Фрустрация ва депривация. Леонард Берковицнинг таърифича «Агар одам жозибали ва ёқимли ҳисобланган нарсага эга бўлишдан бутунлай маҳрум бўлса у депривация ҳолатига тушади. Лекин у ўзи хоҳлаган объектга эга бўлиш лаззатини бошдан кечирган ва унинг умидлари амалга ошмаган бўлса, фрустрация ҳолатига тушади». Алексис де Тонвил айтганидек «Қашшоқлик бизга қутулиб бўлмас ҳолат бўлиб кўринар экан биз унга мутелик билан тоқат қилаверамиз, лекин ундан қутулиш мумкин, деган дастлабки фикр миямизда пайдо бўлиши биланоқ у бутунлай чидаб бўлмас ҳолатга айланади». Одамлар ҳар доим уларда озгина ортиқча пул бўлганда, яна ҳам бахтлироқ бўлардим деб ҳисоблайдилар. 1950 йилларда ўртача америкаликнинг даромади ҳозиргидан икки баробар паст бўлган, болалари икки марта ортиқ бўлган. 1990 йилларда, демак уларнинг сарфига нисбатан даромади 4 баробар ортган. 1957 йилги сўровда 35% америкалик ўзини «жуда бахтли» ҳисоблаган, 1994 йилда эса фақат 29% америкалик ўзини бахтли деб ҳисоблаган.
Демак, турмуш фаровонлигининг ўсиши қониқиш ҳиссининг ортишига сабаб бўлмас экан. Реаллик ҳеч қачон ўсиб борувчи умидлар ортидан қувиб етолмайди. Ҳаттоки, яшаш шароити яхшилашса ҳам «ўсиб бораётган умидлар инқилоби» туфайли фрустрация ортиши мумкин. Паркинсоннинг иккинчи қонуни тасдиқлаганидек «ҳаражатлар ҳар доим даромадларни қувиб етишга ҳаракат қилади». Ҳозир бахтга сабаб бўлган нарса тезда ўз жозибасини йўқотади. Хитой мақолида айтилганидек «Одам минг кун қаторасига бахтли бўлиши мумкин эмас».
Янги муваффақиятларга мослашиш билан пайдо бўладиган қониқмаслик ҳиссидан одамлар ўзларини бошқаларга таққослаб қутулишга ҳаракат қиладилар. Ҳар бир одамнинг фаровонлик ҳисси ўзи билан бир соҳада ишлаётганлар билан иш ҳақи тенг ёки тенг эмаслигига боғлиқ. Ўқитувчилар ойлик маошининг ошиши бошқа соҳа вакилларининг тушкунлигига сабаб бўлиши мумкин. Бизнинг кўплаб азоб уқубатларимизнинг сабаби ўзимизни бошқалар билан таққослашимизда. Биз ўзимизни аҳмоқнинг олдида ақлли, хунукнинг олдида чиройли, бефарқнинг олдида ғамхўр деб ҳис қиламиз.
Фаровонликнинг, ижтимоий мақоми ва илмий муваффақиятларининг ортиши билан одамлар ижтимоий стандартлар планкасини кескин кўтарадилар. Янги кучга тўлиб улар фақат юқорига қарайдилар. Улар кўзлаган мақсадларига етадилар ва ўзларининг кеча қаерда бўлганликларини унутадилар. Ана шу «юқорига йўналтирилган таққослаш» қиёсий депривацияга сабаб бўлади. Қиёсий депривация – ўз ҳолатини бошқаларнинг ҳолатига нисбатан ёмонроқ деб идрок қилишдир. «Уйлар катта ва кичик бўлади. Атрофда бутунлай кичкина уйчалар борлигида улар ўз эгаларининг ижтимоий талабларига жавоб бераверади. Уларнинг ёнида сарой пайдо бўлиши биланоқ уйчалар энди ҳужрага ўхшаб қолади».
Социал психологлар агрессияни ичкаридан инстинктлар ва фрустрация итариб чиқаришидан ташқари, одамлар ўз агрессияларини ташқарига олиб чиқишни ҳам ўрганадилар деб ҳисоблайдилар.
Альберт Бандуранинг фикрича биз агрессияга фойдали бўлганлиги учунгина эмас, бошқаларни кузатиш орқали ҳулқ моделини ўзлаштириб ҳам ўрганамиз. Шундай тажриба ўтказилган, хонада бола ўйинчоқ ўйнаб ўтирибди. Бошқа бурчакда катта ёшдаги одамнинг олдида ўйинчоқ машиналар, шишириладиган қўғирчоқ ва ёғоч болға турибди. У бирдан болғани олиб шишириладиган қўғирчоқни ура кетади ва «ур», «теп», «башарасига тушир» деб хитоб қилади. Бола бу ҳолатни кузатиб ўйинчоқлар билан тўла бошқа хонага чиқиб кетади. Экспериментатор аёл бу ўйинчоқлар энг яхшилари эканлиги ва уларни бошқа болалар учун асраб қўйганлигини айтади, шу йўл билан унда фрустрация ҳолатини яратади. Фрустрациялашган бола ўйинчоқлар ичидан ёғоч болға ва шиширилган қўғирчоқни олиб бошқа хонага чиқиб кетади ва қўлига ёғоч болғани олади ва қўшни хонада кўрган катта одамнинг ҳулқини такрорлайди. Аксарият болалар нафақат шунгача кузатган катта одамнинг ҳаракатларини, балки сўзларини ҳам айнан такрорлашади. Бандуранинг фикрича болалар агрессив ҳулқ моделини оиладан, субмаданиятдан ва оммавий ахборот воситаларидан ўрганишади.
Оилада болаларга нисбатан қўпол муомала, сўкиниш, уриш улар томонидан агрессив ҳулқ моделининг ўзлаштирилишига сабаб бўлади. Ота оилада паст мавқега эга бўлган маданият шаклларида болаларнинг жиноятчиликка мойиллиги ортади.
Айрим маданият шаклларида агрессив ҳулқ рағбатлантирилади. Масалан, азалдан кўчманчи, овчилик ва чорвачилик билан шуғулланган ҳалқларда агрессивлик бошқаларга нисбатан юқори бўлади чунки шиддатли ҳулқ улар ҳаёт фаолиятини таъминлаш усулларининг энг муҳимларидан бири ҳисобланади. Кундалик ҳаётда агрессия айрим индивидуал ва ижтимоий фаолият турларида маълум самарага эришиш воситаси ҳам эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ҳайвонларни кузатсангиз энг урушқоғи аста-секин йўлбошчига айланишини кўриш мумкин. Одамлар ҳам агрессиянинг тақдирланишига ўрганадилар. Бошқа болаларни ўз агрессивлиги билан қўрқитадиган бола аста-секин янада агрессивроқ бўла боради. Кўпроқ жазо ўриндиғида ўтирадиган агрессив хоккейчилар ўз командаларига агрессив эмас хоккейчиларга нисбатан кўпроқ очко келтирадилар. Жамоавий зўравонликлар одатда хукуматнинг ён беришига сабаб бўлади. Террористик ҳаракатлар ҳам шу тамойилга асосланади. «Бир одамни ўлдирсанг – ўн мингини қўрқитасан» - дейилади, қадимги Хитой мақолида.