216-м о д д а. Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш
ва уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ҳал қилув
қарорини ижро этиш усули ва тартибини
ўзгартириш
Алоҳида ҳолларда, иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган суд ёки ҳал қилув қарорини ижро этиш жойидаги суд ишда иштирок этаётган шахсларнинг аризасига кўра, тарафларнинг мулкий аҳволи ёки бошқа ҳолатларга қараб, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга йўл қўйишга, шунингдек, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли. Мазкур аризалар ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаслиги суд олдига қўйилган масалани ҳал этишга тўсқинлик қилмайди.
Ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ҳамда қарздорга, шунингдек суд ҳужжатини ижро этиш суд ижросининг иш юритувида бўлса, суд ижросига юборилади.
Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, шунингдек ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги масала бўйича суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
1. Мазкур қоида инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, бунга кўра, қарздор ҳал қилув қарорининг ижросини суд белгилаган муддатда бажарилмаслигига оид ҳаракатлар назарда тутилади.
Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш ҳақидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар томонидан асослантирилган бўлиши талаб этилади. Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш, шунингдек суд қарорида белгиланган ижро муддатини ўзгартиришга қаратилган сабаблар суд томонидан ҳар тарафлама текширилмоғи лозим.
Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ва уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ҳал қилув қарорини ижро этиш усуллари ва тартибини ўзгартириш учун асос бўладиган ҳолатларга қарздорнинг мулкий аҳволини ночорлиги, уни ишсизлиги иш ва яшаш жойларини ўзгартирганлигига оид вужудга келган қийинчиликлар ва бошқа важларни келтириш мумкин. Ижрони кечиктириш тўғрисидаги масалани ҳал этишда суд ундирувчининг манфаатларини ҳам назарда тутиши, шу мақсадда фуқаролик ишининг моҳиятини йўқотмаслигини назарда тутган ҳолда унинг ижросини сунъий равишда чўзмаслик чораларига ҳам суд аҳамият бериши лозим. Ҳал қилув қарорининг ижросини ўзгартиришга қаратилган суднинг процессуал ҳаракатлари ҳал қилув қарорини чиқарган суд ёки ҳал қилув қарорини ижро этиш жойидаги суд томонидан амалга оширилади.
2. Ҳал қилув қарорининг ижро этиш усуллари ва тартибини ўзгартириш бир хилда бўлмасдан турлича бўлиши мумкин, масалан, ижро қилиниши лозим бўлган пул суммаси ўрнига бирор бир буюм билан алмаштириш ва ҳоказо Бундай ҳолларда қарздорнинг ҳал қилув қарорида кўрсатилган талаби ихтиёрий бажарилмаганлигида йўл қўйилади.
Ҳал қилув қарорини чиқарган суд, жавобгарнинг қайсарлиги, ижронинг суний равишда чўзилишини назардла тутган ҳолда ижро билан боғлиқ тегишли ҳаракатларнинг ижросини даъвогарга юклаши ва кейинчалик бажарилган иш бўйича, сарф қилинган харажатларни жавобгардан ундириш масаласини ҳам кўриш мумкин. Масалан, кўп қаватли уйларда қўшниси томонидан даъвогарнинг уйини суд бостириб келтирилган зарарни зарар кўрган шахс ўзининг ҳисобидан уйни таъмирлаши ва кейинчалик сарф-харажатларни жавобгардан ундириш ҳолларини келтириш мумкин ва ҳоказо
Ҳал қилув қарорининг ижросини чиқаришга оид бошқа ҳаракатлар юзасидан чиқариладиган ажримда суд ижросини қанча муддатга кечиктирилиши, ижро этиш тартиби қандай бўлишлиги кўрсатилади. Ажримда кечиктириш муддати аниқ вақти билан ҳам, шунингдек ҳодисалар билан ҳам белгиланган бўлиши мумкин.
Ушбу қоидада кўрсатилишича, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ва уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ҳал қилув қарорини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар фуқаролик процессуал қонунчилигининг умумий қоидаларига асосланган ҳолда ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади.
Бироқ, бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўришга тўсқинлик қилмаслиги белгиланган.
Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ва уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги ариза билан мурожаат этишлари мумкин.
Суднинг ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш ва қонунда кўрсатилган бошқа ҳаракатлар юзасидан чиқарилган ажрим устидан хусусий шикоят берилиши, прокурор эса хусусий протест келтириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қароридан кўчирма:
ФПКнинг 216-моддасига биноан иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган суд ёки ҳал қилув қарорини ижро этиш жойидаги суд ишда иштирок этаётган шахсларнинг аризасига кўра алоҳида ҳолларда, тарафларнинг мулкий аҳволи, қарздорнинг касаллиги ёки бошқа эътирозларга молик ҳолатларни ҳисобга олиб, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга йўл қўйилиши, шунингдек уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли, бундай мазмундаги аризалар ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд суд мажлисида кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг судга келмаганликлари қўйилган масалани ҳал этишга тўсқинлик қилмайди. Ушбу масалани ҳал этишда суд ундирувчининг манфаатларини ҳисобга олиши лозим.1
Do'stlaringiz bilan baham: |