343-м о д д а. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарори устидан шикоят берилганлиги
(протест келтирилганлиги) муносабати
билан ишни кўрадиган апелляция
инстанцияси судининг ваколатлари
Суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан:
1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга, шикоят ёки протестни эса қаноатлантирмасликка;
2) ишни янгидан кўриш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёхуд бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга;
3) ушбу Кодекс 314-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва ишни биринчи инстанция судига янгидан кўриб чиқиш учун юборишга;
4) ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ҳамда ушбу Кодекснинг 97 ва 100-моддаларида кўрсатилган асосларга кўра иш юритишни тугатишга ёхуд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.
1. Апелляция инстанцияси суди ушбу қонунда белгиланган ваколатлар доирасида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорларини шикоят (протест) бўйича қайта кўриб чиқиши янги босқич ҳисобланади. Ушбу қоидага асосан, апелляция инстанцияси суди агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини қонуний, асосли, адолатли деб топган тақдирда уни ўзгаришсиз қолдиришга, берилган шикоят ёки келтирилган протестни қаноатлантирмасликка ҳақли.
Биринчи инстанция судининг чиқарган ҳал қилув қарорлари устидан апелляция судига берилган шикоят (протест)лар ишда иштирок этувчи шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига қанчалик салбий таъсир кўрсатишини олдини олиш мақсадида берилаётганлигини судья таҳлил қилиб бериши лозим.
2. Шу боисдан, апелляция инстанцияси суди ишнинг мазмунига таъсир этмаган ҳолда ҳал қилув қарорини қисман ўзгартириш чораларини кўриши ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олади.
Масалан, ҳал қилув қароридаги ёзувларда йўл қўйилган айрим узвий камчиликлар ва очиқ турган арифметик хатоларни тузатиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатларни суд ФПКнинг 213-214-моддалари асосида кўриб, қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш билан ҳал қилиши лозим.
Агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини қайта кўришда апелляция шикоятида (протестида) кўрсатилган нуқсонлар ўз тасдиғини топган бўлиб, уни шу судда тўғрилашнинг иложи бўлмаган ҳолларда, суд уни ФПКнинг 100-102-моддаларига асосан бутунлай бекор қилишга ҳақли.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини қисман бекор қилишга, шунингдек янги ҳал қилув қарорини чиқаришга ҳақли (ФПКнинг 343-моддаси).
Биринчи инстанция судининг фуқаролик иши бўйича чиқарган ҳал қилув қарорини апелляция тартибида кўришда, суд иш юзасидан тўпланган далиллар етарли деган хулосага келган бўлса-ю, бироқ қуйи суд ҳал қилув қарорини чиқаришда айрим камчиликларга, масалан, моддий ҳуқуқ нормаларини татбиқ қилишда хатоликка йўл қўйган бўлса, бу камчиликларни бартараф этиш учун шу судда барча асослар мавжудлигини аниқласа, суд ишни янгидан кўриш учун юбормасдан, янги ҳал қилув қарорини чиқаришга ҳақли (ФПКнинг 343-моддаси 2-банди).
Ҳал қилув қарорини апелляция инстанцияси суди томонидан бутунлай ёки қисман бекор қилиш асослари деганда ФПКнинг 313-314-моддаларида кўрсатилган қоидалар назарда тутилган.
Янги ҳал қилув қарорини чиқариш деганда апелляция инстанцияси суди томонидан қуйи судларнинг фуқаролик иши юзасидан чиқарган ҳал қилув қарорига нисбатан мутлақо янги қарор чиқарилиши тушунилади. Масалан, агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг талаби қаноатлантирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди шу қабул қилган қарорни бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талаблари рад этилиб, жавобгарнинг эътирозини асосли деб топиши мумкин1.
3. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ҳақли эканлиги тўғрисидаги қоидага кўра, суд ушбу босқичда ишни кўришда даъво предметини ўзгартириши, унинг миқдори, ижро қилиш тартиби, давлат божини тўлаш, ижро суммасини бўлиб-бўлиб тўлаш каби ўзгартиришларни киритишга йўл қўяди.
4. Моддий ҳуқуқ нормалари билан бир қаторда ФПКнинг 314-моддасида баён қилинган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки бу қоидаларни нотўғри қўлланилганлиги ишнинг нотўғри ҳал этилишига сабаб бўлиши ёки сабаб бўлиши мумкин бўлган тақдирда ҳам ҳал қилув қарорини бекор қилинишига асос бўладиган ҳолатлардир. Бундай ҳолларда апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юборади.
5. Иш юритишни тугатиш асослари тўғрисида ФПКнинг 100-моддасига мувофиқ еттита асос берилган, бунга кўра суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тугатади:
1) иш судга тааллуқли бўлмаса;
2) айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;
3) даъвогар арз қилган талабларидан воз кечган ва суд бу воз кечишни қабул қилган бўлса;
4) тарафлар келишув битими тузган бўлсалар ва у суд томонидан тасдиқланган бўлса;
5) ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида жавобгар даъвогарнинг талабларини тан олган бўлса ва бу тан олиш судья томонидан қабул қилинган бўлса;
6) низони кўриш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида хакамлик битими тузилган бўлса;
7) иш бўйича тарафлардан бири бўлган фуқаронинг вафотидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.
6. Апелляция инстанцияси судининг биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти, прокурор келтирган протестни асоссиз деб топган ажрими асослантирилган бўлиши, қарорни ўзгартириш, бекор қилиш учун ҳеч қандай асос мавжуд эмаслигини батафсил ифодалаши талаб этилади.
1) Баъзи ҳолларда биринчи инстанция суди хулосаларининг аниқланган иш ҳолатларига қай даражада мувофиқлиги, процессуал қонун нормаларига нечоғли амал қилинганлиги текширилмаётир, ҳал қилув қарорлари ўзгаришсиз қолдирилганда, апелляция инстанцияси ажримларида фақатгина биринчи инстанция судларида аниқланган иш ҳолатлари баён этилиб, шикоят ва протестда кўрсатилган важлар нотўғри ва ҳал қилув қарорларини бекор қилишга асос бўла олмайди, деб топилганлиги сабаблари кўрсатилмаётир1.
2) Апелляция инстанцияси суди ишдаги мавжуд материаллар (далиллар), шунингдек қўшимча тақдим қилинган ҳужжатлар (далиллар) асосида иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни аниқласа, ФПК 343-моддасининг 2-бандига асосан, ишни янгидан кўриш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёхуд мазкур қарорни қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли.
Судларга шу нарса тушунтириб ўтилсинки, янги ҳал қилув қарори деганда, биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори мазмунига зид бўлган, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги суднинг асосий хулосаси ўзгартирилган ҳал қилув қарорини тушунмоқ лозим.
Ҳал қилув қарорини ўзгартириш деганда ҳал қилув қарори бўйича ундириладиган суммалар миқдорини ўзгартириш, биринчи инстанция суди томонидан давлат божи миқдори нотўғри ҳисобланган бўлса, қўшимча давлат божи ундириш, ҳал қилув қарорининг қарор қисмига бошқа ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмидан тегишли бўлмаган қонун нормаларига қилинган ҳаволаларни чиқариб ташлаш ва ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмини қўлланилиши жоиз бўлган ҳуқуқ нормаларига қилинган ҳавола билан тўлдириш тушунилиши лозим.
Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгартирганда, бутунлай ёки қисман бекор қилганда ҳамда иш бўйича янги ҳал қилув қарори чиқарганда ўз ажримида низоли ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилиши жоиз бўлган моддий ҳуқуқ нормасига ҳавола этган ҳолда бундай қарор қабул қилинганлигининг сабаб ва асосларини баён этади.
Ҳал қилув қарорида арз қилинган ва биринчи инстанция суди томонидан текширилган баъзи талаблар бўйича хулосаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини мазкур талабларга оид хулосалар билан тўлдиришга ҳақли.
Апелляция инстанцияси судига ФПКнинг 213 ва 215-моддалари талабига мувофиқ, аниқланган иш ҳолатларидан келиб чиқиб ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки янги ҳал қилув қарори чиқариш ҳақидаги ажримда йўл қўйилган арифметик хатони тузатиш, шунингдек, ушбу ажрим тушунарли бўлмаса, уни қўшимча ажримда тушунтириш ҳуқуқи берилган1.
Шу ўринда суд амалиётидан мисоллар кетирамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |