Овқат токсикоинфекциялари ва уларнинг профилактикаси Колиформлар келтириб чиқарадиган овқат
токсикоинфекциялари. Колиформ бактериялари гуруҳи – ИТГБ кислота ва газ ҳосил қилиш билан лактозани ферментлайдиган аэроб ва факультатив аэроб грамманфий спора ҳосил қилмайдиган таёқчаларни қамраб олади. Колиформлар гуруҳига E. coli, Citrobacter, Enterobacter, Klebsiella ва Seratia лар киради. Уларнинг бари атрофи-муҳитдаги барча объектларда, шу
жумладан, инсон ичагида хаёт кечирадиган нормал сапрофит микрофлорага мансубдир. Бир қатор ҳолатларда колиформлар патогенлик хусусиятига эга бўлиб қолиши ва организмда озгина миқдорда (бир неча донадан то юзлаб микроб ҳужайраларигача) бўлганида ҳам ўткир ичак касалликларини келтириб чиқариши мумкин.
Айни пайтда ичак коли-токсикоинфекциялари, одатда, ичак таёқчалари гуруҳининг нопатоген бактериялари овқатда ўта кўп (1 миллион ҳужайрадан кўпроқ) тўпланганида ҳам юз бериши мумкин. Бунақанги шароитлар фақат озиқ-овқат объектларидаги санитария-эпидемиология тартиби қониқарсиз бўлганлигидан ёки уй ошхонасида умумий гигиена қоидаларига риоя қилинмаганида яратилиши мумкин. Ичакда кўп миқдорда колиформлар тўпланганида орадан 12 ... 24 соат ўтгач, гастроэнтерит касаллик белги (симптом)лари пайдо бўлади: кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқ ва диарея бошланади, уларга кўпинча субребрилитет ҳам қўшилади. Колиформлар асосан токсик маҳсулотлар ҳосил бўлиши ҳисобига ичаклар шиллиқ қаватига маҳаллий таъсир кўрсатади. Касаллик қисқа вақт (24 ... 36 соат) давом этади ва саломатлик учун аҳамиятли асоратлари бўлмайди.
Колиформлар туфайли пайдо бўлган овқат токсикоинфекцияларини ташҳислаш касалларнинг ажратмалари ва “айбдор” маҳсулотнинг намуналарини текшириш билан амалга оширилади. ПЦР усуллари ва пульсацияланувчи гелли майдондаги электрофорез усуллари ёрдамида энтеропатоген штаммларни қиёслаш билан озиқ-овқат объектлари ходимларида ташувчилик мавжудлиги аниқланади. Сўнгги усул ходимлар ва касалланган маҳсулот истеъмолчиларидаги штаммларнинг ўхшашлигини тезкорлик билан тасдиқлаш имконини беради.
Колиформлар сут маҳсулотлари ва иккиламчи иссиқлик ишлови берилмайдиган таомлар (салатлар, моллюскалар ва бошқалар)да нисбатан кўпроқ тўпланадилар. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар ИТГБ билан ифлосланишида инсон – озиқ-овқат объектининг шахсий ва ишлаб чиқариш гигиенасига риоя қилмайдиган ходими асосий роль ўйнайди. Айнан шу сабабли ҳам ИТГБ санитария-намунали микроорганизмлар сирасига киритиладики, улар ходимлар қўл ювган сувда, жиҳозлар ва буюмларда чекловчи миқдордан юқори даражада пайдо бўлганида, дезинфекция тадбирлари ўтказилиши ва ходимларнинг қўшимча гигиена ўқувларига жалб этилиши талаб қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |