124-м о д д а. Жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини
камайтириш
Жарима солинган шахс суд ажримининг нусхасини олганидан кейин беш кун ичида жарима солган суддан жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтиришни илтимос қилиши мумкин. Бу ариза жарима солинган шахсни чақирган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ унинг судга келмаслиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
1. Ҳар қандай фуқаро шунингдек, юридик шахслар белгиланган тартиб қоидаларни, қонун ҳужжатларида кўрсатилган мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажармасалар, қонунда белгиланган чоралардан бири жаримага тортилиши мумкин. Жарима маъмурий тартибда қўлланиладиган тадбир бўлиш билан бирга фуқаролик ишларини кўришда процессуал мажбуриятларни бажармаганлик туфайли ҳам қўлланилади. Шарҳланаётган ҳуқуқий меъёр процессуал жарималарга оиддир.
Ушбу қонуннинг мазмунидан кўринадики, жарима солган суд тегишли процессуал ҳуқуқни бузган шахсга суд ажрими нусхасини дарҳол юбориши кўрсатилган, бироқ, жарима солинганлиги тўғрисидаги ажрим нусхасини манфаатдор шахс олгандан беш кун ичида жаримадан озод этиш ёки унинг миқдорини камайтириш ҳақида илтимос қилиши мумкин.
Қонунларимизнинг инсонпарварлик жиҳатларидан бири мана шу шарҳланаётган ҳуқуқий меъёрда ўз ифодасини топган бўлиб, бунга кўра манфаатдор шахслар қонунда кўрсатилган талабларга жавоб берса, жаримадан бутунлай озод қилиш ёки миқдорини камайтириш ҳақида шу судга мурожаат этишлари мумкинлиги ифодаланган.
2. Жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтириш ҳақидаги судга бериладиган аризада солинган жариманинг асоссизлиги, уни тасдиқловчи далиллар (жарима қонунда белгиланган миқдордан ортиқ бўлса, уни камайтириш, асослари аризачини оилавий, моддий аҳволини тасдиқловчи маълумотлар ва ҳоказо) келтирилиши талаб этилади. Булардан ташқари, аризада процессуал мажбуриятларини бажармаганлик сабаблари (суд мажлисига келаолмаслик, талаб этилган ҳужжатларни вақтида тақдим этмаганлик ва ҳоказо) кўрсатилади.
Ариза ишни кўриш жараёнида жарима солган судга берилади. Агар биринчи инстанция суди томонидан жарима солинган тақдирда аризани якка судьянинг ўзи, коллегиал таркибда кўрган тақдирда суд таркибида кўриб ҳал этиши лозим.
Жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтириш ҳақидаги ариза, аризачини суд мажлисига чақирган ҳолда кўриб чиқилади, бироқ манфаатдор шахсларни судга келмаслиги бу ҳақдаги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Бу қоидага риоя этмаслик ажримни апелляция тартибида бекор қилиш учун асос бўлади.
Суд жарима солишда албатта процессуал қонунларни бузган, унга риоя этмаган шахснинг айбдорлик даражасига қараб унинг миқдорини белгилашга эътибор беришлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |