Bog'liq Фойдали қазилма конларини қидириш ва разведка қилиш Дарслик П С
Геология–разведка ишларнинг олтинчи–эксплуатация босқичи–ишлаб турган корхоналарда минерал хом-ашёларни қазиб олишнинг истиқболли режасини таъминлашдир. Бу тоғ корхоналарининг умумий геологик хизмат кўрсатиш вазифаларининг таркибий қисмидир(рудник ёки шахтанинг геологик хизмати). Кўпчилик холларда бешинчи босқич ишлари да ҳудди шу вазифалар бажарилади.
Геологик разведканинг бош вазифаси тоғ саноатини асосли лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланиш учун минерал хом–ашёлардан имкон қадар тўла, иқтисодий жихатдан самарали фойдаланиш мақсадида конларнинг геологик - саноат параметрларини аниқлашдан иборат. Ҳар бир параметр қийматини тоғ жинслари ва фойдали қазилма намуналарини белгиланган тартибда кузатиш, ўлчаш, таҳлил ва тадқиқ қилиш орқали нисбатан осонлик билан олиш мумкин. Аммо бу ишлар қуйидаги холатларда мураккаблашади:
а) баъзи бир холатларни ҳисобга олмаганда конларни ҳар томонлама бевосита кузатишнинг имконияти йўқ. Чунки улар ер қобиғининг турли чуқурлигида яширинган;
б) табиатда бир нуқтадан ёки бир кесмадан туриб олинган кузатиш, ўлчаш ва таҳлил қилиш натижаларини барча конларга бутунлигича тадбиқ этиш мумкин бўлган ёки ҳар жихатдан умуман бир хил бўлган конларнинг ўзи йўқ. Чунки ҳар бир кон доирасида геологик – саноат параметрлари ўзгарувчан бўлади;
в) тоғ саноати учун коннинг нафақат айрим нуқталари ва кон бўйича ўрталаштирилган геологик параметрлар қийматини билишни, балки уларнинг ўзгарувчанлик динамикасини ҳам билишни тақозо қилади;
г) разведка ишларини олиб борувчи маълум даражада аниқ ва ишончли бўлган коннинг геологик–саноат параметрларининг миқдорий таснифини ҳам бериши лозим. Параметрлар таснифидаги ноаниқлик ёки қўпол хатоликлар тоғ қазиш, бойитиш ва қайта ишлаш корхоналари ишлаб чиқариш ритмини ва режасини бузилишига, меҳнат унимдорлигини пасайишига, иқтисодий жихатдан зарар кўришига ва ер бағрида ва чиқиндилар таркибида минерал хом–ашёларни қайтариб бўлмас даражада йўқотилишига сабаб бўлади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган холатларни ҳисобга олиб, разведканинг бош вазифасини ечиш учун разведка жараёнида қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:
а) маъданли таналар ва уларни қамраб олган жинс қатламларини бир қатор нуқталарда очиш ва кесиб ўтиш;
б) ҳар бир нуқтанинг керакли тоғ–саноат параметрларини ўрганиш;
в) маъданли таналарни кузатиб бориш ва контурлаш;
г) маъданли таналар параметрларидаги ўзгарувчанликларни ўрганиш;
д) муҳандислик–геологик, гидрогеологик ва бошқа тоғ–геологик шароитларини ўрганиш ва кондан фойдаланиш бўйича тажриба-синов ишларини ўтказиш.
Кўрсатиб ўтилган масалаларни ечиш учун турли хил маҳсус разведка қилиш техникаларидан ва разведканинг турли усулларидан фойдаланиш талаб этилади. Жумладан:
бурғулаш қудуқлари ва тоғ–разведка лаҳимларини ўтиш;
ер ости ва ер устида суръатга олиш ишларини ўтказиш;
дала ва қудуқли геофизик ва геокимёвий разведкани амалга ошириш;
тоғ жинслари ва фойдали қазилмалардан намуналар олиш;
тоғ лаҳимларини геологик ҳужжатлаштириш;
тоғ жинслари ва фойдали қазилмаларни кимёвий, физик, стратиграфик, минералогик, литологик ва петрографик тадқиқ қилиш;
геодезик топографик ва маркшейдерлик ишларини амалга ошириш;
математик тадқиқотлар олиб бориш ва х.к.
Разведка ишларига сарфланадиган сарф–ҳаражатлар айрим конлар бўйича анча қимматга тушади, разведка ишлари эса бир неча йил давом этади, шунинг учун иқтисодий самарадорлик ва вақт омили муҳим тамойил бўлиб ҳисобланади.
Геология разведка ишларининг умумий самарадорлигини ошириш мақсадида разведка масалалари умумийликдан ҳусусийликка навбатма-навбат яқинлашиш тамойилига асосланиб, бутун кон бўйлаб захиранинг С2 категориясидан С1 ва В категориясигача геологик–саноат кўрсатгичларнинг яқинлаштирилган ўртача қийматидан уларнинг айрим блокларини тавсифлашгача бўлган разведка босқичлари бўйича ечилади. Разведканинг ҳар бир босқичи учун бош вазифа белгиланади. Аниқ шароитларга боғлиқ равишда хусусий вазифалар шаклланади ва уларни хал қилишнинг воситалари ва усуллари аниқланади. Носаноат конларни “элакдан ўтказиш” учун геологик–иқтисодий баҳолаш кўрсатгичлари, жумладан, саноат кондициялари меъзон бўлиб хизмат қилади.
Баҳолаш тамойили нафақат разведканинг бир босқичидан бошқа босқичига ўтиш учун асосий тамойил ҳисобланади, балки ҳар бир босқичнинг мустақил вазифасини хал қилишда баҳолаш параметрларини қамраб олувчи геологик–саноат параметрлар қийматини энг самарали аниқлаш мақсадида иш воситалари ва усулларини танлаш ҳам муҳим ҳисобланади.
Разведка ишларини ўтказиш учун ишнинг лойиҳаси асос бўлиб ҳисобланади. Лойиҳанинг икки турини ажратиш лозим: а) бош лойиҳа; б) босқичли лойиҳа.
Кон ва минерал хом–ашёни ўрганиш бўйича барча ишлар мажмуасини қамраб олувчи бош лойиҳа ишнинг мақсадли йўналтирилганлигини, ишончлилигини, тўлалигини, мажмуавийлигини ва тугалланганлигини шунингдек, объектнинг якуний геологик–иқтисодий баҳоланишини асосланганлигини таъминлаши лозим. Бош лойиҳани тузиш йирик, мураккаб объектлар учун айниқса хом–ашёдан комплекс фойдаланиш назарда тутилган бўлса зарур. Бош лойиҳа разведканинг барча босқичларини ўз ичига олади. Бош лойиҳа бўлиш бўлмаслигидан қатъий назар разведканинг ҳар бир босқичи учун ҳар бир навбатдаги босқич учун ўтган босқич натижаларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида лойиҳа тузилади. Бунда қидириш ишлари ва дастлабки разведка босқичларини барча конлар қамраб олиши лозим, тавсилий разведкани эса уларни ТИА(техник–иқтисодий асос) бўйича ўзлаштириш кетма–кетлигини ҳисобга олган ҳолда айрим участкалар учун режалаштириш мумкин. ТИА дастлабки разведка натижалари асосида тузилади.
Хусусий лойиҳаларда айрим босқич вазифалари кўриб чиқилса, бош лойиҳада уларнинг умумий мақсадга йўналтирилганлиги ва конни баҳолаш бўйича вазифаларни тўла хал этиш вазифалари кўриб чиқилади.
Лойиҳа таркиби:
1) олинган ахборотлар асосида объектнинг лойиҳавий геологик моделини таърифлаш(ёзиш, чизиш, математик моделлаштириш);
2) лойиҳа модели таҳлилидан келиб чиқиб умумий ва хусусий масалаларни шакллантириш;
3) юқоридаги вазифаларни асослаш ва режалаштирилаётган воситалар ва усуллар рўйҳатини тузиш;
4) иш ҳажмини ва уларнинг техник тавсифини ҳисоблаш;
5) смета ҳисоблари;
6) ишни ташкил этиш лойиҳаси;
7) кутилаётган натижаларни лойиҳалаш.