Назорат саволлари 1. Фойдали қазилмаларни қидиришда қандай қидириш белгиларидан фойдаланилади?
2. Фойдали қазилмаларни қидиришнинг бевосита белгилари деганда қандай белгиларни тушунасиз?
3. Фойдали қазилмаларни қидиришда уларнинг очилиб қолган жойлари қандай аҳамиятга эга?
4. Доломитлашган жинслар кандай конлар учун билвосита қидириш белгилари ҳисобланади?
5. Қидириш мақсадлари учун гидротермал жараёнларда вужудга келувчи хлоритлашган жинслар қандай аҳамиятга эга?
6.Серитцитлашган жинслар қандай фойдали қазилма конларининг муҳим қидириш белгилари ҳисобланадилар?
7. Кварцлашган жинслар билан қандай фойдали қазилмалар боғлиқ?
8. Скарнлар ва скарнлашган жинслар ва грейзенлашиш жараёнлари билан қандай фойдали қазилмалар учрайди?
9. Маъданли жинслар атрофидаги ўзгаришлардан қидириш белгилари сифатида фойдаланиш мумкинми?
10. Фойдали қазилма моддаларнинг сочилиш ореоллари ва оқимлари деганда нимани тушунасиз?
11. Маъданли моддаларнинг бирламчи сочилиш ореоллари нима?
12. Иккиламчи сочилиш ореоллари нима?
13. Иккиламчи сочилиш оқимлари деганда нимани тушинасиз?
14. Иккиламчи сочилиш ореоллари ва оқимлари қандай турларга бўлинади:
15.Иккиламчи механик сочилиш ореоллари ва оқимлари қандай хосил бўлади?
16.Тузли сочилиш ореоллари ва оқимлари қандай ҳосил бўлади?
17.Сувли(гидрогеокимёвий) сочилиш ореоллари ва оқимларининг ҳосил бўлиш жараёнини тушинтириб беринг!
18. Газли ёки атмогеокимёвий ореоллар қандай вужудга келади?
19. Биокимёвий сочилиш ореоллари қандай намоён бўлади?
20. Фойдали қазилмаларни қидиришда қандай белгилар билвосита қидириш белгилари ҳисобланади?
21. Маъдан атрофидаги жинсларнинг ўзгариши деганда қандай ўзгаришлар назарда тутилади?
22. Жинсларнинг серпентинизацияси билан қандай фойдали қазилмалар боғлиқ?
V-БОБ. ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМА КОНЛАРИНИ ҚИДИРИШ 5.1. Қидириш босқичлари Фойдали қазилма конларини қидириш босқичлари қуйидаги қуйи босқичларга бўлинади:
1.Минтақавий геологик ўрганиш босқичи;
2.Умумий қидириш босқичи;
3.Тавсилий қидириш босқичи;
4.Қидириш–баҳолаш ишлари босқичи.
Қаттиқ фойдали қазилма конларини қидиришда истиқболли майдонлар доирасида 1:50000 – 1: 25000 миқёсли геологик ва фойдали қазилмаларнинг башорат ҳариталари асосида конларини қидириш мақсади қўйилади.
Оддий геологик тузилишга эга бўлган майдонларда ва фойдали қазилмалар тарқалганлик қонуниятлари яхши аниқланганда қидириш ишлари 1:200000 миқёсли геологик ҳариталаш ва башорат–металлогеник схемалар асосида амалга оширилиши мумкин.Ҳудудларнинг геологик ўрганиш геологик разведка ишларини ўтказиш жараёнида амалга оширилади. Геологик ҳариталаш ва қидирув ишлари ушбу ишларнинг таркибий қисми ҳисобланиб, уларни иқтисодий жиҳатдан самарали ўтказиш мақсадида босқичлар бўйича бажарилади. Қаттиқ фойдали қазилмаларни геологик разведка қилиш ишларининг саккиз босқичидан дастлабки тўрттаси турли миқёсли ҳариталаш ва қидирув ишларига тўғри келади.
1- босқич. Минтақани геологик ўрганиш:
а) 1:1000000 - 1:500000 миқёсларда минтақавий геология-геофизика тадқиқотларини ўтказиш;
б) 1:200000 (1:100000) миқёсда минтақавий геофизика, геологик ҳариталаш, гидрогеологик ва мухандис-геологик ишларни амалга ошириш.
2- босқич. 1:50000 (1:25000) миқёсда умумий қидирув ишлари билан биргаликда геологик ҳариталаш ишларини олиб бориш.
3- босқич. Қидирув ишлари.
4- босқич. Қидирув-баҳолаш ишлари.
Кейинги тўрт босқич разведка ишларига тўғри келади.
Ҳар қандай миқёсдаги геологик ҳариталашнинг бош вазифаси геологик ҳариталар тузиш, ер юзасида ёки муайян чуқурлик қесимида қайд этилган геологик таналарни чизма-графикларда акс эттирувчи элементлар ҳисобланади. Кейингиси стратиграфик горизонтларнинг остки ёки устки юзасига ёки муайян геологик ҳосиланинг юзасига мос келиши мумкин. Ҳариталарнинг тафсилийлиги бажариладиган ишларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, унинг миқёси билан белгиланади.
Геологик ҳариталаш ва тузилган ҳариталарни таҳлил қилиш жараёнида маъдан ҳосил бўлиш учун қулай омиллар топилади ва улардан қидирув даракчилари сифатида фойдаланилади. Буларга иқлим, стратиграфик, фациал-литологик, магматик, структуравий, геоморфологик, геофизик ва геокимёвий аномалиялар киради. Геофизик ва геокимёвий омиллар қидирув белгилари сифатида аҳамиятга эга. Қидирув даракчилари ва белгилари фойдали қазилма конларини топиш имкониятини кўрсатувчи турли омилларни ўрганиш асосида аниқланади ва бу омилларнинг намоён бўлиш ҳарактери ва даражаси бўйича фарқланади.
Геофизик ҳариталарда барча аномалиялар қайд этилади ва уларнинг орасидан истиқболлилари ажратилади. Профилли геофизик тадқиқотларга геокимёвий тадқиқотлар ҳам қўшилиши мумкин. Минтақавий геологик ҳариталаш даврида аниқланган комплекс геофизик ва геокимёвий аномалиялар қулай геологик вазиятларда маъданлашувнинг қидирув белгилари бўлиб хизмат қилиши ва ундан истиқболли ҳудудларни ажратиш ва башорат ресурсларни Р3 тоифада миқдорий баҳолаш учун фойдаланиш мумкин.
Умумий қидирув 1:50000 миқёсдаги геологик ҳариталаш ишлари ҳамда 1:25000 дан 1:500 гача миқёсдаги қидирув ва қидирув-баҳолаш ишлари билан биргаликда ўтказиладиган ҳариталашни ўз ичига олувчи йирик миқёсли тадқиқотларда белгиланган вазифалар батафсил даражада ечилади. Тадқиқот объектларига аниқликлар киритилади, улар фойдали қазилма нишоналари ва конларидаги каби геологик жиҳатдан баҳоланади.
1:50000 миқёсдаги геологик ҳариталаш ишлари фойдали қазилмаларнинг умумий қидирув ишлари билан биргаликда олиб борилади. Сочма конларни топишга истиқболли бўлган худудларда геоморфологик ва тўртламчи ётқизиқларни ҳариталаш ишлари биргаликда амалга оширилади. Бу ишлар якунида истиқболли ҳудудлар контурланади, Р2 башорат ресурслари баҳоланади ва янада тафсилийроқ тадқиқотлар ўтказиш учун объектлар танланади.