Назорат саволлари:
1.Геологик ҳариталаш ва қидирув ишлари қандай босқичларда амалга оширилади?
2.Фойдали қазилмаларни қидириш ишлари қандай босқичларида амалга оширилади?
3. Тавсилий қидириш босқичида қандай вазифаларни бажариш назарда тутилади?
4. Умумий қидириш босқичининг вазифаси нима?
5. Қидириш–баҳолаш босқичининг вазифаси нима?
VI-БОБ. ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ ҚИДИРИШ УСУЛЛАРИ
6.1. Фойдали қазилма конларини қидириш усуллари хақида умумий маълумотлар
Фойдали қазилмаларни мувоффақиятли қидириш учун турли хил геологик қидирув даракчиларининг ролини кўриб чиқиб, шунга иқрор бўлиш мумкинки, геологик шароит асосан қидириш ишлари ҳарактерини, йўналишини ва фазовий чегараларини белгилайди. Қидирув усуллар турли-туман бўлиб, ландшафт ва бошқа шароитлар ҳамда фойдали қазилма турлари ҳисобга олинган ҳолда комплекс қўлланилади. Уларни қўллаш имконияти ер юзасига нисбатан қидирув ўтказиш жойи бўйича белгиланади. Улар фазодан (космик усуллар), ҳаводан (аэроусуллар), бевосита ер юзасидан, сув устидан ва сув остидан (қўлларда, денгиз ва океанларнинг шельф зонасида), бурғи қудуқлари ва ер ости очилмалари горизонтларидан (ерости қидирув ишлари) туриб ўтказилиши мумкин.
Космик усуллар. Хозирги кунда бу усулдан линеаментлар ва ҳалқали структурлар мавжуд бўлган майда ва ўрта миқёсли фазовий суръатларни (ФС) талқин қилиш асосида тузилган ҳариталар билан маъданли геологик формациялар ҳариталарини биргаликда қўллаб фойдали қазилма конларини топиш учун истиқболли ҳудудларни аниқлашда фойдаланилади.
Аэроусуллар чамалаш, кузатиш, аэросуратларни талқин этиш билан биргаликда бажариладиган геологик аэросуртага олиш, магнит-, грави-, радио-, электрометрик, атмогеокимёвий ва бошқа ҳариталаш ишларини ўз ичига олади.
Ер усти усуллари геологик разведка ишлари амалиётида энг ишончли, ҳилма ҳил ва кенг тарқалган усуллардан бири ҳисобланади. Уларга йирик миқёсли геологик ҳариталаш, геологик-минералогик, геокимёвий, геофизик ва тоғ-бурғилаш усуллари киради.
Геологик-минералогик усуллар орасида чамалаш, ҳарсанг-бўлакли (бўлакли-делювиал, бўлакли-аллювиал, -музлик ҳарсангли) ва шлих ювиш турлари ажратилади.
Визуал кузатиш фойдали қазилмаларни тоғ жинсларининг яхши очилган жойларидан визуал қидириш ва ер юзасига чиқиб қолган жойларини контурлаш мумкин бўлган ҳолларда ўтказилади.
Геокимёвий қидирув усуллари маъданлашувнинг индикатор-элементлари ва йўлдош-элементларини туб жинслар, бўшоқ ётқизиқлар, сув манбалари, ўсимликлар ва ҳаво таркибидаги сочилиш ореолларини топиш, контурлаш ва баҳолаш имконини беради. Шуларга мос ҳолда лито-, гидро-, био- и атмокимёвий қидирув усулларига ажратилади. Улар орасида бирламчи (эндоген) ва иккиламчи (гиперген) ореоллар ёки оқимларнинг индикатор-элементларининг сочилиш ореолларини аниқлашнинг литокимёвий усули энг муҳим усуллардан бири ҳисобланади.
Геофизик қидирув усулларидан қидирув ишларининг геологик асосини яратишда, аномал физик майдонларни топиш ва контурлашда, маҳаллий маъданли аномалияларни ажратиш ва баҳолашда фойдаланилади. Уларга магнит-, электр-, грави-, радио- ва сейсмометрик ҳамда ядро-физик усуллар киради.
Тоғ-бурғилаш усуллари бошқа қидирув усуллари орасида энг ишончли усул ҳисобланади. Улар фойдали қазилма таналари жойлашган геологик-структуравий шароитларни умумий тарзда, уларнинг морфологияси, ўлчами ва моддий таркибини аниқлаш, ушбу параметрларнинг ўзгарувчанлигини кузатиб бориш, башорат ресурсларини баҳолаш ва С2 тоифа бўйича заҳираларини ҳисоблашга имкон беради.
Бу кузатув ишлари тадқиқотлар миқёсига мос келувчи тўр зичлигида амалга оширилади.
Сув ости усуллари XX асрнинг иккинчи яримида денгиз ва океанларнинг шельф зоналаридаги минерал ресурсларни ўзлаштириш ва чуқур сувли марганецли конкрецияларни ўрганиш туфайли ривожланди. Бу қидирув ишлари ҳаводан туриб сув ҳавзаси тубини визуал кузатиш ва сузувчи воситалар ёрдамида бурғилашни, аэрофотоҳариталаш ва кейинчалик уни геологик-геоморфологик талқин қилишни, денгиз тубидан намуналар олишни, сейсмоакустик усуллар ёрдамида сув остидаги геологик таналарни кузатиш ва суратга олишни, денгиз геофизик тадқиқотларини ўтказишни ўз ичига олади.
Ер ости қидирув усуллари қазиб олинаётган коннинг торазведкаси ва эксплуатацион разведкаси вақтида қўлланилиши мумкин. Улар коннинг четлари ва чуқур горизонтларини, умумий маъданли майдонда маъданлашув учун қулай бўлган қўшни структурларни (участкаларни) қамраб олади. Геофизик ва геокимёвий усулларни амалга ошириш учун зарур бўлган чизиқли, тўплам ёки елпиғич шаклда жойлашган бурғилашнинг кичик диаметрли, колонкали, горизонтал ва қия бурғи қудуқлари ер ости қидирув усулларининг асосий техник воситалари ҳисобланади.
Қидирув ишлари олдиндан маълум бўлган потенциал маъданли майдонларда ва чўкинди фойдали қазилмаларга истиқболли ҳисобланган ҳавзаларда олиб борилади.
Бу босқичда амалга ошириладиган ишлар юқорида санаб ўтилган усуллар мажмуаси ёрдамида конларнинг ландшафтдаги жойлашуви, геологик хусусиятлари, фойдали қазилманинг тури ва унинг саноат-генетик туркумидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Бу ишлар натижасида қидирув ўтказилган участкаларнинг 1:25000 дан 1:5000 гача миқёсдаги геологик ҳариталари ва кесмалари тузилади, фойдали қазилмаларнинг Р2, яхши ўрганилган участкаларда эса P1 тоифалари бўйича башорат ресурслари баҳоланади.
Умуман олганда шуни эсда тутиш лозимки, амалиётда камдан-кам ҳолларда фақат битта қидириш усулидан фойдаланилади. Одатда улар шароитдан келиб чиқиб биргаликда қўлланилади ва фақат шундай қилингандагина энг яхши самарага эришиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |