127-м о д д а. Процессуал муддатларни ҳисоблаш
Процессуал муддатлар йиллар, ойлар ва кунлар билан ҳисобланади. Муддатнинг ўтиши календарь сананинг ёки муддатнинг бошланиши деб белгиланган воқеа юз берган куннинг эртасидан бошланади.
Йиллар билан ҳисобланадиган муддат унинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тамом бўлади.
Ойлар билан ҳисобланадиган муддат тегишли ойда ва муддат охирги ойининг тегишли кунида тамом бўлади.
Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг охири тегишли куни бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тамом бўлади. Бу муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган тақдирда ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни ҳисобланади.
Муддати белгиланган процессуал ҳаракат муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртгача бажарилиши мумкин.
Агар процессуал ҳаракат судда бажарилиши лозим бўлса, белгиланган қоидаларга мувофиқ судда иш тугаган соатда муддат тамом бўлган ҳисобланади.
Агар ариза, шикоят, ҳужжатлар ёки пул суммаси муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртгача алоқа ташкилотига топширилган бўлса, муддат ўтмаган ҳисобланади.
1. Ҳар қандай процессуал муддатлар хоҳ у қонун билан белгиланган бўлсин, хоҳ у суд томонидан белгилансин улар кунлар, ойлар, йиллар билан ҳисобланади. Бундай муддатлар ишнинг туркумига, тарафларнинг ҳолатига ёки уларнинг муҳимлигига боғлиқдир, масалан: алимент ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича тарафлар бир туман ёки шаҳарда яшайдиган бўлсалар, биринчи инстанция суди томонидан судда кўришга тайёрлаб бўлган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай кўрилиши (ФПКнинг 131-моддаси); суднинг ҳал қилув қарорига биноан апелляция шикояти (протест) бериш учун йигирма кун муддат берилиши (ФПКнинг 320-моддаси); ишларни биринчи инстанция судларида кўриш учун умумий муддат бир ой қилиб белгиланиши (ФПКнинг 131-моддаси); апелляция судида ишни кўриш муддатлари ФПКнинг 331-моддасида кўрсатилган. Бу қоидага кўра, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция шикояти ёки протести бўйича тушган ишни у келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиртирмай кўрилиши лозим. Иш ўта мураккаб бўлган ёки бошқа алоҳида ҳолларда тегишли суднинг раиси бу муддатни кўпи билан яна ўн кунга узайтирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди апелляция шикояти ёки протести бўйича тушган ишни у келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқиши лозим. Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси ва унинг ўринбосари бу муддатни кўпи билан яна бир ойга кечиктириши мумкин.
Ишни апелляция инстанциясида кўриш муддати кечиктирилган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахсларга иш кўриладиган кун олдиндан хабар қилиб қўйилиши лозим.
Бундай процессуал муддатлар кунлар ва ойлар билан белгиланган муддатлар қаторига киради.
Булардан ташқари, йиллар билан белгиланадиган муддатларга ижро варақани ижрога топширишга оид масалаларни кўрсатиш мумкин, масалан ФПКнинг 377-моддасида суднинг ҳал қилув қарори, агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб уч йил ичида мажбурий тартибда ижро этиш учун топширилиши мумкин.
Даврли тўловларни ундириш учун берилган ижро варақалари бу тўловлар ундириладиган бутун давр ичида ижрога топширилиши мумкин. Ижро варақаси ижрога топширилгунга қадар ўтган вақт учун даврли тўловлар ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида ундирилади.
Юқоридагилардан кўринадики, процессуал муддатларни ҳисоблашда уни ўтиш вақти календарь сананинг ёки муддатнинг бошланиши деб белгиланган воқеа юз берган куннинг эртасидан бошланишига аҳамият бериш лозим, масалан: суднинг ҳал қилув қарорига апелляция шикоятини бериш йигирма кун ичида бироқ бу муддат ҳал қилув қарорининг нусхасини олган куннинг эртасидан ҳисобланади.
2. Процессуал муддатларнинг ўтишида дам олиш, байрам кунларини ҳисобга олган ҳолда ўтаверади, жумладан, агар муддат иш куни бўлмаган кундан бошланса, шу кундан муддат ҳисобланади, муддатнинг тамом бўлишида эса, яъни охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган тақдирда ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни ҳисобланади.
Амалдаги Фуқаролик процессуал кодекси «иш куни бўлмаган кун» деган сўзларни ишлатади. Иш бўлмаган кунларига, дам олиш кунлари (якшанба), шунингдек байрам кунлари киради, масалан: Янги йил кириши-1 январ; 8 март-Халқаро хотин-қизлар байрами; 21 март-Наврўз байрами; 9 май-Хотира ва қадрлаш куни; 1 сентябр-Ўзбекистоннинг мустақиллиги куни; 1 октябр-Ўқитувчилар ва мураббийлар куни; 8 декабр-Конституция қабул қилинган кун ва ҳоказо. Айрим корхона, ташкилот, муассасаларда шанба кунларини ҳам иш куни бўлмаган кунлар қаторига киритганлигига аҳамият бериш лозим.
Процессуал муддатларни ҳисоблашда судлар Ҳукумат қарори билан айрим иш кунларини бошқа кунларга ўтказиш ҳолларига ҳам аҳамият бериши лозим.
3. Агар судга топшириладиган тегишли ҳужжатлар суд идорасига топшириш имконияти бўлмасдан манфаатдор шахс муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртга қадарли алоқа ташкилотига топширган бўлсалар, муддат ўтмаган ҳисобланади. Бу ҳолатни тасдиқлаш учун алоқа бўлими томонидан берилган квитанция ёки почта конвертига босилган муҳр тегишли ҳужжатга илова қилиниши лозим.
Борди-ю, судья манфаатдор шахсга айрим процессуал муддатни бажариш учун бир ойлик муддат берилган бўлса, масалан: 31 январда бошланса, процессуал муддат 28 ёки 29 феврал кунлари тамом бўлган ҳисобланади.
Бу қоидаларни суд амалиётида татбиғига эътибор берайлик:
1) М. 2001 йилда судга даъво билан мурожаат қилиб Х. билан никоҳ даврида 1990 йилда ВАЗ-2103 русумли автомашинани сотиб олганликларини, Х. 1997 йил 21 августда унинг розилигини олмасдан автомашинани акаси Э.га ҳадя қилганлигини кўрсатиб, ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суд М.нинг даъвосини қаноатлантирган.
Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, М.нинг даъвосини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқарган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 19 апрелда қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси суди ажримини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини кучида қолдирди.
Апелляция инстанция суди М. даъво муддатини узрсиз сабабларга кўра, ўтказиб юборилганлиги ҳақида хулосага келган ва шу асосда даъвони рад қилган. Бироқ, ФКнинг 153-моддаси иккинчи қисми талабларига кўра, даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилиши мумкин.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар суд қарор чиқаргунича даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза билан мурожаат қилмаганлар. Бу ҳолда, апелляция суди юқорида кўрсатилган қонун талабларига хилоф равишда ўз ташаббуси билан даъво муддатини қўллаб, хатога йўл қўйган1.
Do'stlaringiz bilan baham: |