3. Олинган натижаларнинг илмий таҳлили
Соғин сигирларда минерал моддалар алмашинуви бузилишалари сабаблари, ривожланиш механизми, қондаги морфобиокимёвий ўзгаришларни ўрганиш мақсадида Фарғона вилояти, Бағдод туманидаги «Ғофуржон Дехқон» фермер хўжалигидаги соғин сигирларда профессор И.Г.Шарабрин (1980) тавсия этган қўлланма асосида диспансер тадқиқотлар ўтказилди.
Сигирлар қишки рационидаги кўп энергия сарфи билан ҳазмланадиган клетчатканинг миқдори меъёрдаги 3380 г ўрнига 4825 граммни ташкил этди ва клетчатканинг 35,8 фоизи макка силоси, 26,9 фоизи пахта шелухаси ҳиссасига тўғри келди. Пахта шелухаси таркибидаги клетчатка лигнинланганлиги сабабли қийин ҳазмланади ва ўз навбатида энергия танқислигининг кучайишига сабаб бўлади [Норбоев Қ.Н., 1996, Abou Donia M.S., Mohamed B.1987].
Хўжаликдаги сигирлар рациони силос-концентрат типида эканлиги билан характерланиб, озиқлантириш меъёрларига нисбатан 1,04 озиқа бирлигининг камлиги қайд этилди. Рациондаги ҳазмланувчи протеин 1107 граммни, у билан таъминланиш 110,7 фоизни ташкил этди. Рационнинг бир озиқа бирлигига 124 ҳазмланувчи протеин тўғри келди. Озиқлантириш меъёрлари бўйича 1 кг озиқа бирлигига 100-110 г ҳазмланувчи протеиннинг тўғри келиши энг оптимал миқдор ҳисобланади. Рационнинг 1 озиқа бирлигига 120 граммдан кўп ва 80 граммдан кам ҳазмланувчи протеиннинг тўғри келиши катта қориндаги микрофлораларнинг целлюлозалитик фаолигининг пасайишига сабаб бўлади [Кондрахин И.П. 1989, Курилов В.Н. 1971, А.П.Калашников, В.И.Фисинина, Н.И.Клейменова 2003].
Рационнинг асосий қисмини ташкил этадиган пахта шелухаси ва шроти таркибида ҳазмланувчи протеиннинг кўп бўлиши (ўртача 6,14-55,0%) билан бир қаторда бу озиқалар таркибида ҳайвонлар учун заҳарли ҳисобланган гиссипол алкалоидининг концентрацияси 1 кг қуруқ моддада 0,020-0,046% гача етиши мумкин. Шунинг учун ҳайвонларга узоқ вақт пахта шелухаси ва шроти берилиши уларнинг сурункали заҳарланишига сабаб бўлади [Норбоев К.Н. 1991, Hoffer A.R. 1983].
Рационда қанд-оқсил нисбатининг пасайиши озиқаларни катта қоринда ҳазмланишининг ёмонлашиши, катта қорин суюқлиги муҳитининг ўзгариши ва учувчи ёғ кислоталари ўзаро нисбатларининг бузилиши, ҳамда организмда ацидоз ҳолатининг вужудга келишига сабаб бўлади [Хмельков Я.Т., 2006].
Соғин сигирларнинг 80-85 фоизида ошқозон олди бўлимлари ҳаракатининг сусайиши ва кучсиз бўлишини сигирлар йил давомида бир жойда сақланиши ва бир томонлама силос-концентрат типда озиқлантирилиши ҳамда ацидоз ҳолати, витамин ва минерал моддалар етишмаслиги оқибатида катта қориндаги микрофлоралар фаолиятининг пасайиши ва рационда клетчатка миқдорининг кўплиги, қандни эса етишмаслиги (меъёрдаги 900 г ўрнига 267,9 г) билан изоҳлаймиз. Рационда клетчатканинг ортиқчалиги ва енгил ҳазмланувчи углеводларнинг етишмовчилиги катта қорин гипотонияси ва ундаги учувчи ёғ кислоталари нисбатларининг ўзгаришига олиб келиши, яъни сирка ва пропион кислоталарининг концентрацияси камайиб, мой кислотаси концентрациясининг эса ортиши, натижада инфузориялар фаолиятининг ва сонининг камайиши ва катта қорин девори сўрғичларининг дистрофияси кузатилиши [Хмельков Я.Т., 2006, Драганов И.Ф. 1992, Норбоев К.Н. 1991] маълумотларида ҳам келтирилган.
Катта қоринда микрофлораларнинг ҳаёти ва ўзаро симбионтлиги учун катта қорин муҳити 6,0-7,0 гача бўлса энг қўлай шароит ҳисобланади. Катта қорин ацидозида ва рационда клетчатка ортиқча бўлганда амилолитик бактериялар фаолияти сусаяди [Павлов М.Е. 1998, Янович В.Т. 2000].
Сигирлар рационидаги каротиннинг миқдори 227 мг ни, у билан таъминланиш 50,4 фоизни ташкил этди. Рационда каротиннинг танқислиги ретинолнинг организмда эндоген синтези ва заҳираларининг камайиши ва оқибатда модда алмашинувларининг издан чиқиши, ҳамда ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин [Попов С. 2000, Самохин В.Т., Ермолева Т.Г. 2000].
Рационнинг минерал қисми кальцийни 17,3 граммга ортиқчалиги, фосфорни эса 2,7 граммга камлиги билан характерланди. Фосфор - кальций нисбати меъёрдаги 1:2 ўрнига 0,43 ни ташкил этди. Макроэлементларнинг бундай нисбатларда бўлишида уларнинг ичакларда сўрилишининг ёмонлашиши ва суяклардаги заҳираларининг камайиши ҳамда ҳайвонларда остеодистрофия касаллигининг ривожланиши тўғрисида адабиётларда маълумотлар келтирилган [Авзалов Р.Х., Гущин П.Я. 2006, Байматов В.Н., Исмагилова Э.Р. 2000, Кондрахин И.П. 1989, Кондрахин И.П. 1989,]. Ҳайвонлар рационида кальцийнинг ортиқча бўлиши қолқонолди бези функцияларининг ва қондаги кальций миқдорининг пасайишига сабаб бўлади [Matsui T. 1982, Кондрахин И.П. 2005].
Сигирлар рационининг такомиллашмаганлиги ва бир томонлама силос-концентрат типда бўлиши, катта қорин суюқлиги кислоталигининг ортиши микрофлоралар фаолиятининг пасайиши ва озиқалар ҳазмланиши ҳамда учувчи ёғ кислоталари ўзаро нисбатларининг бузилишига сабаб бўлади. Катта қоринда учувчи ёғ кислоталарининг (УЁК) дисбаланси оқибатида кўплаб оралиқ маҳсулотлар ва кетон таначалари ҳосил бўлади. Бу ўз навбатида кетогенез жараёнини кучайиши, организмда ацидоз ҳолати ва субклиник кетознинг ривожланиши, минерал модда алмашинувларининг бузилиши келиб чиқишида асосий этиологик омиллар ҳисобланади. Бир гуруҳ олимлар [Кондрахин И.П. 1989, Кондрахин И.П. 2005, Самохин В.Т.2005, Сапожников А.Ф. 2005] ҳам минерал моддалар алмашинуви бузилиши сабабларини худди шундай изоҳлашган.
Соғин сигирларда иккиламчи минерал моддалар алмашинуви бузилишларининг ривожланиш механизми, клиник белгилари ва қондаги ўзгаришларни ўрганиш мақсадида диспансер текширишлар ўтказилди.
Диспансер текширишлар давомида сигирларнинг тана ҳарорати, юрак уриши ва нафас сони ҳамда ошқозон олди бўлимларининг ҳаракати аниқланди. Хўжаликдаги соғин сигирларнинг 60% да (лизуха) иштаҳанинг ўзгариши, 80% да (анемия) шиллиқ пардаларнинг оқариши, 60% ҳайвонда ошқозон олди бўлимлари гипотонияси, деярли ҳамма сигирларда кесувчи тишларнинг қимирлаши, охирги дум умуртқаларининг сўрилиши каби витамин ва минерал моддалар алмашинуви бўзилишларига хос клиник белгилар кузатилди.
Соғин сигирларда лизуха кузатилиши улар организмида бир вақтнинг ўзида бир неча макро- ва микроэлементлар алмашинуви бузилишларидан далолат беради [И.П.Кондрахин, 2005, В.Т.Самохин, 1981, 2000].
Текширишлар давомида хўжаликдаги сутдан чиқарилган сигирларнинг тана ҳарорати физиологик меъёрлар чегарасида бўлиб, бир дақиқадаги нафас сони текширишларнинг бошида ўртача 22,2±1,16 мартани ташкил этган бўлса бу кўрсаткич текширишларнинг охирига келиб ўртача 27,2±3,7 мартагача кўпайганлиги (Меъёр 1 дақиқада 12-25 марта) аниқланди. Юрак уриши сонининг дастлаб физиологик меъёрларнинг юқориги чегарасида (ўртача 1 дақиқада 72,1±5,5 марта) текширишларнинг охирига келиб, (ўртача 1 дақиқада - 80,5±3,5 марта) бўлиши (меъёр - 1 дақиқада 60-80 марта) қайд этилди.
Ошқозон олди бўлимларининг 2 дақиқадаги қисқаришлари сони текширишлар бошида ўртача - 3,1±2,2 мартани (меъёр 2 дақиқада3-5 марта), ташкил этиб, охирида ўртача 2,8±3,6 мартага камайиши кузатилди.
Соғин сигирларда ошқозон олди бўлимлари гипотонияси кузатилишини уларни йил давомида бир жойда сақланиши ва бир томонлама силос-концентрат типда озиқлантирилиши ҳамда макро- ва микроэлементларнинг етишмаслиги оқибатида катта қориндаги микрофлоралар фаолиятининг пасайиши билан изоҳлаш мумкин.
Адабиётларда [Хмельков Я.Т., 2006] иккиламчи остеодистрофия балан касалланган сигирларда ошқозон олди бўлимларининг 5 дақиқадаги қисқаришлари сонининг 7,4±0,2 мартагача камайиши маълум қилинади.
Сигирларда клиник-физиологик текширишлар ўтказиш билан шундай хулосага келдикки, уларда макро- ва микроэлементлар алмашинуви бузилишлари шиллиқ пардаларнинг оқариши, иштаҳанинг ўзгариши, ошқозон олди бўлимларининг гипотонияси, ҳаракат аъзолари, тери ва тери қопламасида ўзгаришлар кузатилиши, охирги дум умуртқаларининг сўрилиши, кесувчи тишларнинг қимирлаши каби белгилар билан кечади. Бу маълумотлар [Кондрахин И.П., Левченко В.И. 2005, Лигомина И.П. 2003, Erbel R, Schmermund A, 2004] хулосаларига тўлиқ мос келади.
Сигирларда текширишларнинг охирига келиб, тажриба бошидаги кўрсаткичларга нисбатан эритроцитлар сонининг ўртача 0,14 млн/мкл, гемоглобинни - 23,3 г/л га камайиши кузатилди. Сигирларда минерал моддалар алмашинуви бузилишлари қондаги гемоглобин миқдорининг 80 г/л гача камайиши билан кечиши қайд этилган [Самохин В.Т. 2000].
Бу кўрсаткичлардан хўжаликдаги сутдан чиқарилган сигирларда асосан гемоглобин концентрациясининг камайиши ва шунингдек, эритроцитлар сонининг ҳам камайиши билан ўтадиган камқонлик кузатилишидан далолат беради. Адабиётларда [Байматов В.Н., Исмагилова Э.Р. 2000, Иванов В.Н. 2003] ҳам ҳайвонларда макро- ва микроэлементлар етишмовчилигида эритроцитлар сонининг камайиши ҳамда гемоглобин синтезининг бузилиши тўғрисида маълумотлар келтирилган.
Қондаги глюкоза миқдори текширишларнинг бошида физиологик меъёрлардан анча кам бўлиб, текширишларнинг охирига келиб, бу кўрсаткичнинг ўртача 0,21 ммоль/л гача камайиши қайд этилди. Кавшовчи ҳайвонлар организмида глюкозага бўлган талабининг 10 фоизи ошқозон-ичак каналидан сўрилиши ҳисобига бўлса, 90 фоизи глюконеогенез йўли билан қондирилади. Катта қоринда кислоталик муҳитни ошиши, учувчи ёғ кислоталарининг дисбалансига ва глюконеогенез жараёнини сусайишига сабаб бўлади [Алиев А.А. 1997].
Cигирлар қонидаги глюкоза миқдорининг лактация давомида камайиб боришини улар организмининг энергияга нисбатан эҳтиёжларининг қондирилиш даражасини пасайиши билан изоҳлаш мумкин. Илмий манбаларда [Байматов В.Н. 1981, Вячеслав А.П. 1987, И.П.Кондрахин. 1981] ҳам худди шундай маълумотлар берилган.
Текширишлар давомида қон зардобидаги каротин миқдорининг лактацияни охирлашиб бориши билан камайиши кузатилди. Текширишларнинг охирига келиб, дастлабки кўрсаткичларга нисбатан ўртача 0,240 мг% га камайганлиги қайд этилди.
Сигирлар қон зардобидаги каротиннинг миқдори лактациянинг охирлашиб бориши камайиб боришини рационидаги ширали озиқалар ва пичанларнинг етишмаслиги ва сифатсиз силос, сенаж берилиши билан изоҳлаш мумкин. Силосланиш жараёнида силос таркибидаги каротиннинг активлиги пасайиб кетади, натижада ҳайвонларни каротинга бўлган эҳтиёжлари тўлиқ қондирилмайди [Иванов Г.И., Григорьева Т.Е. 1992].
Бўғоз сигирларда макроэлементлар алмашинуви барча хўжаликлардаги сигирларда қондаги умумий кальций ва анорганик фосфор миқдорларининг сигирлар бўғозлигининг охирги даврларигача камайиб бориши билан характерланди. Текширишларнинг охирига келиб, бўғоз сигирлар қон зардобидаги умумий кальций миқдори ўртача - 2,19 ммоль/л.ни (меъёр- 2,50-3,13 ммоль/л), анорганик фосфор - 1,24 ммоль/л.ни (меъёр- 1,45-1,94 ммоль/л) ташкил этди.
Физиологик меъёрларга нисбатан умумий кальций ва анорганик фосфор миқдорининг камайиши хўжаликдаги сигирлар рационида кальцийнинг ортиқча бўлишига қарамасдан микроэлементларнинг етишмовчилиги туфайли унинг сўрилишини ёмонлашиши, иккинчи хўжаликдаги сигирлар рационида анорганик фосфор ва микроэлементларнинг етишмовчилиги билан изоҳлаш мумкин.
Қон зардобидаги миснинг миқдори текширишлар давомида хўжаликдаги бўғоз сигирларда физиологик меъёрлардан анча кам бўлиб, ўртача 9,43±0,41 - 8,2±0,40 мкмоль/л ни ташкил этди (меъёр - 14,1-17,3 мкмоль/л).
Хўжаликдаги сутдан чиқарилган сигирлар қонидаги кобальт миқдори ўртача 0,26±0,02 - 0,16±0,03 мкмоль/л. ни (меъёр - 0,51-0,85 мкмоль/л) ташкил этди. Хўжаликдаги барча сигирларда қондаги кобальт миқдорининг текширишлар давомида камайиб бориши кузатилди. Бу ҳолатни бўғозликнинг охирлашиб боришида сигирлар организмидаги кобальт элементи заҳираларини ҳам камайиб бориши билан изоҳлаш мумкин. Манбаларда (Я.Т.Хмелков, 2006, Б.М.Эшбуриев, 2009) сигирлар бўғозлигининг 8-, 9- ойларига келиб қондаги мис, рух, кобальт каби микроэлементларнинг камайиши тўғрисида маълумотлар келтирилган.
Сигирлар қонидаги марганецнинг миқдори текширишлар давомида физиологик меъёрлардан анча кам бўлиб, (меъёр- 2,73-4,55 мкмоль/л) текширишлар бошида ўртача 2,96±0,05 ва охирида 2,16±0,23 мкмоль/л. ни ташкил этди. Бу кўрсаткичлардан хўжаликдаги сигирларда марганец етишмовчилигини кучли даражада кузатилиши маълум бўлади.
Текширишларнинг охирига келиб, сигирлар қонидаги рух миқдорининг ўртача 26,4±1,6 мкмоль/л. гача камайиши характерли бўлди. Бу маълумотлар кўпгина олимларнинг (И.П.Кондрахин., 1981, 2005, В.Т. Самохин 2004, Зокиров И.Т. 1988, Кабыш А.А. 2007) хулосаларига тўлиқ мос келади.
Диспансер текширишлар ўтказиш билан шундай хулосага келдикки, сутдан чиқарилган сигирларда минерал моддалар алмашинуви бузилишлари келиб чиқишида рационнинг такомиллашмаганлиги, озиқалар ҳазмланишининг бузилиши, сигирлар организмининг тўйимли, биологик фаол ва минерал моддаларга нисбатан эҳтиёжларини тўлиқ қондирмаслиги, қанд-протеин ва фосфор-кальций нисбатларининг пастлиги, фаол ҳаракат ва қуёш нурларининг етишмаслиги кабилар асосий этиологик омиллар ҳисобланади. Бу хулосалар кўпгина олимларнинг [Кондрахин И.П. 1979, 2000, 2005, Влизло В.В 1996] маълумотларига тўлиғича мос келади.
Соғин сигирларда минерал моддалар алмашинуви бузилиши касалликларининг сабаблари ва кечиш хусусиятларини ҳар томонлама ўрганиш ушбу касалликни олдини олишда кенг қўлланиладиган профилактик аралашмани яратиш лозимлигини кўрсатди. Шу мақсадда профилактик воситаларнинг сигирлар организмига таъсири, уларни танлаш ва иқтисодий самарадорлигини аниқлаш мақсадида тажрибалар ўтказилди.
Тажрибаларда хўжаликдаги сутдан чиқарилган 7- ойлик бўғозликдаги голштинлаштирилган қора-ола зотли 4-5 яшар сигирлардан 10 бош ўхшаш жуфтликлар тамойили асосида ажратилиб, уларни 5 бошдан икки гуруҳга бўлдик. 1- гуруҳ биринчи тажриба гуруҳи, 2- гуруҳ назорат гуруҳи қилиб белгиланди. Биринчи тажриба гуруҳидаги сигирларга озиқа рационига қўшимча равишда ҳар куни бир бошга 80 г ЛПП (витаминли минералли премикс) , 50 г монокалъсийфосфат ва 50 г ош тузи, Рекс витал аминокислоты препаратидан ҳар бир бош ҳайвонга бир кунда 20 грамдан 5 кун давомида (15 кун танаффуси билан), жами 25 кун берилди.
Иккинчи назорат гуруҳидаги сигирлар фақат хўжалик рационида озиқлантирилд. Тажрибалар бўғозлик даврининг охирги уч ойида яъни 90 кун давом этди.
Тажрибаларимизни бошлашдан аввал тажриба ва назорат гуруҳларидаги сигирлар клиник-физиологик кўрсаткичлари минерал моддалар алмашинуви бузилиши хос клиник белгилар билан тавсифланган бўлса, тажрибаларнинг охирига келиб, тажриба гуруҳидаги сигирларда иштаҳанинг яхшиланиши, маҳсулдорликнинг ошиши, назорат гуруҳидаги сигирларда эса иштаҳанинг ўзгариши, шиллиқ пардаларнинг оқариши, ошқозон олди бўлимларининг гипотонияси, кесувчи тишларнинг қимирлаши, туёқлар ялтироқлигининг пасайиши, охирги дум умуртқаларининг турли даражада сўрилиши қайд этилди. Бу хулосалар муаллифларнинг [И.П.Кондрахин 2000, 2005, Кабыш А.А. 2007, Григорьева Г.Е., Иванов Г.И. 1990, Б.М.Эшбуриев 2009] илмий тадқиқотларида ҳам ўз исботини топган. Биринчи тажриба гуруҳидаги сигирлар қонидаги эритроцитлар сони тажрибаларнинг охирига келиб, ўртача 5,84±2,0 млн/мкл га ошганлиги, назорат гуруҳида эса 4,41±1,3 млн/мкл га камайиши кузатилди. Гемоглобин миқдори тажрибаларнинг охирига келиб, биринчи тажриба гуруҳида ўртача 107,5±13,3 г/л, назорат гуруҳида 81,5±3,9 г/л, глюкоза биринчи тажриба гуруҳида ўртача 2,60±0,11 ммоль/л, назорат гуруҳида 1,89±0,15 ммоль/л, қон зардобидаги умумий оқсил миқдори биринчи тажриба гуруҳида ўртача 82,9±4,0 г/л, назорат гуруҳида эса 64,5±4,5 г/л, каротин миқдори биринчи гуруҳда ўртача 0,696±0,74 мг%, назорат гуруҳида 0,348±0,93 мг%, ни ташкил этди. Бу кўрсаткичлардан маълумки тажриба гуруҳига қўлланилган препаратларнинг сигирлар организмига ижобий таьсир этганлигидан далолат беради.
Соғин сигирлар қонидаги макро- ва микроэлементлар миқдори тажрибаларнинг охирига келиб, биринчи тажриба гуруҳида умумий кальций миқдори ўртача 2,46±0,21 ммоль/л, назорат гуруҳида 1,98±0,14 ммоль/л ни ташкил этган бўлса, анорганик фосфор шунга мос равишда 1,44±0,17 ммоль/л, ва 1,21±0,19 ммоль/л, мис 12,3±0,57 мкмоль/л, ва 9,2±0,40 мкмоль/л, кобальт 0,38±0,23 мкмоль/л, ва 0,21±0,24 мкмоль/л, марганец 2,71±0,17 мкмоль/л, ва 1,96±0,14 мкмоль/л, рух 43,8±2,1 мкмоль/л, ва 29,5±1,5 мкмоль/л, ни ташкил этди.
Бу маълумотлар олимларнинг [Иноземцев В.П. 2000, Иванов В.И., Кузнецов А.И., Петров Ю.Ф. 1994] тадқиқотлари натижаларига мос келади.
Тажрибаларнинг охирига келиб, тажриба гуруҳидаги сигирларда клиник-физиологик, гемотологик кўрсаткичларининг меъёрлар даражасида яхшиланиши ҳамда улардан туғилган бузоқлар соғлом бўлиб, тана вазни назорат гуруҳига нисбатан юқори бўлиши кузатилди. Олимлар [Кондрахин И.П. 1981, Самохин В.Т., Ермолева Т.Г., Рецкий М.И., Шушлебин В.И., Погребняк О.В. 2004, Мерзленко.Р.А., 2005] ҳам гуруҳли профилактик воситалар сифатида микроэлементлар ва витаминлардан иборат аралашмаларни қўллашнинг самарадорлиги юқори бўлишини таъкидлайдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |