163-м о д д а. Суд мажлисини очиш
Ишни кўриш учун тайинланган вақтда судья (судьялар) мажлис залига киради, суд мажлисини очиб, қандай иш кўрилишини эълон қилади.
1. Судья (суд таркиби) мажлис залига кириб келганида суд мажлиси залида ҳозир бўлганларни ўринларидан туришлари ҳақида суд котиби эълон қилади (ФПКнинг 165-моддаси).
Иш бўйича раислик қилувчи судья суд мажлисини очиб қандай иш кўрилаётганлигини эълон қилиш пайтидан бошлаб фуқаролик ишини мазмунан кўриш бошланади. Иш кўришни шу қисмидан бошлаб, ишда иштирок этувчи шахслар учун қонунда белгиланган процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлардан тўлиғича фойдаланишга ҳақли бўлиш имкони вужудга келади.
Суд мажлиси ишида иштирок этиши лозим бўлган шахсларнинг суд мажлисига қайси бирларини келган келмаганлигидан қатъи назар белгиланган вақтда очилиши лозим. Раислик қилувчи суд мажлисини очиш тўғрисида эълон қилгандан кейингина бошқа процессуал ҳаракатларни бажаришга киришади.
Суд мажлисини ўз вақтида бошланишига судья тайёрлов ҳаракатларини пухта ўтказган ҳоллардагина эришиши мумкин.
164-м о д д а. Суд мажлисида раислик қилувчи
Суд мажлисида шу суднинг раиси, унинг ўринбосари ёки судья раислик қилади.
Раислик қилувчи суд мажлисини бошқариб, ишнинг барча ҳолатлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ, ҳар тарафлама ва холисона аниқланишини, суд процессининг тарбиявий таъсирини таъминлайди, кўрилаётган ишга алоқаси бўлмаган ҳамма нарсани суд муҳокамасидан четлатади.
Ишда иштирок этувчи шахслар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, гувоҳлардан бирортаси раислик қилувчининг хатти-ҳаракатига эътироз билдирса, бу эътирозлар суд мажлисининг баённомасига киритилади ва масала суд томонидан ҳал қилинади.
Раислик қилувчи суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўради.
1. Ишнинг кўрилишида судда иштирок этаётган тарафлар ва бошқа шахсларнинг ҳаракатлари қатъий белгиланган процессуал тартиб асосида олиб борилиши талаб қилинади.
Суд мажлиси юқори судларда ҳайъат таркибида кўрилади, уни раислик этувчи судья-суднинг раиси ёки унинг ўринбосари, судья бошқаради. Туманлараро, туман (шаҳар) судининг мажлисида эса, агар суд икки ва ундан ортиқ таркибда тузилган бўлса, суд раиси, унинг ўринбосари ёки судьялардан бири раислик қилади.
Раислик қилувчи суд мажлисига раҳбарлик қилиб, ишдаги барча ҳолатларни, тарафларнинг ҳуқуқ ва вазифаларини тўлиқ ҳар томонлама холисона равишда аниқлашни таъминлайди, кўрилаётган ишга алоқаси бўлмаган ҳамма нарсани суд текширувидан чиқариб ташлайди.
Ишда иштирок этувчи шахслар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, гувоҳлардан бирортаси раислик қилувчининг хатти-ҳаракатига қарши эътироз билдирса, бу эътирозлар суд мажлисининг баённомасига киритилади ва масала суд томонидан ҳал қилинади. Раислик қилувчи суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш мақсадида зарур бўлган чора-тадбирлар кўриши лозим.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўзаро ва суд билан тўғри муносабатда бўлиши ва айрим процессуал масалаларнинг шошилмай, ҳар тарафлама, ўйлаб ҳал этилиши, суд томонидан қилинадиган турли процессуал ҳаракатларнинг оқибатларини аниқ тушунтириб борилиши-суд обрўсини кўтаради, судда иш кўришнинг тарбиявий таъсирини кучайтиради.
Фуқаролик ишлари биринчи инстанция судида судьянинг якка ўзи томонидан кўриб ҳал этади. Агар иш суд таркибида кўрилса, ишни кўриш ва ҳал қилув қарорини чиқариш билан боғлиқ ҳамма масалаларни ҳал қилишда судьялар, раислик қилувчи билан суд мажлисида тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
2. Раислик қилувчининг суд мажлисини бошқариш ишни якка тартибда ёки ҳайъат тартибида кўрилишига ҳам боғлиқ. Ҳайъат тартибида иш кўриш деганда, юқори судлар томонидан, масалан, апелляция судида учта судья таркибида иш юритиш назарда тутилади.
Ишни судда якка судья тартибида ёки юқори судларда ҳайъат таркибида кўришдан қатъи назар суд қарорлари суд номидан чиқарилади. Суд мажлисини судья якка тартибда бошқариш иш кўришни процессуал қоидаларга риоя этмай ҳал этиш мумкинлигидан далолат бермайди, аксинча судьянинг масъулиятини оширишга қаратилганлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |