227-м о д д а. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув
қарорининг мазмуни
Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг мазмуни ушбу Кодекс 206-моддасининг қоидалари билан белгиланади. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида бу ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза бериш муддати ва тартиби кўрсатилган бўлиши лозим.
1. Фуқаролик ишлари бўйича сиртдан юритиш тартибида сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорлари билан умумий асослардан чиқарилган суд ҳал қилув қарорлари ўртасида деярли фарқи бўлмайди. Шунинг учун суд сиртдан чиқариладиган ҳал қилув қарорларини ФПКнинг 206-моддасига асосланган ҳолда чиқариб, фақат айрим хусусиятлари кўрсатиб ўтилади.
Агар фуқаролик ишлари умумий асосларда кўрилганда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидан норози тарафга юқори судга шикоят бериш (прокурорга протест келтириш) ҳуқуқини кўрсатиш лозим бўлса, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорида юқори судга шикоят бериш, протест келтириш билан бирга шу ишни кўрган туманлараро, туман (шаҳар) судида қайта кўриб чиқиш ҳуқуқи ҳам кўрсатилади.
Демак, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида бошқа талаблар билан бир қаторда бу ҳал қилув қарорини кўриб чиқиш ҳақида ариза бериш муддати ва тартиби ҳам кўрсатиб ўтилади. Бу муддат умумий тартибда бериладиган 20 кунлик шикоят протест муддатидан фарқланиб, ўн беш кун қилиб белгиланган. Агар ўн беш кун ичида ариза бериш ўтказиб юборилган тақдирда белгилаган умумий муддат ичида апелляция тартибида шикоят, прокурор протест келтиришга ҳақлидир.
Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг мазмуни қонунда кўрсатилган талабларга (ФПКнинг 227-моддаси) жавоб бериши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги қарорининг 14 бандида ҳам таъкидлаб ўтилган1.
228-м о д д а. Ҳал қилув қарорининг нусхасини юбориш
Суд мажлисига келмаган тарафга сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг нусхаси шу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай юборилади.
1. Фуқаролик ишларини сиртдан кўриб суд ҳал қилув қарори чиқарилган тақдирда иш юритиш бир мунча ихчамлаштирилган бўлса-да, бироқ бу ишда иштирок этувчи шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини камситиш ҳисобига бўлади, деган маънони англатмайди. Шу боисдан ҳам мазкур қоида ишдаги ушбу шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир.
Фараз қилайлик, сиртдан иш юритилиб, ҳал қилув қарори чиқарилади, агар шу ҳал қилув қароридан судья нусха юбормас экан, уларнинг ҳал қилув қарорига нисбатан эътироз билдириш учун имконияти бўлмайди. Бундан ташқари, ҳал қилув қарорининг нусхасини юбориш учун беш кунлик муддат белгиланиши эса, бу ишни бажариш зудлик билан, белгиланган муддатда ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор этиш ва ҳал қилув қарорига нисбатан ўзларининг муносабатларини билдиришга қаратилгандир.
Шарҳланаётган ушбу қоидада ҳал қилув қарорининг нусхаси шу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмасдан юборилиши шу шахсларнинг манфаатларини назарда тутади. Ушбу қонунда ҳал қилув қарорининг қайта кўриш учун ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин ўн беш кун ичида ариза бериши мумкинлиги баён қилинган.
Ҳал қилув қарорининг нусхаси суд котиби томонидан тайёрланади ва у судья томонидан имзоланиб, муҳр босилгандан кейин тасдиқланган ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |