121-м о д д а. Суд харажатлари билан боғлиқ масалалар
бўйича ажрим устидан шикоят қилиш
Суд харажатлари билан боғлиқ масалалар бўйича суд ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
1. Фуқаролик ишларини судда кўриш билан боғлиқ бўлган суд харажатлари масалаларини ҳал этиш судья (суд)нинг ажримига асосан қонунда белгиланган тарафлардан ”Давлат божи ставкалари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорида кўрсатилган миқдорда ундирилиши ҳақида юқорида баён этилган эди.
Процессда иштирок этувчи манфаатдор шахслар судга тўланадиган давлат божлари ва суд харажатлари билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича суд томонидан чиқарилган ажримлардан ҳамма вақт ҳам рози бўлавермайдилар. Шу ҳолатларни назарда тутган қонунларимиз тарафларга суд ажрими устидан хусусий шикоят бериш прокурорга эса хусусий протест келтириш ҳуқуқини беради.
Суд харажатлари масаласининг ишни тайёрлов қисмида кўришда, мазмунан кўриш жараёнида, шунингдек суд қарорларини ижро қилиш вақтида ҳал этган бўлиши керак.
Суд харажатлари тўғрисидаги масала манфаатдор шахслар томонидан ҳамда суднинг ташаббуси билан қабул қилинадиган ажримда кўрсатилади.
11-боб. СУД ЖАРИМАЛАРИ
122-м о д д а. Суд жарималари солиш
Суд жарималари ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва миқдорда солинади.
Жарима солиш тўғрисида ажрим чиқарилади ва унинг нусхаси дарҳол жарима солинган шахсга жўнатилади.
1. Фуқаролик ишларини кўриш билан боғлиқ бўлган суд жарималарини маъмурий тартибда солинадиган жарималар ўртасидаги фарқига эътибор бериш лозим.
Фуқаролик процессининг иштирокчилари қоида бўйича ўзларига қонун билан юкланган барча процессуал мажбуриятларини ихтиёрий равишда ва виждонан бажаришлари лозим. Агар ишда иштирок этувчи шахслар қонун билан белгиланган процессуал мажбуриятларини бажармасалар, суд уларга нисбатан қонундаги процессуал таъсир этиш чораларини қўллашга мажбур бўлади. Бундай жазо (таъсир этиш чораси) асосан жарималар шаклида татбиқ этилади.
Суд жарималари деб, процессуал мажбуриятларни ёки суд мажлисидаги тартибни бузишда айбли бўлган шахсларга, қонунда кўрсатилган ҳолларда пул билан белгиланган процессуал таъсир этиш чорасига айтилади.
Суд томонидан жарималар солиниши ҳоллари ва унинг миқдори ФПКнинг 75, 81, 86, 166, 253, 261 ва бошқа моддаларда кўрсатилган. Суд қонунда кўрсатилган ҳоллардан ташқари ва белгиланган суммадан ортиқ жарима солишга ҳақли эмас. Жарималарнинг миқдори юқорида келтирилган қонунларга биноан ундирилади.
2. Суд мажлисига узрсиз сабабларга кўра келмаган гувоҳларга, суд чақируви бўйича келмаган ёки фикр билдиришдан бош тортган ёхуд атайин ёлғон хулоса берган экспертларга, мутахассисларга нисбатан қонунда қанча миқдорда жарима солиниши мумкинлиги кўрсатилган (ФПКнинг 86, 91-моддалари).
Суд чақируви бўйича кела олмасликнинг сабаби-узрли бўлиши судга аввалдан маълум қилиниши керак, акс ҳолда судда ҳозир бўлмаслик узрсиз деб кўрилиши мумкин. Суд талаб қилган далилларнинг ишда иштирок этувчи шахслар томонидан узрсиз сабаблар бўйича келтирилмаслиги, шунингдек, уларнинг умуман ёки белгиланган муддатга келтириш мумкин бўлмаслиги тўғрисида судга хабар бермаганлик учун айбли шахсларга, шу жумладан мансабдор шахсларга ҳам, энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган. Ашёвий далилларни етказиб бермаганлик учун ҳам (ФПКнинг 81-моддасида) жарима солиниши кўзда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |