1-БОБ. КЎЛЛАР ҲАҚИДА УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР
Қуйида ҳозирги кунда ҳам мунозарали ҳисобланган, турли манбалар ва тадқиқотларда турлича талқин қилинадиган "кўл" тушунчаси ва унинг таърифлари таҳлил қилиниб, шу масала бўйича умумлаштирувчи фикрлар баён этилади. Сўнг кўл ботиғи, кўл косаси ва уларнинг қисмлари ёритилади.
Кўл тушунчаси ҳақида
Гидрологик нуқтаиназардан қараганда кўл таърифида қуйидаги икки асосий хусусият акс этиши шарт: 1) ер сиртидаги ботиқлик ва 2) унда кўл деб аташга имкон бе¬радиган миқдордаги сувнинг мавжуд бўлиши. Айрим чет эллик олимлар кўл бўлиши учун юқоридагиларга қўшимча сифатида қуйидаги шартларни ҳам қўшади: 1) океан ва денгизлардан маълум узоқликда жойлашган ботиқлик тўла ёки қисман сув билан тўлиши; 2) сув юзаси ўлчамлари тўлқин ҳосил қила олиш даражасида катта ва бу тўлқинлар қирғоқларни юва оладиган кучга эга бўлиши керак. Бу ерда, албатта, тўлқиннинг баландлиги ҳам ҳисобга олинади.
Кейинги муаммо ягона ҳавзанинг маълум қисмларида қирғоқларнинг торайиши ва натижада унинг бир неча кичик бўлакларга бўлиниши билан боғлиқдир. Бу ҳолат шимолий ҳудудлар, жумладан Финляндия кўллари учун хосдир. Фин олими Э.Е.Куусисто маълумоти бўйича бу ерда баъзан битта кўл торайган қирғоқлар билан ажралиб турувчи бир нечта ҳавзалардан ташкил топган бўлиши мумкин. Унинг қуйи қисмидаги ҳавзада сув сатҳи юқоридагига нисбатан бир неча см, ҳатто бир неча мм гина паст бўлади. Бу ҳавзаларнинг ҳар бирини алоҳида кўл сифатида қабул қилиш керакми, ёки ҳаммасини қўшиб, битта кўл деб оламизми? Кўпчилик олимларнинг фикрича бундай ҳолатларда бўлаклардаги сув сатҳлари фарқи, сув алмашинув жараёни, ҳарорат режими асосий мезон бўлиб хизмат қилади.
Юқоридагилардан ташқари кўлнинг энг кичик (минимал) ўлчамлари ҳақидаги фикрлар ҳам мунозаралидир. Маълумки, кўлдан кичик бўлган ҳавза ҳовуз бўлади. Унга АҚШлик олим П.С.Велч қуйидагича таъриф беради: ҳовуз-унча катта ва чуқур бўлмаган ботиқдаги тинч, туриб қолган сув бўлиб, унда сув ўтларининг ривожланиши учун шароит етарли бўлади.
Кўллар энг кўп тарқалган мамлакатларда, шу жумладан Финляндияда ҳам сув юзаси майдони 0,01 км.кв дан катта бўлган сув ҳавзалари кўл сифатида қабул қилинади. Баъзан эса мезон сифатида ҳавзанинг узунлиги олинади. Ушбу мезон бўйича кўл бўлиши учун ҳавзанинг узунлиги 200 м дан катта бўлиши шарт.
Юқоридагиларни ҳисобга олганда кўл деб қабул қилинадиган сув ҳавзаси қуйидаги шартларга жавоб бериши керак:
1) ягона ёки ўзаро туташиб кетган бир нечта ботиқлар сув билан тўла (баъзан қисман тўла) бўлиши;
2) океан ва денгизлардан маълум узоқликда жойлашган бўлиши;
3) сув ҳавзаси ва уни ташкил қилган барча қисмларида деярли бир хил сув сатҳига эга бўлиши (бу ерда музлаш, шамол, катта миқдорда сув қўшиладиган қисқа даврлардаги сув сатҳи фарқлари ҳисобга олинмайди);
4) кўлга қўшиладиган сув миқдори ундаги сув ҳажмига нисбатан кичик, яъни сув алмашиниши секин бўлиши;
5) ҳавзадаги оқим тезлиги дарёлар суви билан қўшилаётган муаллақ оқизиқлар чўкадиган даражада кичик бўлиши;
6) ўртача сув сатҳида унинг сув юзаси майдони 0,01 км.кв дан ёки узунлиги 200 м дан катта бўлиши;
7) ҳавзанинг чуқурлиги тўлқин ҳосил қила олиш даражасидаги қийматда ва у қирғоқларни юва оладиган кучга эга бўлиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |