Физиологик эҳтиёж меъёрлари ва овқат статуси биомаркерлари. Селенга бўлган физиологик эҳтиёж даражаси аниқланмаган. Катта ёшдаги соғлом одам учун селен тушишининг 2 ... 5 мкг/сут бўлиши хавфсиз даража ҳисобланади. Ушбу элемент билан таъминланганликнинг биомаркери қон зардобидаги селен даражаси ва эритроцитлардаги глутатионпероксидаза фаоллигидир: меъёр мос равишда – 1,14 ... 1,9 мкмоль/л ва 29,6 ... 82,9
Етишмаслиги ва ошиқчалигининг сабаблари. Алиментар селен танқислиги ёки узоқ вақт мувозанатлаштирилмаган парентерал овқатланишда, ёҳуд селентанқис заминда етиштирилган ўсимлик озуқаси истеъмол қилган ашаддий вегетарианларда юз бериши мумкин. Селентанқис ҳудудларга Австралия, Янги Зеландия, АҚШнинг ғарбий штатлари (Орегона ва Калифорния), Туркия, Финляндия, Эстония, Бурятия, Карелия, Байкалорти ўлкаси, Ярославль вилояти, Чита вилояти, Хитой (40 та вилоят), Шотландия киради.
Селен етишмовчилиги, шунингдек, Крон касаллигининг оғир шакллари мавжуд бўлган одамларда, фенилкетонурия билан оғриган болаларда парҳезли муолажалар ўтказилаётганда ва селен ошиқча (овқатланиш ҳисобидан тўлидирилмайдиган) сарфланганда, масалан, ҳимояловчи- мослаштирувчи жараёнларда ривожланиши мумкин. Селен танқислигининг клиник манзараларига мушаклар массасининг камайиши, мушаклар заифлашуви, кардиомиопатия (юрак мушакларининг яллиғланиши ва шикастланиши) киради.
Селентанқислик ҳолатининг тасвирланган клиник шакли эндемик фатал кардиомиопатия – Кешан касаллиги бўлиб, унга аритмиялар, юрак
ўлчамларининг ошиши, миокарднинг ривожлана бориб, юрак етишмовчилигига олиб келувчи фокал некрозлари хосдир. Кешан касаллиги морфологик жиҳатдан қайтмасдир ва қўшимча селен қабул қилиш билан бартараф бўлмайди (аммо унинг олдини олиш мумкин). Сўнгги йилларда Кешан касаллигининг патогенезида инфекцион агент – Коксаки вируси катта ўрин тутиши аниқланган бўлиб, у селен танқислиги фонида кардиомиоцитларга нисбатан вирулентроқ бўлиб қолади ва вирусли миокардит ривожланишига олиб боради.
Селеннинг оптимал озуқавий статуси организмни В гепатити вируси ва ОИВдан ҳимоялашни таъминлайди, шунингдек, бир қатор ҳолларда канцерогенез кучайишининг олдини олишга имкон беради.
Тупроқда селен танқис бўлган худудларда учрайдиган яна бир клиник шакл Кашин-Бек касаллиги бўлиб, бу ҳолат тоғай тўқималаридаги дегенератив жараёнлар (остеоартрит)лар билан ифодаланади. У билан кўпроқ 5 ... 13 ёшдаги болалар касалланади. Ушбу касалликнинг этиологик омили сифатида микотоксинлар, йод танқислиги ва сифатсиз ичимлик суви кўрилади.
Селеннинг организмга ошиқча миқдорда тушиши унинг юқори даражадаги концентрациясига эга бўлган маҳсулотлар, яъни селенга бой бўлган тупроқда етиштирилган ўсимлик озуқалари орқали рўй беради. Бунақанги замин Жанубий Америкада (Бразилия, Венесуэла), Жанубий Дакота ва Небраска (АҚШ)да, шунингдек, Хитойнинг бир нечта вилоятларида учрайди. Селеннинг организмда ошиқча миқдорда бўлиши унинг таркибида селен бўлган қўшимчалар: селенометионин, натрий селенит ва натрий селенат қабул қилиш натижасида шаклланади.
Селеннинг организмга ўта кўп тушиши сезиларли токсик таъсир кўрсатади. Тирноқлар ва сочларнинг шикастланиши, тери қопламаларининг сарғиш тусга кириши, эпидермиснинг қуруқшаб туриши, дерматитлар, анемия, асаб бузилишлари, иштаҳа йўқолиши, артритлар, тишлар эмалининг шикастланиши, спленомегалия селен билан заҳарланишга хос бўлган симптомлардир. Селеннинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши тератоген таъсир кўрсатиши эҳтимоли ҳам бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |