Bog'liq Фойдали қазилма конларини қидириш ва разведка қилиш Дарслик П С
7.4.Чизиқли намуналар(жўякли ва шпурли усуллар). Жўякли усул кенг тарқалган, етарли даражада ишончли намуналаш усули ҳисобланади. Намуна кесима кенглиги ва чуқурлиги: 2x2; 5x3; 10x3; 10x5 см бўлган геометрик тўғри шаклдаги тўғри чизиқли жўякдан олинади. Бу усул тоғ лаҳимларидан намуналар олишда жуда кенг қўлланилади, разведка ишларида кернлардан намуналар олишда бу усул кейинги ўринда туради. В.И.Бирюков 2006 та кон бўйича маълумотларни ўрганиб, кимёвий таҳлил учун фойдаланилган усуллар нисбатини қуйидаги рақамларда ифодалайди:
Нуқтали – 0,5% Ялпи – 9%,
Жўякли – 35,5% Барча кернлар – 11,0%
Шпурли – 0,1% Кернларнинг бир қисми – 39,7%
Задиркали – 3,4% Бошқалар – 0,3%
Намуналашнинг жўякли усули фойдали қазилмаларнинг асосий қисми учун қўлланилади, айниқса, бу усул маъданли тана қалинлиги бўйича маданлашишнинг максимал ўзгарувчанлиги ҳарактерли бўлган йўл-йўлчали ёки қатламчали маъданлар учун самарали ҳисобланади. Дағал параллел дарзликлар тизими бўйлаб ривожланган маъданлардан намуналаш ҳам мумкин. Жўякли намуналаш усулини нотекис доғли ёки хол–хол кўринишда тарқалган қимматли минераллар ҳамда жуда қичик қалинликдаги маъданли таналар(10 – 20 см.ли) учун қўллаш мумкин эмас.
Жўякли намуналашнинг бир қанча вариантлари мавжуд бўлиб улардан асосийси тўғри тўртбурчакли кесма юзаси варианти ҳисобланади. Баъзан узуқ чизиқли ва ҳажмий жўяк вариантларидан ҳам фойдаланилади. Барча холларда ҳам жўяклар имкон қадар маданлашишнинг максимал ўзгарувчанлиги йўналиши томонга мўлжалланишига ҳаракат қилинади(8-расм), аммо намуналаш қулайлиги билан боғлиқ равишда жўякли намуналашни унча катта бўлмаган ўзгарувчанлик йўналишига нисбатан бурчак остида амалга оширишга ҳам йўл қўйилади(9-расм)
8-расм. Томирли маъдан танаси бўйича ўтилган горизонтал лаҳимда жўякларнинг жойлашув схемаси.
Жўякнинг тўғри кесишган жойи жўякларнинг ҳар бир погон метридан тенг микдорда материал олиш имкониятини беради, бу юқори даражада намуналарнинг асосий вакилидан намуналар олишни таъминлайди ва жўяклар кесишиш нуқтасини қатъий сақланишига эришиш имкониятини беради.
Жўякли намуналаш қуйидаги операциялардан ташкил топади: а) жўякларни кесишган юзасини ва разметкасини тайёрлаш; б) жўякларни кесиб олиш; в) кесиб олинган жойлар орасига фойдали қазилмаларни тўплаш; г) бризент ёки темир желоба билан (баъзан олдин қуритилиб олингандан сўнг) материалларни қопчаларга солиш; д) намуналарни ҳужжатлаштириш ва ёрлиқлаш; энг қийин операция – бу жўякларни қирқиб олишдир, юқори қаттиқликга эга бўлган маъданларда бунинг учун 45 – 52% вақт сарфланади, шунингдек, материалларни йиғишга 11 – 14%, жўякларни тайёрлаш ва разметка ишларига 16 – 19% материалларни йиғиш ва ҳужжатлаштиришга 18-28% вақт кетади.
9-расм. Забойда жўякларнинг маъданли танага нисбатан перпендикуляр(А), горизонтал(Б) ва қия жойлашуви(В).
Жўякларни қирқиб олиш одатда зубила ва болға ёрдамида амалга оширилади. Болғанинг оғирлиги 1,75 – 2,5 кг(10- расм). Зубила яҳлит холда бурғулаш ёки асбобсозликда ишлатиладиган пўлатдан тайёрланади.
10-расм. жўякли намуна олиш учун зубила эскизи(ўлчамлар мм.да).
1 – намуна олиш учун зубила; 2 – учи лезвия кўринишидаги зубила; 3 – учи пирамидачалар кесишмаси кўринишига эга бўлган зубила.
Уларнинг узунлиги намуна олувчининг ишлаши учун қулай бўлиши билан бирга болға, айниқса зубила нисбатан узоқ муддат ҳизмат қилишини ҳисобга олиш лозим. Одатда зубиланинг узунлиги 20 – 25 см, диаметри – 2,5 – 2,2 см бўлиб, ишчи учи 70 - 600 бурчак остида қуйилади ва сомон каби сариқ рангга киргунга қадар тобланади. Намуна олувчининг иш сменаси давомида бир нечта зубила талаб этилади, чунки улар тез ўтмас холга келади. Уларнинг миқдори намуна учун олинаётган маъдан қаттиқлигига боғлиқ равишда 5 тадан 10 тагача бўлиши мумкин. Жуда кам ҳолларда ўта қаттиқ жинслар билан ишлаганда зубилалар сони юқоридаги сондан ортиши мумкин. Айниқса, кварцитлар билан боғлиқ тоғ жинсларидан намуналар олиш вақтида бир смена давомида 30 тагача зубила ўтмас холга келиши мумкин.
Болға( 11-расм) тутгичи қаттиқ ва қуруқ холдаги ёғочдан тайёрланади, уларнинг узунлиги 25 – 30 см бўлиши мақсадга мувофиқ.
11-расм. Намуна олиш учун болға
Жўякларни қирқиб олишдан аввал забой юзасини текислаш учун кайладан фойдаланилади( 12 -расм).
12-расм. Юмшатилган маъданни йиғиб олиш учун енгил қайла
Ўртача қаттиқликдаги ва қаттиқ маъданларда кенг ва нисбатан кенг жўяклар қирқиш қуйидаги тартибда амалга оширилади: аввал тор(7 – 8 см) юқори кирқим қирқиб олинади (13-А расм) сўнгра ҳудди шунингдек қуйи қирқим кесиб чиқилади (13-Б расм) шундан сўнг қирқимлар оралиғи кесиб олинади (13-С расм).
13-расм. Жўякларни қирқиб олиш босқичлари
Жўяклар асосан бузилмаган тоғ массасидан одатда маҳсулдор ётқизиқлар қалинлигига мос келувчи максимал ўзгарувчанлик йўналиши бўйича қазилади. Барча материал, ифлосланмасдан ва қўшни жойлардан парчаланган минерал зарралар билан бойимасдан, жўяклардан намунага ўтишини таъминлаш лозим. Тоғ лаҳимларидаги жўяклар ўрни тенг ишончлилик разведка тамойилига мос келиши лозим. Квершлаглар, рассечкалар ва ортлардан намуналар уларнинг деворларидан, тубидан 1-1,2 м шифтидан қазиб олинади(14,15-расмлар).
14-расм. Квершлагда қатламга нисбатан перпендикуляр
ўтилган диагонал жўяклар
15-расм. Горизонтал жўякли квершлагда намуналарнинг жойлашуви
Штрекларда таналар катта бурчак остида ётганда – уларнинг забойидан ёки шифтидан, паст қияликда эса – деворларидан муайян масофаларда жўяклар қазилади(16-расм).
16-расм. Штрек шифти бўйича жўякларнинг жойлашиш схемаси.
1-қамровчи жинслар; 2- маъданга бой томирли жинслар; 3- томирларнинг марказий қисми; а – а –маъданга бой томирлар бўйича ўтилган жўяклар узунлиги; б– маъданга бой томирларни ажратиб турувчи қисми бўйича жўяклар узунлиги; в ва г - лаҳимнинг ишлов берилган қисми.
Канаваларда жўякли намуналар канава туби, баъзан унинг узун девори бўйича (17,18-расмлар) олинади.
18-расм. Қия ётувчи томирларнинг ётиш йўналиши бўйича канава деворларида очилиши
1 – қоплама жинслар; 2 – маъдан қаморвчи жинслар; 3 – маъданли томирлар; 4 – жўяклар
Шурфлардан намуналар маъданли таналар йўналишига кўндаланг мўлжалланган бир ёки икки қарама-қарши тор деворларидан олинади(19-расм). Тоғ лаҳимлари забойларида намуналаш даврий равишда ва уларнинг қазилиш вақтида техника хавфсилиги қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
19-расм. Шурф билан очилган қия ётувчи қатламлар деворидан жўякли намуналар олиш
Қаттиқлиги юқори бўлган тоғ жинслари ва маъданлардан жўякли намуна олиш жараёни жуда қийин кечади ва кўп меҳнат талаб қилади. У қўлда зубила ва болға ёрдамида ёки қирқувчи ёки зарбали намунаолгичдан фойдаланган ҳолда механик усул билан олинади. Намунаолгичлар ППР-2 русимли пневматик ёки ПЭР-1 русумли электр токи ёрдамида ҳаракатланувчи бўлиши мумкин. Қирқувчи асбоб сифатида кенглиги 3 дан 10 см гача ва чуқурлиги 5 см бўлган тирқишли жўяклар кесувчи АОК олмосли иккита параллел доирали дискли намунаолгичдан фойдаланилади.
Жўякли намуналаш секцион ва узуқ чизиқли турларга бўлинади (20-расм). Секцион жўякли намуналаш маъданларнинг минерал таркиби ва фойдали компонентлар концентрацияси, қўшни тоғ жинсларининг маъданбўйи ўзгаришлари ҳарактери ва жадаллиги бўйича турли туркумларда амалга оширилади. Секциялар узунлиги 0,3 м дан қисқа бўлмаслиги лозим.
Узуқ чизиқли жўякли намуналаш усулини маъданли таналари катта қалинликга эга бўлган ва уларда фойдали компонентлар миқдори текис тақсимланган конларда қўллаш тавсия этилади.
20-расм. Жўякли усулда намуналар олиш: а-штрек забойида; б- шифтида; в-деворида. 1-гранодиоритлар; 2-альбитлашган гранодиоритлар; 3-шеелит ва сульфид уячаларига эга бўлган фаол альбитлашган гранодиоритли зона; 4-жўяклар.