ДПМ ва санаторий-курорт муассасаларида парҳез овқатланишини ташкил этишга талаблар. Парҳез (даволовчи) овқатланишни тўғри ташкил этиш рационал овқатланишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Парҳез овқатланишнинг ташкил этилиши ва у соғлиқни сақлаш муассасасининг барча бўлинмаларида бир хилда қўлланилиши учун шифокор-парҳезшунос (диетолог) масъулдир. У парҳез ҳамшираларига раҳбарлик қилади, овқатланиш блоки ишини назорат қилади.
Ётоқ жойлари сони 100 ва ундан юқори бўлган ДПМда парҳез овқатланиши бўйича кенгаш ташкил этилади ва у маслаҳат ташкилоти бўлади. Унинг таркибига кирувчилар: бош шифокор (ёки унинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари), шифокор-парҳезшунос (диетолог), бўлим мудирлари – шифокорлар, анестезиолог-реаниматолог шифокор, гастроэнтеролог, терапевт, трансфузиолог, хирург (нутритив қўллаб- қувватлаш бригадаси аъзолари), бош шифокорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари, парҳез ҳамширалари, хўжалик бошқарувчиси (ёки бош ошпаз). Заруратга қараб кенгаш йиғилишига ДПМнинг бошқа мутахассислари ҳам жалб этилиши мумкин.
Парҳез овқатланиши бўйича кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардир: ДПМда парҳез овқатланишини ташкил этишни такомиллаштириш; профилактика, парҳез ва энтерал овқатланиш бўйича янги технологияларни тадбиқ этиш; ушбу соғлиқни сақлаш муассасасида тадбиқ этилиши лозим бўлган энтерал овқатланиш учун аралашмалар ва
парҳезлар номенклатурасини тасдиқлаш; етти кунлик таомномани тасдиқлаш; турли касалликларда парҳез овқатланишини ташкил этиш ва парҳез муолажаси (диетотерапия) самарадорлиги таҳлилини назорат қилиш. ДПМ даги парҳез овқатланиши даволаш жараёнининг асосий қисми бўлиб, асосий муолажа тадбирлари сирасига киради.
Ҳар бир ДПМда доимий таъсир этувчи парҳезларнинг номенклатураси унинг йўналишига мос равишда ўрнатилади ва парҳез овқатланиши кенгашида тасдиқланади. Барча ДПМ да камида тўрт марталик овқатланиш тартиби ўрнатилади, кўрсатмаларга кўра баъзи бўлимлар ёки алоҳида касаллар тоифаси (ўн икки бармоқли ичак яраси касаллиги, ошқозонда жарроҳлик операцияси ўтказилганда, қандли диабетда ва бошқаларда) нисбатан кўпроқ овқатланиш тартиблари қўлланилади. Овқатланиш тартиби парҳез овқатланиши кенгашида тасдиқланади.
Тавсия этилувчи ўртача кундалик озиқ-овқатлар тўплами (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади) ДПМ даги даволовчи парҳез (қўшма етти кунлик таомнома)ни тузишга асос бўлади. Овқатланиш блокида етти кунлик таомнома бўйича кўзда тутилган озиқ-овқатларнинг тўлиқ мажмуаси бўлмаган тақдирда биронта озиқ-овқат бошқаси билан алмаштирилиши (озиқ-овқатлар ўзаро алмаштирилишининг белгиланган меъёрларига мувофиқ равишда) қўлланилувчи парҳез рационларининг кимёвий таркиби ва қувватий қийматини сақлаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Ўтказиладиган парҳез муолажаси (диетотерапия)нинг тўғрилигини назорат қилиш беморлар оладиган парҳезнинг мос келишини (озиқ-овқатлар ва таомлар тўплами, тайёрлаш технологияси, кимёвий таркиби ва қувватий қиймати) қўлланилувчи парҳезларнинг тавсия этилувчи тавсифномалари ва ажратилган маблағларнинг йил чораклари бўйлаб текис тақсимланишини текшириш йўли билан амалга оширилиши лозим.
ДПМдаги умумий раҳбарликни – бош шифокор, у йўқлигида эса – даволаш қисми бўйича ўринбосари амалга оширади. Парҳез овқатланишини ташкил этиш учун шифокор-парҳезшунос (диетолог) масъул бўлади. ДПМда шифокор-парҳезшунос (диетолог) йўқ бўлган тақдирда эса бу ишни парҳез ҳамшираси амалга оширади.
ДПМ овқатланиш блокидаги тайёрлаш технологияси ва тайёр парҳез таомларининг чиқарилишини назорат қилиш учун ишлаб чиқариш мудири (бош ошпаз, катта ошпаз) масъул бўлиб, тайёр парҳез таомларининг сифатини назорат қилишни шифокор-парҳезшунос (диетолог) ёки парҳез ҳамшираси ва тайёр овқатнинг бўлимларга тарқатилиши учун руҳсат берувчи навбатчи шифокор амалга оширади. Овқатдан намуна олиш натижалари навбатчи шифокор томонидан тайёр овқат журнали (бракераж журнали)га ёзиб қўйилади. ДПМда тайёрланган ҳар бир овқатнинг икки нусхадаги тасдиқланган ёйма-варақаси бўлади: бир нусхаси – бухгалтерда, иккинчиси – парҳез ҳамширасида сақланади (варақанинг орқа тарафида таомни тайёрлаш технологияси тасвирланади).
Барча ДПМда йил бўйи тайёр овқатларни ҳар бир катта ёшли беморга 80 мг (ҳомиладор аёлларга 100 мг ва эмизикли оналарга 120 мг) аскорбат кислотаси ҳисобидан С витамини билан бойитиш амалга оширилади. С витамини билан бойитиш парҳез ҳамшираси томонидан бевосита овқатни тарқатиш олдидан (кўпроқ учинчи овқатга солинади) уларга витаминнинг ҳисоблаб тайёрланган концентрациядаги сувли эритмасини киритиш йўли билан амалга оширилади.
Лаборатория таҳлили (совуқ ва иссиқлик ишлови бериш вақтидаги йўқотишларни назарда тутган ҳолда кимёвий таркиби ва қувватий қийматини аниқлаш) учун тайёр таомларни танлаб олиш давсанэпидназоратни амалга оширишга ваколати бўлган муассасалар томонидан шифокор-парҳезшунос (диетолог) ёки парҳез ҳамшираси иштирокида режали тартибда амалга оширилади.