан ФПКнинг 160-моддасига мувофиқ олиб борилган барча тайёргарлик ҳаракатлари ўз аксини топиши шарт.
Судья никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризани қабул қилиб, одатда жавобгарни чақириши, уни ушбу аризага муносабатини аниқлаши, эр-хотинни яраштириш чораларини кўриши шарт. Қолаверса, судья тарафларнинг ҳар бири билан алоҳида, шунингдек уларнинг ҳар иккаласи билан биргаликда оилани сақлаб қолиш масаласида суҳбат ўтказиши лозим.
Ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида, судья, эр-хотин ўртасида суд томонидан ҳал этиладиган бошқа низоли масалалар бор-йўқлигини аниқлайди, қандай талаблар никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан биргаликда кўрилиши мумкинлигини тушунтиради, тарафлар ўртасида муқаддам никоҳдан ажратиш ҳақидаги иш бўлган-бўлмаганлигини аниқлайди, агар бундай иш бўлса, уни тарафларнинг ҳақиқий муносабатларини аниқлаш мақсадида, суд мажлисида кўздан кечириш учун чақиради.
Ишни тайёрлашни етарли деб топгач, судья ишни судда кўришга тайинлаш ҳақида ажрим чиқаради (ФПКнинг 161-моддаси) («Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори. Қонун номи билан. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси. 1998 йил, 3-сон, 20-бет).
2) Судларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар болаларни олиш билан боғлиқ бўлган бошқа ишлар қўзғатилганда, болаларнинг манфаатларини тақозо этса, алоҳида ҳолларда, судья ишни суд муҳокамасида кўриш учун тайёрлаш жараёнида ёки суд ишни кўриш вақтида, ҳал қилув қарори чиқаргунча, болаларни жавобгардан вақтинча олиб туриш тўғрисидаги масалани ҳал қилишлари лозим (Оила кодексининг 87-моддаси) («Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Қарори. Қонун номи билан. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси. 1998 йил, 3-сон, 39-бет).
3) Болалар тарбияси билан боғлиқ ишларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилишни таъминлаш мақсадида, судлар, муайян низонинг хусусиятларини эътиборга олиб, уларни кўришга пухта тайёрлашлари керак. Болаларнинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини, мактабдан таърифномани, нотинч оилани назорат қилинганлиги тўғрисидаги материалларни, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимининг мудири тасдиқлаган васийлик ва ҳомийлик органларининг асослантирилган хулосасини, шунингдек болаларнинг тарбияланиш шароитларини ва ота-онани таърифловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиш лозим. Бу ишлар фақат халқ таълими бўлимидан боланинг яшаш шароитларини текширилганлиги тўғрисидаги акт ва унга хулоса олингандан сўнг кўрилиши мумкин («Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори. Қонун номи билан. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси. 1998, №3.39-б).
4) “Ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича барча ҳаракатлар қилиниб, ишда иштирок этувчи шахсларнинг даъво талаблари ва эътирозлари аниқланиб, барча ҳужжатлар тўпланиб бўлинган ва ишни кўриш жойи ҳақидаги масала ҳал қилингандан сўнг, ФПКнинг 161-моддасига биноан судья ажримга асосан судда ишни кўришга тайинлайди.” (Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ва уларни кўриш муддатлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 1999 йил 24 сентябрь 18-сонли Қарори. 49-бет, 12-банди.)
Do'stlaringiz bilan baham: |