Назорат саволлари
1. Фойдали қазилмаларнинг қандай қидириш усулларини биласиз?
2. Қидиришнинг геологик суръатга олиш усулининг моҳияти нимадан иборат?
3. Қидиришнинг дарё - бўлаклари усули моҳиятини тушинтиринг?
4. Қидиришнинг музлик-ғўлаклари усули қандай усул?
5. Қидиришнинг шлихли усули қандай амалга оширилади?
6. Қидиришнинг геофизик усуллари моҳиятини очиб беринг!
7. Қидиришнинг сунъий очилмалар усули қандай усул?
III-БЎЛИМ
ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМА КОНЛАРИНИ РАЗВЕДКА ҚИЛИШ
VII – БОБ. ҚАТТИҚ ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМА КОНЛАРИНИ НАМУНАЛАШ
7.1.Умумий тушунчалар
Конлардан ва қазиб олинган фойдали қазилмалар массасидан намуналар олиш ишлари энг аввало, ҳар бир алоҳида олинган қазилма таркибидаги фойдали ёки зарарли таркибий қисмларни(компонентларини) бир қатор физик ва кимёвий ҳоссаларини аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Масалан, металли маъданлар сифати: а) ажратиб олиш мақсадида қазиб олинган маъданлар таркибидаги металлар миқдори билан; б)маъданларни қайта ишлашни енгиллаштирувчи минераллар миқдори билан; в) маъданларни қайта ишлаш жараёнини қийинлаштирувчи ёки маҳсулот сифатини пасайтирувчи зарарли қўшимчалар миқдори билан; г) маъданларнинг қаттиқлиги, мўртлиги, минерал доналарининг ўлчамлари каби ҳоссалари билан белгиланади.
Кўмирлар сифати уларнинг иссиқлик ажратиш ҳоссалари, куллилиги, қаттиқлиги, таркибида намлик, олтингугурт ва учувчан компонентлар сақлаши ҳамда коксланиш ҳусусиятлари билан белгиланади.
Слюдалар сифати кристалларининг (пластинкалари) ўлчамлари, мустаҳкамлиги, қаттиқлиги, электр токига нисбатан қаршилиги ва бошқа ҳоссалари билан белгиланади.
Фойдали қазилмалар сифатини ўрганиш билан боғлиқ ишлар, асосан бир биридан тубдан фарқ қилувчи иккита мустақил босқичларда амалга оширилади. Улардан биринчиси коннинг турли қисмларидан намуналар олиш, тадқиқ қилиш ва натижаларини қайта ишлашни, иккинчиси эса олинган намуналар бўйича фойдали қазилмаларнинг ҳоссаларини ўрганишни ўз ичига олади. Ўрганиш олдинган қўйилган вазифага боғлиқ равишда тўла бўлиши мумкин. Бунда қазилмаларнинг бир қатор кимёвий ва физик ҳоссалари ўрганилади ва баъзан уларни тажриба-синовларидан ўтказиш мақсадида қайта ишланади ёки фақат амалий аҳамиятга эга бўлган у ёки бу компонентлар миқдорини аниқлашга тааллуқли бўлган намуналар бўйича нисбатан тор қўламли қайта ишлаш ишлари амалга оширилади. Баъзи холларда фойдали қазилманинг қандайдир битта физик ҳоссаси бўйича ҳам аниқлаш мумкин. Фойдали қазилмаларнинг у ёки бу ҳоссаларини ўрганиш лаборатория шароитларида олиб борилади. Лабораторияга геолог томонидан олинган, фойдали қазилма ҳоссаларини ўрганиш мақсади кўрсатилган намуналар топширилади.
Фойдали қазилма конларини қидириш ва разведка қилиш босқичларида намуналашнинг вазифаси табиий ёки разведкалаш лаҳимлари билан очилган маъданли тана очилмаларининг сифат тавсифини амалга оширишдир. Баъзи бир фойдали қазилмалар учун бу намуналаш натижалари уларнинг сифатини аниқлашда тўлақонли бўлиши мумкин, бошқалари учун эса, жумладан, оксидланган сульфатли маъданлар учун намуналаш натижалари уларни баҳолаш учун зарур бўладиган тўлақонли маълумотларни олишни таъминламайди. Кейинги холат учун моҳияти бўйича намуналаш натижалари асосий ҳисобланмайди балки, очилмалар бўйича конларни баҳолаш учун ёрдамчи восита ҳисобланади.
Дастлабки ва тавсилий разведка босқичларида амалга оширилган намуналаш маълумотлари, қоидага кўра, ер қаъридаги минерал хом ашёлар сифатини тўлақонли баҳолашни таъминлайди.
Бу босқичларда олиб бориладиган намуналаш ишларининг бош мақсади, коннинг айрим участкаси ёки бутун кон бўйича саноат аҳамиятига молик компонентларни, фойдали ва зарарли қўшимчаларни аниқлашдан, хом ашёларни навлари бўйича таснифлашдан, маъдан сифатига таъсир кўрсатувчи омиллар ва қонуниятларни ўрганишдан ва миқдори жихатдан хом ашёларнинг(маъданнинг) ўртача сифатини аниқлашдан иборат. Бу барча маълумотлар лойиҳалар тузиш ва эксплуатацияни ташкил этиш учун зарур.
Эсплуатацион блоклар доирасида эксплуатацион, тайёрлов ва тозалов лаҳимларидан олинган фойдали қазилма намуналари маълумотлари бўйича алоҳида қазиб олишни таъминлаш учун разведка лаҳимлари ўтиш, маъдан навларини контурлаш, маъданларни қайта ишлашнинг тўлиқлигини назорат қилиш, эксплуатацион йўқотилишларни ва маъданларнинг ифлосланганлигини аниқлаш каби бир қатор амалий вазифалар ҳал этилади.
Вагонеткаларда, бункерларда, темир йўл вагонларида ва бошқа ташиш воситаларида ташиладиган маъданлардан ҳам намуналар олинади. Улардан намуналар олишдан мақсад, улар таркибидаги қимматли компонентлар, зарарли ва бошқа қўшимчалар миқдорини аниқлашдир. Олинган маълумотлар нафақат маъдан етказиб берувчи корхоналар билан уларни истемолчилари (заводлар, фабрикалар) ўртасидаги коммерция хисоб-китобларини амалга ошириш учун, балки, технологик ҳисоб китобларга мувофиқ келувчи ҳамда маъданлардан фойдаланишдаги йўқотишлар ва ифлосланишларни аниқлаш учун ҳам асос бўлиб ҳизмат қилади.
Бу каби намуналашни амалга ошириш шахта ёки рудник геологининг вазифасига киради.
Намуналашдан қўзланган бош мақсад–фойдали қазилмалар сифатини аниқлашдан иборат. Намуналаш объектлари алоҳида олинган намуналар, табиий турлар ёки маъданларнинг саноат навлари, заҳираси ҳисобланган блоклар, маъданли таналар ва умуман кон бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ёндош жинслардан, айниқса, маъданли таналар ичида ётувчи ёки унинг бевосита яқинида жойлашган ёндош жинслардан ҳам намуналар олишга тўғри келади. Турли усулларда намуналар олиш жараёнларида фойдали қазилма сифатига доир кўрсатгичлар ўрганилади. Шунинг учун кимёвий, минералогик, геокимёвий, геофизик ва ядро-геофизик, технологик, техник ва маҳсулотли каби бир қанча намуналаш турлари фарқланади. Намуналаш геологик разведка ишларининг барча босқичларида ўтказилади. У разведка жараёнида энг катта аҳамиятга эга бўлиб, бунда унинг натижалари бўйича маъданли маҳсулдор жинсларнинг сифат таркиби, айниқса, уларда минерал компонентларнинг тарқалиши, минерал хом ашё заҳираларининг балансли ва балансорти контурлари, унинг табиий турлари ва саноат навлари, асосий ва йўлдош фойдали компонентларнинг миқдори ва уларни ажратиб олиш технологияси, технологик жараёнларга таъсир кўрсатувчи зарарли қўшимчалар, маъданлар ва ёндош жинсларининг техник ва физик хоссалари аниқланади.
Намуналашни стандартлаштириш йўриқномалар ва услубий кўрсатмалар ишлаб чиқувчи Ўзбекистон республикаси геология ва минерал ресурслар Давлат Қўмитаси ва минерал ресурслардан фойдаланувчи соҳа вазирликлари томонидан амалга оширилиб, уларда намуналаш усуллари, параметрлари ва техник воситалари кўрсатилган, намуналар сифати, уларни қайта ишлаш ва синовлардан ўтказиш тартиблари белгиланган.
Ҳар бир намуна ўзича сифатнинг ўртача қийматини ва намуналанувчи минерал массанинг турли ҳоссаларини акс эттирмайди. Чунки бу массаларнинг тузилиши ва таркиби дискретдир. Аммо, оралиқ масофа шакли ва ўлчами сақланган ҳолда олинган муайян намуналар мажмуаси, мўлжалдаги ҳақиқий ўртача қийматга яқин бўлган маълумотларни олишни таъминлаши лозим. Шундагина намуна ўзининг ўлчамлари бўйича етарли даражали саналади.
Do'stlaringiz bilan baham: |