215-м о д д а. Ҳал қилув қарорини тушунтириш
Ҳал қилув қарори тушунарли бўлмаса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек суд ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.
Агар ҳал қилув қарори ижро қилинмаган ва уни мажбурий ижро қилдириш мумкин бўлган муддат ўтмаган бўлсагина, ҳал қилув қарорини тушунтиришга йўл қўйилади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласи ишда иштирок этаётган шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг судга келмаслиги ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги аризани у тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласи юзасидан суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтириши мумкин.
1. Ушбу шарҳланаётган қоида суд амалиётида камдан-кам учрайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади, чунки аксарият чиқарила-диган ҳал қилув қарорлари қонун талабларига жавоб берадиган бўлиши сабабли бундай қоидаларни татбиқ этишлик учун эҳтиёж сезилмаётир. Бироқ айрим ҳоларда фуқаролик ишларини чалкашлиги, кўп вақтлардан буён ўз ечимини топганлиги ва бошқалар унинг мазмун-моҳиятига салбий таъсир кўрсатилиши туфайли суд қарорларини чиқаришда ҳам ўзининг изи қолиш каби ҳолатлар учрайди. Айниқса, ҳал қилув қарорини тушунтиришга оид талаблар ижро босқичида учраб туради. Шундай ҳолларда ишда иштирок этувчи шахслар ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш ҳақида иш кўрган судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли
Ҳал қилув қарорини тушунтириш ундаги ноаниқликлар, унинг мазмунидаги саёз ва қарама-қарши фикрларни бартараф этиш усулларидан бири ҳисобланади.
Судья ҳал қилув қарорини чиқаришда унинг асослантирувчи қисмида тегишли ҳолатларни батафсил кўрсатган бўлса-да, бироқ ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида юқорида баён қилинган ноаниқликларга йўл қўйилганлиги туфайли уни тушунтириш ҳақидаги зарурият вужудга келади.
Судья ҳал қилув қарорини тушунтириш орқали суд мажлисида кўрилмаган масалалар бўйича унинг мазмунини ўзгартириш ёки айрим қўшимчалар киритишга ҳақли эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги 1998 йил 17 апрелдаги Қарорининг 16-бандида ҳам батафсил баён қилинган.
Демак, ҳал қилув қарорини чиқарган суд ўз ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда аризани ҳал этишга ҳақлидир.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш ташаббуси билан прокурор, шунингдек суд ижрочилари ҳам судга мурожаат этишга қонун йўл қўяди.
2. Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза процессуал қоидаларга амал қилган ҳолда кўрилади, бунинг учун мажбурий ижро қилиш белгиланган муддат ўтмаган бўлишлиги, у ижро қилинмаган бўлган ҳоллардагина тушунтиришга йўл қўйилади.
Агар ҳал қилув қарорини мажбурий ижро қилдириш муддати ўтган бўлиб, бу муддат суд томонидан тикланмаган ҳолларда, суд аризани кўришни қолдириш ҳақида ажрим чиқариши лозим.
3. Ҳал қилув қарорини тушунтириш билан боғлиқ суднинг процессуал ҳаракатлари қонун ҳужжатларида белгиланган иш кўришга оид умумий қоидалар асосида амалга оширилади.
Бунга кўра, ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани кўриш вақти, жойи ҳақида ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинадилар, бироқ уларнинг суд мажлисига ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани кўриб ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги процессуал ҳаракатлар суд ажрими билан расмийлаштирилади. Ажрим суд қароридан алоҳида қабул қилинганлиги туфайли унга қўшиб қўйила-ди.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш ҳақида суд чиқарган ажримидан норози бўлган шахс унинг устидан хусусий шикоят бериши, прокурор хусусий протест келтиришга ҳақли.
Чиқарилган ҳал қилув қарори тушунарсиз бўлган тақдирда, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ҳал қилув қарорини уни мазмунини ўзгартирмаган ҳолда ФПКнинг 215-моддасида белгиланган қоидаларга кўра тушунтириши мумкин. Агар ҳал қилув қарори ижро қилинмаган ва уни мажбурий ижро қилдириш мумкин бўлган муддат ўтмаган бўлсагина, уни тушунтиришга йўл қўйилади. Ҳал қилув қарорининг тушуниши қийин бўлган қисмларини тўлиқроқ ва тушунарли баён этишда, суд унинг мазмунини ўзгартиришга ва ҳал қилув қарорида баён этилмаган масалаларни ҳал қилишга ҳақли эмас.1
Do'stlaringiz bilan baham: |