Ошловчи моддалар - ҳужайра шираси таркибида ошловчи органик моддалардан танинлар учрайди. Танин сақловчи ҳужайралар поя ва илдизларини пўстлоқ қисмида (қарағай, эман, мажнунтол) пишмаган меваларида (ёнғок меваси), баргларида (чой ўсимлиги) ва бошқа органларнинг тўқималари орасида айрим-айрим ёки кичик гуруҳлар ташкил қилиб тартибсиз жойлашадилар. Ҳужайра ўлганда бу моддалар оксидланиб ҳужайра кобиғига шимилиб унга тўқ жигарранг беради. Ошловчи моддалар антисептик хусусиятига эга бўлиб, ўсимликларни инфекциялардан сақлайди. Танинларнинг техник аҳамияти - ҳайвон терилари ошлашда қўлланишидир.
Физиологик актив моддалар. Физиологик актив моддалар ҳужайраларда ва бир бутун организмда ҳаётий жараёнларининг нормада кетишини таъминлайди. Буларга ҳужайра протопластининг ҳосиласи бўлган ферментлар, витаминлар, фитогормонлар, антибиотиклар, фитонцидлар ва ингибиторлар киради.
Ферментлар. Оқсил табиатли мураккаб моддалар бўлиб, ҳужайрада биокимёвий жараёнларни қўзғатувчи, тезлаштирувчи биологик катализаторлар ҳисобланади. Нафас олиш, фотосинтез, оқсилларнинг синтези ва парчаланиш каби муҳим ҳаётий жараёнлар айрим ферментлар таъсирида вужудга келади. Ферментларнинг таъсири уларнинг биологик таркибига боғлиқ бўлиб, уларсиз нормал метаболизм жараёнлари бормайди. Ферментларнинг асосий хусусиятларидан бири тирик ҳужайрасиз муҳитда ҳам ўзининг актив хоссасини сақлаб қолишдир. Шу хусусиятларига асосланиб ферментлар озиқ-овқат саноатида ишлатилади.
Витаминлар. Ўсимликлар организмида пайдо бўладиган турли кимёвий табиатга эга бўлган органик моддалардир. Улар одам ва ҳайвон организмидаги физиологик, биокимёвий жараёнларни нормал кетишини таъминлайди. Витаминлар ферментлар билан биргаликда ҳужайра ичидаги энергия ўзгаришларини тартибга солиб туради, баъзи витаминлар ферментларнинг таркибига ҳам киради.
Ҳозирги вақтда жуда кўп витаминларнинг хиллари аниқ бўлиб, улар организмга турлича таъсир кўрсатади. Витамин В1 илдизларнинг ўсишини тезлаштиради, витамин С уруғларнинг унишига ёрдам беради, нафас олишини бир текисда боришини таъминлайди.
Гармонлар. Ўсимлик ҳужайраси протопластларининг ҳосиласи бўлган гармонларга фитогормонлар дейилади. Гармонлар ўсимликларнинг ўсиши, кўпайиши, ҳужайраларнинг бўлиниши каби турли физиологик жараёнларни кучайтирадиган моддалар гуруҳларидир. Асосий гармонлардан бири ауксинлар бўлиб, ўсимлик органларининг ўсиш қисмларидаги ҳужайраларга кислород ва озиқа моддаларнинг боришини кучайтириб, ўсишга қулай шароит туғдиради.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигида ўсимликларнинг қаламчаларини ўсишини тезлатишда, ғунчаларнинг ва меваларнинг тўкилишини олдини олишда, уруғ махсулотларини оширишда сунъий йўл билан олинган гетероауксин гармонлари кўплаб қўлланилмоқда. Хаттоки, Гибберлин гармонидан фойдаланиб икки йиллик – сабзи, лавлаги, карам каби ўсимликларни бир йилда ҳосилини олиш мумкинлиги тажрибада тасдиқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |