7.3.Намуналар олиш
Намуналар олиш юқори маъсулиятли операциядир. Бу операция намуна олинаётган тоғ жинслари вакиллигини ҳарактерлаши ёки намуна сифатини маъдан сифатига мос келишини таъминлаши лозим. Фойдали қазилмаларнинг ҳоссалари ва улардан намуналар олишдан қўзланган мақсадга мувофиқ равишда намуналар олишнинг кўплаб усулларидан фойдаланилади.
Баъзан фойдали қазилмалар сифати тўғрисида намуналар олмасдан ҳам масалан, геофизик тадқиқот маълумотлари ёки маъданларда компонентларнинг жойлашув қонуниятларини таҳлил қилиш асосида ҳулоса қилиш мумкин.
Намуналаш усуллари ва параметрлари. Минерал хол–ашё турларининг хилма–ҳиллиги, маъданлар ўзгарувчанлигидаги фарқлар, намуналашдан қўзланган мақсадлардан келиб чиқиб намуналашнинг кўплаб усуллари ишлаб чиқилган. Уларни қуйидаги уч гуруҳга бўлиш мумкин:
Биринчи гуруҳга тоғ лаҳимларини баъзан табиий очилмаларни намуналаш усуллари киради. Бу усулларда канавалар, шурфлар, штреклар, рассечкалар ва бошқа тоғ лаҳимларидан намуналар олинади. Бу ерда намуналар олиш усулларидан энг кўп сонли ва энг кенг тарқалганлари штуфли, нуқтали, жўякли, шпурли, задиркали ва ялпи намуналаш усуллари ҳисобланади.
Иккинчи гуруҳга бурғулаш қудуқларини намуналаш усуллари киради. Бу гуруҳнинг намунаш усуллари ўз навбатида бошқа усуллардан фарқли ўлароқ, бурғулаш турларига боғлиқ равишда фойдали қазилмалар ҳарактери ва уларнинг ётиш чуқурликлари билан белгиланади. Бошқаларга нисбатан кўпинча колонкали бурғулаш қудуқларини намуналашга тўғри келади. У ерда керн баъзан шлам намуналаш учун хизмат қилади ва хокозо.
Учинчи гуруҳ–синдириб олинган маъданларни намуналаш бўлиб, жумладан, тоғ лаҳимларининг забойларидан, отваллардан ва ҳатто вагонеткалардан намуналар олинади. Намуналарни нафақат маъданлардан балки, улардан олинадиган концентратлардан ҳам олиш мумкин. Қаттиқ фойдали қазилма конларини разведка қилишда олинадиган намуна геологик намуна дейилади. Геологик намуна табиий ётган маҳсулдор ётқизиқлар бўйича ёки уни қазиб олишдаги технологик маҳсулотларидан олинган таркиби ва ўлчамлари бўйича турли ҳил минераллар массасининг бир қисми ҳисобланади. Намуна олинган жойда ҳажми, шакли, ўлчами ва мўлжали бўйича намуна геометрияси деган тушунчага эга чуқурча ҳосил бўлади.
Геологик намуна геометриясига боғлиқ ҳолда уч гуруҳга: 1) чизиқли, 2) катта ҳажмли ва 3) нуқтали гуруҳларга бўлинади. Уларни танлаш маъданли ётқизиқларнинг геологик-минералогик ва морфологик хусусиятлари, фойдали қазилма тури, унинг ўзгарувчанлик ҳарактери ва даражаси, разведка қилиш техника воситаларига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |