АГРЕССИЯГА ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ ОМИЛЛАР
Тадқиқотларда аниқланишича агрессив реакциялар механизмини ишга соладиган қуйидаги омиллар мавжуд: аверсив ҳолатлар (оғриқ, чидаб бўлмас жазирама иссиқ, ҳужумкор ҳулқ, тиқилинч), ҳаяжон, оммавий маданият ва гуруҳий контекст.
Оғриқ одамларда агрессияни кучайтиради. Ҳар биримиз бошимиз қаттиқ оғриганда, ёки оёғимизнинг катта бармоғини уриб олганимизда шунга ўхшаш реакцияни эслашимиз мумкин. Ҳар қандай аверсив ҳодиса, у амалга ошмаган умид бўладими, шахсий ҳақорат ёки жисмоний оғриқ бўладими, эмоционал портлашга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари ёқимсиз ҳид, тамаки тутуни, ҳавонинг ифлосланиши ҳам агрессив ҳулққа сабаб бўлиши мумкин.
Бошқа одамнинг ҳужумкор ҳулқи, масалан, жисмоний оғриқ етказиш ёки ҳақорат агрессиянинг энг кучли қўзғовчилари ҳисобланади. Атайин ҳақоратлаш, оғриқ етказиш қасд олиш ниятидаги жавоб реакциясига сабаб бўлиши мумкин.
Тиқилинч – битта одамга тўғри келадиган фазонинг етарли эмаслигини субъектив ҳис қилиш демакдир. Тиқилинч стрессоген омил ҳисобланади. Автобусдаги ур – йиқит, автомобил йўлидаги пробкада имиллаб юриш, ўринлар тиқилинчлиги вазиятнинг назорат қилиб бўлмаслиги ҳиссининг юзага келишига сабаб бўлади.
Айни пайтдаги физиологик қўзғалиш у ёки бу эмоцияни, одам ўзидаги қўзғалишни қандай изоҳлашига қараб турлича озиқлантиради. Ташқи ҳолат инсоннинг ички тузилишига боғлиқ, яъни ташқи таъсирнинг ижобий ёки салбийлиги биз уни қандай акс эттиришимизга боғлиқ. Умуман олганда қўзғолиш, ҳаяжон эмоцияларни кучайтиради.
Алькоголь, индивидуализм, бойликнинг қудрати билан қашшоқликнинг ночорлиги ўртасидаги фарқнинг кучайиши, тўла бўлмаган оилалар, отасиз ўсаётган болалар, оммавий маданият асарларидаги зўравонлик ва жинсий мажбурлаш, қонли ва очиқ шармандали саҳналар агрессиянинг намоён бўлиши, зўравонликнинг ортишига сабаб бўлиши мумкин.
«Тез» ва ҳеч қандай мажбурият юкламайдига секс саҳналари акс эттирилган эротик фильмларни кўплаб маротаба кўриш бир неча оқибатларга сабаб бўлади: жинсий алоқа пайтида камроқ қўзғолган жинсий шерик жозибасизроқ бўлиб туюлади; никоҳсиз жинсий алоқаларга одатланиш ортади ва аёл ҳар доим жинсий алоқага тайёр деган тасаввур мустаҳкамланади; эркак аёлни биринчи навбатда сексуал объект сифатида идрок қила бошлайди.
Зўравонлик кучли акс эттирилган фильмларни доимий томоша қиладиганлар эса аста-секин қотиллик ва зўрлаш саҳналарига бефарқ бўла бошлайдилар, шундай фильмларни томоша қилганлар оиладаги зўравонликларни оддий ҳол сифатида, бошқаларга етказилган заҳматни унчалик муҳим бўлмаган ҳодиса сифатида баҳолай бошлайдилар.
Ҳулқнинг агрессив моделини кузатиш агрессияни қўзғаш ва уни намоён қилишнинг янги усулларига ўргатиши мумкин. Телевидение айнан шундай таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозир деярли ҳар бир оила ўз телевизорларига эга. Айрим оилаларда иккита ва ундан ортиқ телевизор бор, шунинг учун ота-оналар болалари битта кўрсатувни томоша қилаяпти деб ўйлашади, аслида эса улар бошқа кўрсатувни томоша қилишади. Ўртача оилада бир кунда телевизор 7 соат ишлайди. Аёллар эркакларга нисбатан, мактабгача ёшдагилар ва нафақахўрлар – ўқувчилар ва ишлайдиганларга нисбатан, ўрта маълумотлилар олий маълумотлиларга нисбатан кўпроқ кўрсатувларни томоша қилишади. Бу соатларда ижтимоий ҳулқнинг қандай типлари моделлаштирилади? Америкалик психолог Джорд Гербнер шундай ёзади: «Инсоният тарихида бундан ҳам қонхўрроқ даврлар бўлган, лекин уларнинг ҳеч бири бизникига ўхшаб шу даражада зўравонлик образи билан суғорилмаган эди. Ким билади, бу кўриниб турувчи, ҳар бир уйга липиллаб турган телевизор экранлари орқали шафқатсизликнинг қойилмақом ўйлаб топилган саҳнаси кўринишида оқиб кираётган зўравонликнинг ёвуз оқими бизни қаёққа олиб кетади?»
Қамоқхонада сақланаётган 208 та маҳбуслар иштирок этган сўровда ҳар 10 кишидан 9 таси жиноятлар ҳақидаги теледастурлар янги жиноий усулларга ўргатади деб тасдиқлашган. Ҳар 10 тадан 4 таси эса қачонлардир телевизорда кўрган жиноятларни такрорлаб кўришганини айтишган.
Ўқувчилар психологиясини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар ҳақиқатан ҳам телекўрсатувлар агрессивлик даражасининг ортишига ижобий таъсир қилишини кўрсатади. Леонард Ирон ва Роуэлл Хюсманлар 835 та 8 ёшли болаларда зўравонлик саҳналарини доимий кўриш уларда агрессивлик билан ижобий корреляция (ўзаро боғлиқлик) қилинишини аниқлаганлар. Улар бу болаларни 19 ёшларида қайта текширганларида 8 ёшда жангари фильмларни кўриш 19 ёшда агрессивликка сабаб бўлишини аниқлаганлар, лекин 8 ёшда боладаги агрессивлик 19 ёшда жангари фильмларга муккасидан кетишга сабаб бўлмаган. Бу шуни англатадики, агрессивлик жангари фильмларга ишқибозликка эмас, аксинча жангари фильмлар агрессив мойилликка сабаб бўлади. Чикагода 758 та ва Финляндияда 210 та ўсмирлар ўртасида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, болалигида жангари фильмларни кўп томоша қилганларда 30 ёшида жиддий жиноятларни содир қилиш эҳтимоли кўпроқ бўлади.
Канада ва АҚШда 1957 ва 1974 йиллар оралиғида телевидениенинг кенг тарқалиши билан қотилликлар сони икки баробар ортган. Платон «Республика» асарида шундай ёзган эди: «Наҳотки биз болаларимиз ҳар ким томонидан ўйлаб топилган ва улар катта бўлганларида дуч келадиган ҳақиқатга зид ҳамда қарама-қарши бўлган афсоналарни эшитиб, руҳан идрок қилишларига йўл қўйсак?».
Тадқиқотчилар корреляцион ва экспериментал исботларнинг мос келишини ҳисобга олиб, нима учун зўравонликни кузатиш шундай натижага олиб келишининг учта имкониятини ҳисоблаб чиққанлар. Биринчи эҳтимоллик шундаки ижтимоий зўравонлик зўравонликни кузатиш йўли туфайли эмас, балки зўравонликни кузатишдан пайдо бўладиган қўзғалиш туфайли юзага чиқади. Иккинчи эҳтимоллик шундан иборатки, зўравонликни кузатиш агрессивликнинг тормозланишини бартараф қилади. Учинчидан зўравонликни оммавий маданиятда акс эттириш тақлид қилишга сабаб бўлади. Телевидение томошабинларни кўрган нарсасини такрорлашга ундайди. Қўполлик назокатга, мулойимликка қараганда 4 баравар кўпроқ намойиш қилинади. Умуман олганда телевидение кўпроқ нореал дунёни акс эттиради.
Телекўрсатувларда полициячилар деярли ҳар бир эпизодда ўқ узишади, реал ҳаётда эса, масалан, Чикагода ҳақиқий полициячи шахсий қуролидан ўртача 27 йилда бир марта ўқ узади. «Ҳар қандай телевидение билим беради. Гап фақат унинг нимага ўргатишида».
Do'stlaringiz bilan baham: |