Намуналашни назорат қилиш. Намуналашни назорат қилиш намуна олиш, уларни қайта ишлаш ва аналитик тадқиқотлар олиб бориш жараёнларида амалга оширилади. Бу мураккаб жараён бўлиб, бу ҳақидаги маълумотлар адабиётларда жуда суст ёритилган ва йўриқномаларда эса етарли даражада регламентланмаган. Бу холат бир томондан, фойдали минераллашувнинг дискертлилиги, иккинчи томондан, унинг тарқалишида муайян қонуниятларнинг йўқлиги билан тушунтирилади. Асосий ва назорат намуналари қийматларидаги фарқ ҳар бир алоҳида ҳолатларда муайян намунани олишдаги ҳатоликни эмас, балки маъданлашувнинг ўзгарувчанлик даражасидан далолат беради. Шунинг учун алоҳида бир намуна эмас, балки, қабул қилинган намуна олиш усули назорат қилинади. Шу мақсадда тажриба участкасида турли усуллар ёрдамида намуна олиш бўйича экспериментал тадқиқотлар ўтказилади. Намуна техник-геолог кузатуви остида олиниши лозим. Намуна олинганидан кейин унинг қабул қилинган намуна геометриясига ва тўғри боғланишига, яъни фазовий тутган ўрнига мос келишини назорат қилиш мумкин.
Намуналарни назорат қилиш амалдаги усул бўйича нотекислик коэффициенти к катталигини аниқлаш бўйича экспериментал тадқиқотлар ўтказиш тартибида амалга оширилади.
Кимёвий таҳлилларни назорат қилиш энг муҳим ҳисобланади. У даврий равишда ўтказилиши ва фойдали компонентлар миқдорининг турли синфларини ўз ичига олиши лозим. Заҳираларни ҳисоблашда қатнашувчи миқдорни синфлар бўйича танлаш етарли бўлиши лозим. Маълумки, миқдорини аниқлашдаги ҳатоликлар тасодифий ва доимий бўлиши мумкин. Белгиси бўйича турли тасодифий ҳатоликлар лаборатория ишларининг ички назорати жараёнида аниқланиши мумкин. Намуналарнинг умумий сонидан 5-10 % и, аммо 25-30 дан кўп бўлмаган намуналар бошқа тартиб рақамлари билан такрорий (назорат) таҳлилга шу лабораториянинг ўзига юборилади.
Асосий ва назорат таҳлил натижаларини таққослаш фойдали компонентлар миқдорини синфлар бўйича таҳлилларнинг нисбий ўртача квадратик ҳатосини (Р, %) аниқлашга имкон беради. ЎзР ДЗК йўриқномаларида шундай ҳатоликларнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган чегарасини (Ртах) амалдаги ҳатоликни йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳатолик билан таққослаш орқали, ички лаборатория ишлари сифатига баҳо бериш лозимлиги қайд қилиб ўтилган.
Бир белгидаги даврий ҳатоликлар (мусбат ёки манфий) бошқа (ташқи) лабораторияда бажарилган назорат таҳлили давомида аниқланиши мумкин. Бундай назорат ташқи назорат дейилади. Даврий ҳатоликларнинг мавжуд бўлиши махсус арбитраж лабораториясида назорат таҳлили ёрдамида аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |