Амалий фаолиятда ота-оналар, таълим муассасалари мутасадди педагог ходимлари учун қуйидаги тавсияларни шакллантириш мумкин:
1). Содир бўлган суицид ходисалари хақида ҳар қандай маълумотнинг тарқалиши, миш-мишларнинг олдини олиш керак;
2). Шундай ходисаларнинг муҳокамаси ва уларнинг олдини олишга бағишланган ҳар қандай оммавий тадбирлардан сақланиш керак;
Тарбиявий соатларнинг мавзулари режасида:
инсоннинг энг катта бойлиги унинг ҳаёти эканлиги;
одам умри давомида ўзидаги иллатларни йўқотиши, гунохлардан покланиши шартлиги;
ҳаётнинг мазмунини инсоннинг ўзи белгилаши;
ҳаёт Яратган томонидан одамга берилган имкониятлиги;
инсоннинг дунёда яшашга нафақат ҳуқуқи борлиги, у яшашга, ҳаётнинг синов ва қийинчиликларига чидашга, уларни енгишга, ўзининг вужуд майлларини жиловлашга, покланишга ва шу йўл билан камолотга эришишга мажбурлиги;
ўғил ва қиз боланинг оила олдидаги масъулият ва мажбурияти масалалари кўпроқ ўрин олиши керак;
3). Таълим муассасаларида ўтказиладиган маънавият соатлари ва тадбирлари ота-оналарни ҳам қамраб олиши лозим, унутмаслик керакки, инсоннинг ҳаётий позицияси – унинг борлиққа, бошқаларга, ҳаётга муносабат, қарашлари тизими 5-6 ёшда шаклланиб, кейинчалик деярли ўзгаришга учрамайди. Шунинг учун бу йўналишдаги асосий масъулият ота-оналар ва мактабгача таълим муассасалари педагог ходимлари зиммасига тушади.
4). Таълим муассасалари ва маҳаллаларда ўқувчиларнинг бўш вақтларини тўла банд қилиш учун спортнинг волейбол, баскетбол, мини футбол, шахмат, шашка турлари бўйича йил бўйи давом этадиган турнирлар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Мусобақаларга психологлар томонидан аниқланган характер акцентуациясининг циклоид, лабиль, эпилептоид, истероид типлари хусусиятлари яққол намоён бўлган ўқувчилар жалб қилиниши ва улар албатта тақдирланиб борилишлари керак.
5). Унутмаслик керакки, ёлғизликка интилиш одамнинг табиий истаги бўлиб ҳисобланади, лекин ёлғизлик билан одамнинг ёлғизликни ҳис қилиши бутунлай бошқа-бошқа тушунчалар, одам ҳамманинг ичида ўзини ёлғиз, деб ҳис қилиши, ёки аксинча, ёлғизликда ҳам атрофидагиларнинг илиқ, ижобий муносабатини сезиб туриши мумкин. Кўзда тутилган усуллардан асосий мақсад эса ҳар бир фуқаро ўзида ёлғизликни ҳис қилмаслиги, ҳар доим атрофидагиларнинг мадади ва кўмагини сезиб туришига ёрдам бериши лозим, бу усул суицид профилактикасининг энг самарали шакли бўлиб ҳисобланади.
6). Таълим муассасалари, маҳаллаларда ишонч телефонлари ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш марказлари ташкил қилиш ҳамда уларнинг самарали ва малакали ишлашини таъминлаш лозим.
7). Таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мобил алоқа воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги Қарори ижросини, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган интернет кафеларга ёшларнинг қонунда белгилаб қўйилган қатнаш меъёрларига амал қилиниши қатъий назоратга олиниши лозим.
8). Психологлар одамдаги бефарқлик, лоқайдлик, ҳаётдан кўнгли совушининг асосий сабаби унинг ўз ҳаётининг мазмун ва мақсадини тополмаслигида, уни йўқотиб қўйишида, деб билишади. Дунёнинг иқтисодий ривожланган давлатларининг сиёсатчилари, жамиятшунослари, христиан дини пешволари ўз жамиятлари фуқароларида мазмуний бўшлиқ, лоқайдлик, бефарқлик кузатилаётганлиги, ўзаро нафрат, адоват, истеъмолчилик, исрофгарчилик авж олаётгани, жамият маънавий таназзул ва маданий ўлимга юз тутаётганини таъкидлашмоқда. Бизнинг қўлимизда ёшларимиз, фуқароларимиз ижтимоий онгида бундай салбий ҳолатларнинг пайдо бўлишини олдини олиш учун кучли восита, юксак маънавият енгилмас куч ғояси, тараққиётнинг Ўзбек модели, миллий мафкурамиз, “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида” асарида илгари сурилган асосий тамойиллар, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини қуриш концепцияси” бор. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, маънавият тарбиянинг энг таъсирча қуроли экан, ундан самарали фойдаланишимиз керак.
Фикримиз сўнггида яна бир марта таъкидламоқчимиз, режалаштириладиган, амалга ошириладиган тадбирлар суицид ходисаларига боғланмасдан, асосий мақсади ўқувчи ёшларда ҳаётга муҳаббат ва масъулият ҳиссини шакллантиришни мақсад қилиб амалга оширилиши лозим, шундагина керакли самарага эришиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |