Азим СУЮН, шоир:
– Очиғи, бугун тилга бўлган муносабатимиз бизни хурсанд қиладиган даражада эмас. Ваҳоланки, ўша 1989 йили ўзбек тили мавқеи учун озмунча курашлар бўлганмиди?! Аста-секин негадир бу саъй-ҳаракатларнинг чўғи пасая бошлади. Бугун қандай оқибатни кўряпмиз? Ўзбек тили жайдари бир тилга айланиб қолмаяптими?! Давлат тили, аввало, маданият ва маърифат маркази саналмиш пойтахтда амалда бўлиши, барча жилоларини намоён қилиши керак эмасми?
Президентимиз шу йил бошида жуда зўр иш қилдилар: Ҳиндистон сафарида, “Жўшқин Гужарат” саммити чоғида ўзбек тилида нутқ сўзладилар. Очиғини айтсам, мен “ойнаи жаҳон”да буни кўриб, ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Бу – ўзбек тилининг дунё саҳнасига чиқиши, улуғ жараённинг бошланиши, дедим. Ахир, халқаро анжуманларда ҳинд – ҳиндча, араб арабча гапиради-ку? Ўзбек тилининг улардан кам жойи борми?
Давлат идора ва ташкилотларида, ҳисобхоналарда ишлар ўзбек тилида олиб борилса, шундагина бу борада силжиш, ривожланиш бўлиши мумкин. Вазирликлар, давлат идоралари бу борада ўрнак бўлиши даркор. Шу даргоҳларда давлат тилига тўлиқ ўтилса – ишларимиз юришади.
Эшқобил ШУКУР,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
– Биз ўтган йили ашаддий қоидабузарлар ва тартиббузарларни ҳам бор-йўғи 3-4 ой ичида тартибга олиш мумкинлигини амалда кўрдик, бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш бўйича кескин чоралар кўрилиши қисқа муддатда ўз натижасини берди. Тил қоидалари масаласида ҳам худди шундай қатъий ва кескин чоралар зарур бўлаяпти. Гап шундаки, Тил қонунини қўпол равишда бузганларга масъуллар кўпинча бор-йўғи “предупреждения берилсин”, деб қўя қолишади. Бундай чора билан ҳозир бировнинг пишагини “пишт” деб ҳам бўлмайди. “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга беписандлик билан қараган, уни бузган кишилар, ваколатли шахсларга яхшигина жарима солиш, зарур бўлса, лавозими билан боғлиқ аниқ чоралар кўриш керак бўлаяпти.
“Йўл харитаси”да таълим муассасаларида Ўзбек тили фани бўйича давлат аттестациясини жорий этиш масаласи қўйилган. Бу жуда яхши. Лекин ушбу давлат аттестацияси корхона ва ташкилотлар раҳбарлари миқёсида ҳам ўтказилиши керак, деб ўйлаймиз. Шунда ҳар қандай корхона ё ташкилот раҳбари ўзи раҳбарлик қилаётган жойда Давлат тилига муносабат қандайлигини яхшироқ ҳис этади.
Мен ўзбек тилининг паспорти деганда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни тушунаман. Чунки тилдаги ҳамма сўзлар унинг изоҳли луғатида акс этиши керак. Бу гўё бир мамлакат аҳолисининг расмий рўйхатга олинишидай гап. Бизда яхшими-ёмонми, ҳарқалай, беш жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бор. Ушбу луғатни тузган заҳматкаш олимларга ҳурмат бажо келтирган ҳолда бир нарсани айтмоқчиман. Бу луғат 80 000 сўздан иборат. Бу – ўзбек халқи ва тили учун жуда кам. Чунки биздан кўра камсонли халқларда ҳам бу кўрсаткич анча баланд. Изоҳли луғатимизга кўп сўзларимиз кирмай қолган. Чин жаҳд қилсак, бу луғатимизда 200.000 ёки 300.000 сўз йиғилиши мумкин. Кимдир бу нимани ўзгартиради, дейиши мумкин. Бу жуда муҳим. Чунки тилнинг кўлами, мақоми ва даражаси шу билан белгиланади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, агар бир мамлакат аҳолисининг ярми рўйхатдан ўтса-ю, ярми ўтмай қолса нима бўлади? Худди шу каби Тилни бир мамлакат деб фараз қилсак, ундаги барча сўзлар шу тилнинг аҳолисини ташкил қилади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида Атамалар қўмитаси тузилган эди. Бу қўмитага машҳур адиб Одил Ёқубов раис бўлган. Лекин, афсуски, бу қўмитанинг каттароқ ишлар қилишга имконияти бўлмади. Қўли ҳам, тили ҳам калталик қилди ўша пайтларда. Чунки зарур маблағ ва ваколат билан боғлиқ жиддий муаммолар бўлган. Шу сабаб қўмита аъзолари қанчалик фаол ва жонкуяр бўлмасин, ишлар юрмай қолган. Бугун ҳам шундай қўмита ё ташкилотга эҳтиёж бор. Муҳими, махсус ваколат билан Тил қонунини бузувчиларга кескин чора кўра оладиган ҳуқуқларга эга идора керак бўлаяпти. Тил тўғрисидаги қонун ижросини мунтазам назорат қиладиган, ўзбек тилини турли таҳдидлардан ҳимоя қила оладиган расмий идора кўп қоидабузарликлар ва беписандликларнинг олдини олиши мумкин. Шунингдек, “Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси” тузилса, давлат тилини ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштириш асоси яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Бизнинг тил тарғиботи масаласида заиф томонларимиз кўп. Қачон 21 октябрь келиб қолса, ҳаммамиз Муҳтарама Онамизни эслаб қоламиз. Бу онага совға-саломлар қиламиз, ҳолини сўраймиз. Ҳолбуки, бу онага ҳар куни меҳр ва эътибор керак. Оммавий ахборот воситаларида тил қоидалари бузилиши миллий тафаккурни бузиш ва айнитишга хизмат қилади. Бунга эҳтиёт бўлиш шарт. Шарт! Мени яна бир нарса ажаблантиради. Кейинги пайтларда хусусий телеканалларда кўрсатувлар номини ажнабий сўз билан номлаш “мода” бўлди. Улар буни замонавийлик деб ўйлашаяпти, шекилли. Гўё шу билан замонавий бўлиб қолишмоқчи, гўё шу билан ўзларини илғор ва билгич кўрсатадилар. Баъзи хусусий телеканаллар кўрсатувларининг 80 фоизидан ортиғи ажнабий сўзлар билан номланган десак, муболаға бўлмас. Наҳотки, шундай бой тилдан бу кўрсатувларга битта ном чиқмаса?! Чиқади. Чиққанда ҳам кўп гўзал ва жозибали номлар чиқади. Фақат буни кўрсатув ижодкорлари исташмайди ва ўз она тилларига беписанд қарашади. Ҳолбуки, Россия телеканалларида кўрсатувларнинг аксарияти рус тилида, уларда ажнабий номлаш беш фоиз ҳам чиқмаса керак. Ё улар замонавийликни бошқачароқ тушунадиларми? Шак-шубҳасиз, тилимизнинг ҳурматини жойига қўйишда, энг аввало, биз ёзувчи-шоирлар, телебошловчи-сухандонлар, маданият ва маърифат вакиллари жонбозлик кўрсатишимиз, бошқаларга ўрнак бўлишимиз даркор. Ана шундагина бу борада қилаётган ишларимиз самарали бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |